Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:51

Ўзбекистон бозорларида таҳорат қилинмасин деб обдасталар мусодара қилинмоқда


"Таҳорат контроль" операцияси Марғилоннинг "Барака Савдо" буюм бозорида уюштирилди
"Таҳорат контроль" операцияси Марғилоннинг "Барака Савдо" буюм бозорида уюштирилди

Фарғонанинг Марғилон шаҳридаги бозорда “таҳорат” операцияси ўтказилди. Маълум бўлишича, тадбиркорлик масалалари билан боғлиқ вазиятни текширгани Тошкентдан келган комиссия Марғилоннинг "Барака Савдо" буюм бозорида савдогар ва харидорлар таҳорат қила олмаслиги учун бозор ҳудудидаги ҳожатхоналардан обдаста ва бошқа идишлар, ҳамда ҳожатхона ташқарисидаги курсиларни мусодара қилган. Озодлик манбаларига кўра, Тошкентлик комиссия шу кунларда Фарғонада ўтказилаётган бизнес форум иштирокчиларидан иборат бўлган. Консерватив ҳисобланган Марғилон шаҳрида диндорларга нисбатан тазйиқлар тез-тез учрайди.

"Давлат кетимизга бурнини суқиши уят эмасми?!"

Марғилон шаҳрининг собиқ ипак комбинати ҳудудида жойлашган “Барака Савдо” буюм бозори ҳудудига ўтган ҳафта кутилмаганда комиссия бостириб келгани ҳақида бу бозорда савдо қиладиган тадбиркорлардан бири Озодликка хабар қилди. Шахси сир қолишини истаган савдогарнинг айтишича, комиссия вакиллари аввал тадбиркорларнинг ҳужжатларини текширган, уларнинг шароити билан қизиққан. Кейин эса, бозор ҳудудидаги ҳожатхоналарни текшириб, у ерда таҳорат учун шароит яратиб берилганига эътироз билдира бошлаган.

“Комиссия ҳожатхоналарни ҳам босди. Таҳорат қилиш учун мўлжалланган курсичалар, обдаста ва чойнакларни мусодара қилишди. Таҳорат олиш тақиқлаб қўйилди. Бозор маъмурияти ҳозир жуда қаттиқ оляпти, яширини таҳорат қилгани ҳам рухсат йўқ. Бир ҳафтадан бери ҳожатдан кейин кетимизни юволмаймиз. Давлат энди кетимизни ювишимизга ҳам бурнини суқса, уят эмасми”, дейди марғилонлик савдогар.

Озодликка гапирган савдогарнинг айтишича, бу ердан таҳорат қилиш учун ўрнатилган курсилар олиб кетилган
Озодликка гапирган савдогарнинг айтишича, бу ердан таҳорат қилиш учун ўрнатилган курсилар олиб кетилган

Унинг яна айтишича, “таҳорат контроль” операцияси маҳаллий милиция ходимлари ёрдамида амлга оширилган. Ҳожатхона ичкарисидаги обдаста ва ташқарисидаги курсичаларни милиция ходимлари кўтариб олиб чиқиб кетди, дейди у.

Шунингдек, текширув гуруҳи бозор ҳудудида келгусида таҳорат қилиниши эҳтимолини янада камайтириш учун бозор маъмурияти тарафидан ҳожатхонага ўрнатилган сув истиш ускуналарини олиб ташлашни буюрган.

“Таҳоратхонага иссиқ сув учун қўйилган аристонларни (Аристон фирмасига доир ускуна-таҳр.) ҳам олиб ташла дебди. Сенлар ўзларинг номоз ўқиш учун шароит яратиб берябсан, деб роса койишди бозорқўмни. Ахир фақат номозхон таҳорат қилмайдику, ҳожатдан кейин у ёқ бу ёғингизни ювиб олиш оддий гигиенаку”, дейди савдогар.

"Бозоримизда таҳоратхона йўқ"

Барака Савдо” буюм бозори маъмурияти вакили ўтган ҳафта савдогарлар патентларини текшириш учун Тошкентдан комиссия келганини тасдиқлади. Лекин “таҳорат” операцияси ҳақида гапиришни истамади.

“Ака, бизда ҳозир бозор ҳудудида ҳеч ким намоз ўқимайди. Таҳорат ҳам қилинмайди. Бозорда умуман диний либослар, рўмол ва ҳижоб, жойнамоз, диний адабиётлар сотилмайди. Таҳоратхоналар ҳам йўқ”, деди бозор маъмурияти вакили.

Марғилон шаҳар ҳокимлигидаги Озодлик манбаси “Барака Савдо” буюм бозорига ўтган ҳафта борган текширув гуруҳи шу кунларда Фарғонада ўтказилаётган Бизнес форум иштирокчиларидан иборат бўлганини айтади. Улар нима сабабдан таҳоратхоналар билан қизиққани сабабини изоҳлай олмаслигини билдирди манба.

“Улар тадбиркорлар ҳужжатларини текшириши керак эди. Лекин Марғилон шаҳридаги ҳамма бозорда диний экстремиз ва радикализм ҳолатларига қарши ташвиқот ишлари мунтазам олиб борилади. Радио орқали кйиниш маданияти, диний экстремиз бўйича эълонлар бериб борилади. Махсус бурчаклар ташкил этлган”, дейди шаҳар ҳокимлигидаги манба.

Марғилон шаҳри Фарғонадаги энг консерватив шаҳарлардан бири ҳисобланади. Шаҳарда диндорларга нисбатан тазйиқлар, жумладан аёллардан рўмолини ечтириш операциялари тез-тез ўтказилиб туради.

XS
SM
MD
LG