Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:42

Жиззах прокуратураси 100 дан ошиқ одамни уйсиз қолдирмоқчи


Прокуратура нишонига айланган қўшбармоқликлар исталган кунда уйларига экскаватор бостириб киришидан қўрқиб яшамоқда.
Прокуратура нишонига айланган қўшбармоқликлар исталган кунда уйларига экскаватор бостириб киришидан қўрқиб яшамоқда.

Жиззах туман Қўшбармоқ фуқаролар йиғинига қарашли маҳаллалардан бирида яшовчи юздан ошиқ одам кўчада қолиш таҳдиди остида яшамоқда. Туман ҳокимлиги қарори билан камида 22 оилага уй қуриш учун ажратилган икки гектардан ошиқ ер Жиззах вилоят прокуратураси томонидан ноқонуний берилган деб топилган ва туман суди қарори билан бузилишга буюрилган. Бу уй эгалари эса ўзларининг Жиззах шаҳрига туташ маҳалладаги каттагина ерни ўзлаштиришга уринаëтган гуруҳлар қурбонига айланганини айтмоқда.

Озодликка узоқ йиллик меҳнати ҳисобига қурилган ҳовлиси бузилиш таҳдид остида қолган қўшбармоқликларнинг айтишича¸ шу кунларда прокуратура ходимлари ноқонуний қурилган деб топилган ҳовлиларга келиб¸ уй эгаларини бузилиш бошланишидан огоҳлантирмоқда.

Жиззах туман суди Қўшбармоқ маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Оқвой Ўралов кўчасида қурилган йигирмадан ошиқ ҳовлини бузиш ҳақида ўтган йилнинг август ойида қарор чиқарган.

Даъвогар сифатида судга ариза киритган Жиззах вилоят прокуратурасининг бу ерларни Жиззах туманининг ўтмишдаги ҳокимлари ноқонуний равишда қурилиш учун ажратган деган иддаоси суд томонидан қондирилган.

Қўлида ҳокимликнинг тегишли қарори бўлган бу хонадон эгалари суд-ижроия департаменти ходимлари милиция ҳамроҳлигида суд қарори билан маҳаллага борганда¸ хотин-қизлар тўполон кўтарган ва ҳатто ижрочиларга ташланган. Юзага чиққан жанжалнинг катталашиб кетишидан қўрққан маҳаллий тизимлар норозиликни бостириш учун дарҳол суднинг бошқа қарорини тақдим қилганлар. Иккинчи қарор билан Жиззах туман суди бу ҳовлиларни бузишни тўхтатишни буюрган.

Аммо қўшбармоқликларнинг Озодликка айтишича¸ можаро бу билан ечимини топмаган. 2016 йилнинг илк ҳафтасидан бошлаб яна улар жойлашган ҳудудни ўлчаш ва бузилиш бошланиши ҳақидаги расмий огоҳлантирувлар қайта бошланган.

Бузилишга тушгани ҳақидаги қарордан сўнг табиий газдан бутунлай узилганича яшаëтган бу хонадонларга улар ҳовлиси жойлашган ҳудуднинг кимга¸ нима учун керак бўлгани ҳақида бирор тушунтириш берилмаган.

“Кимдир¸ бу уйлар ўрнига катта йўл тушаркан деса¸ бошқаси¸ бу ерда касалхона қурилади¸ дейди. Касалхона қурса¸ ëнимизда катта майдонлар бор¸ ўша ерга қурмайдими? Маҳалламиз Жиззах шаҳри ҳудудига туташ. Тахминимизча¸ бу ер катталардан кимгадир керак бўлиб қолган ва уни прокуратура ва суд воситасида тортиб олишмоқчи”¸ дейди Озодликка ўз шахси сир қолиш шарти билан гапирган қўшбармоқликлардан бири.

Жиззах туман ҳокимлигига яқин Озодлик манбаси¸ масаланинг анча чалкаш эканини эътироф этган ҳолда¸ ҳозирча 22 хонадонни бузиш-бузмаслик ҳақида суднинг янги қарори кутилаëтганини билдирди.

“Ҳозирча суд бузилиш ҳақидаги қарор ижроси тўхтатилсин¸ деган. Бу қарорни бекор қилмаган. Яқин орада бу масалада янги қарор чиқиши керак. Унинг нима бўлишини биз билмаймиз. Жиззах вилоят прокуратураси бузилсин¸ деб босим қилаяпти. Одамлар қаттиқ норози ва тўполон чиқиб кетиши мумкин” дейди Озодлик билан суҳбатда вазиятга яқин манба.

XS
SM
MD
LG