Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:33

Ўзбек банкларидан чет эл валютасини “катталар” ва қариндошлар олмоқда


Ўзбекистондаги банкларда сўмни чет эл валютасига расмий айирбошлаш вақтинча тўхтатилгани, баъзи банкларда пул алмаштириш ёки жўнатмаларни олиш учун келганлар турнақатор навбатда турганидан фуқаролар шикоят қилаётгани тўғрисидаги хабарлар баъзи нашрларда пайдо бўлди.

Хусусан, sputnik сайтининг ёзишича, тилга олинган муаммолар “Ипак йўли” банкининг Самарқанддаги филиалида кузатилган.

“Ипак йўли”нинг Тошкентдаги бош офиси мулозимларидан бири банк филиалларда конверсион карталарга валюта тушириш билан боғлиқ муаммо борлиги эҳтимолини, Озодлик саволларига жавоб берар экан, инкор этмади.

Мутахассисларнинг айтишича, валюта айирбошлашнинг Ўзбекистонда амал қилаётган тартиби мижозларни нафақат соатлаб, балки ойлаб кутишга мажбур қилади.

“Ипак йўли” банкининг Тошкентдаги бош офиси вакили sputnik сайти хабарини Озодлик мухбиридан эшитгач, “Гап конверсион карталар билан боғлиқ муаммолар устида бораётгандир. Лекин пул жўнатмалари билан боғлиқ муаммо йўқ”, деди.

Пул жўнатмаларини адресатларга бериш билан боғлиқ муаммо чиндан ҳам йўқ эканлигини аниқладик, лекин бу масалага кейинроқ тўхталамиз.

“Ипак йўли” банкининг Самарқанд филиали билан боғланиб бўлмади.

Навбатларни Президенти қарори келтириб чиқарди?

“Ипак йўли” банки бош офисининг бошқа бир мулозими Озодликка саволларига жавобан Ўзбекистон Республикаси президенти 2013 йил, 30 январда имзолаган “Жисмоний шахсларга хорижий валютани сотиш тартибини янада либераллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни эслатиш билан чекланди.

Қарорга биноан, 2013 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг резидентлари — жисмоний шахсларга ваколатли банклар томонидан хорижий валютани халқаро тўлов карталаридан фойдаланган ҳолда нақдсиз шаклда сотиш механизми жорий этилган ва ўшандан бери чет эл валютасини сотиб олиш ҳуқуқи фақат хосларнинг – катта-кичик амалдорлару банк ходимлари қариндошларининг ҳуқуқи бўлиб қолган.

Президентнинг қароридан банкирнинг жияни фойда кўраяпти

Банк-молия масалалари бўйича тошкентлик мутахассис Тошбекнинг айтишича, “Агар тоғангиз банк раиси бўлса ёки амалдор бўлсангиз валюта олишингизда муаммо бўлмайди”.

"Америка очилганига" камида уч йил бўлди

Тошбекнинг фикрича, sputnik сайти банклардаги навбатлар тўғрисида ёзиб Америка очгани йўқ.

- Валюта олиш (сўмга сотиб олаётганингиз чет эл валютасини картангизга тушириш – таҳр.) бир йилга чўзилиши мумкин. Мен ўзим йил бошида май-июнь ойлари учун навбатга ёзилаётганларини кўрган эдим, ҳозир навбат янада чўзилган бўлиши аниқ, деди Тошбек.

Конверсион картага алмаштирилган пулни тушириш ҳатто навбат мутлақо йўқ бўлган тақдирда ҳам бир неча кунга чўзилиши тўғрисидаги маълумотларни Интернетдаги очиқ манбалардан топиш мумкин.

Валюта олиш учун 27 та имзо йиғиш лозим

Таҳририяти Ўзбекистонда жойлашган otpusk.uz сайти пул алмаштириш жараёнини қадам-ба-қадам тасвирлаб берган.

Сайт бу йўлдаги 5 та қадамни санаб ўтиб, мана бундай хулоса қилган:

“Ҳаммаси бўлиб 27 та имзо йиғасиз, 12 та атрофида ариза, контракт ва форма тўлдирасиз. Банкка 4 марта боришингизга тўғри келади. У ерда ҳаммаси бўлиб 5 – 6 соат вақт йўқотасиз: навбатда турасиз, банкнинг масъул ходимларини кутишингизга, охири йўқ қандайдир процедураларни бажаришингизга тўғри келади”, деб ёзган otpusk.uz сайти.

Пул жўнатмалари ўз вақтида берилаяпти

Чет давлатлардан жўнатилган пулларнинг ўз вақтида берилмаслиги тўғрисида Озодлик ўз вақтида фактларга таяниб хабар қилган эди. Бироқ бу гал sputnik сайтининг ваҳимаси асоссиз бўлиб чиқди.

Жўнатмаларнинг ўз вақтида мижозларга берилаётганини “Ипак йўли” банки мулозими ҳам, Банк-молия масалалари бўйича мутахассис тошкентлик мутахассис Тошбек ҳам тўла ишонч билан айтдилар.

Уларнинг гапларини Россияда ишлаётган икки меҳнат муҳожири тасдиқлади.

Тошкент вилоятидан Москвага бориб қурилишда ишлаётган йигит “Ўз вақтида олишаяпти, доллар жўнатсам, доллар олишади”, деди.

Россиялик оилада уй хизматчиси бўлиб ишлайдиган сурхондарёлик Орзигулдан ҳам шундай гап эшитдик.

“Жўнатган пулимни ўз вақтида олишади. Жўнатганимдан кейин 10-15 минут ўтиб олишади”, деди сурхондарёлик Орзигул.


XS
SM
MD
LG