Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:41

Литвиненко "ўзбек ўғрибошилари Ғафур ва Салим" Путинга алоқадор, дея иддао қилган


Александр Литвиненко 2006 йилда Лондонда полоний 210 радиоактив моддаси билан заҳарлаб ўлдирилган
Александр Литвиненко 2006 йилда Лондонда полоний 210 радиоактив моддаси билан заҳарлаб ўлдирилган

Ўтган ойда Лондонда ФСБ собиқ полковниги Александр Литвиненконинг ўлдирилиши тафсилотлари тўғрисидаги ҳисоботнинг эълон қилиниши асосий воқеага айланди. Британия суди ҳаками Сэр Роберт Оуэн бошчилигида ўтказилган тергов хулосаларига кўра, Литвиненконинг 2006 йилда полоний 210 радиокатив моддаси билан ўлдирилиши Россия Президенти Владимир Путин буйруғи билан амалга оширилгани эҳтимоли бор. Тергов ҳисоботига Литвиненконинг “Лубянка жиноий гуруҳи” номли китобидаги “Ўзбек изи” номли боби ҳам илова қилинган. Унда Литвиненко президент Путиннинг ўзбек ўғрибошилари Ғафур ва Салимга алоқадорлигини иддао қилади.

Ўзбек изи

Литвиненконинг 2002 йилда чоп этилган “Лубянка жиноий гуруҳи” (Лубянка – Федерал Хавфсизлик хизмати – ФСБнинг Москвадаги қароргоҳи-таҳр.) китоби 2016 йил январида Сэр Роберт Оуэннинг ҳисоботи эълон қилиниши туфайли яна матбуот диққат марказига тушди. Собиқ ФСБ полковнигининг полоний 210 радиоактив моддаси билан заҳарлаб ўлдирилиши юзасидан ўтказилган тергов хулосаларига илова сифатида, мазкур китобнинг “Ўзбек изи” номли боби ҳам тиркалган ва инглиз тилида “Uzbek file”, яъни “Ўзбек иши”, деб олинган.

Британия судьяси Сэр Роберт Оуэн ўз ҳисоботида Литвиненко ўзбек ўғрибошиси Ғафур билан наркотрафикни йўлга қўйган жиноий гуруҳнинг КГБ мулозимлари, жумладан Владимир Путин ва Николай Патрушев билан алоқалари бўлганига ишора қилувчи далилларни қўлга киритган, дея хулоса қилади
Британия судьяси Сэр Роберт Оуэн ўз ҳисоботида Литвиненко ўзбек ўғрибошиси Ғафур билан наркотрафикни йўлга қўйган жиноий гуруҳнинг КГБ мулозимлари, жумладан Владимир Путин ва Николай Патрушев билан алоқалари бўлганига ишора қилувчи далилларни қўлга киритган, дея хулоса қилади

Унда Литвиненко Россия Президенти Владимир Путиннинг жиноят олами билан алоқаларини фош этиш иддаолари, унинг ва Россия ФСБси раҳбариятининг ўзбек криминал дунёси ўғрибошилари Ғафур ва Салим билан олди-берди қилгани ҳақида ёзади.

“Ўзбек изи”да Литвиненко фамилияларни келтирмайди, лекин у келтирган айрим иддаолардан ўқувчи гап ким ҳақида кетаётгани тўғрисида хулоса чиқариши мумкин.

Путиннинг ўзбек жиноят олами вакиллари билан алоқадорлиги тўғрисида иддао қилган Литвиненко ўз китобида 1990-йилларда рўй берган воқеаларни тасвирлайди.

Лондон суди ҳисоботига тиркалган “Ўзбек иши”да Ғафур исмли бандит бошчилигидаги тўда 90-йилларда Марказий Осиё орқали Россияга, у ердан эса Ғарбий Европага наркотиклар сотиш йўлларини тўла назорат қилгани ҳақида гап боради.

Литвиненконинг иддао қилишича, Ғафур ФСБ бошқармаси бошлиғи Евгений Хохольков ҳимояси остида Россия орқали наркотрафикни йўлга қўйишга муаваффақ бўлган. Хохольков собиқ иттифоқ даврида Ўзбекистон ССР КГБсида хизмат қилгани ва ўша пайтларда Ғафур ва Тайванчик лақабли “вор в законе” Алик (Олимжон-таҳр.) Тўхтаохунов билан яқин алоқаларда бўлгани иддао қилинади китобда.

(Бошқа манбаларда Хохольков 1950 йилда Ўзбекистонда туғилгани ва 1990-йиллар бошларига қадар Ўзбекистон ССР КГБсида хизмат қилгани айтилади-таҳр.)

Ғафур билан Хохольков видеоси

Литвиненко ҳикояси давомида, Ғафур наркотикларнинг асосий етказиб берувчиси бўган афғонистонлик ўзбек генерали Абдул Рашид Дўстум билан яқин алоқалари туфайли бу соҳани ўз назоратига олишга муваффақ бўлганини ёзади.

Ғафур афғонистонлик ўзбек генерали Абдул Рашид Дўстум билан яқин алоқалари туфайли наркотрафикни ўз назоратига олганини иддао қилади Литвиненко
Ғафур афғонистонлик ўзбек генерали Абдул Рашид Дўстум билан яқин алоқалари туфайли наркотрафикни ўз назоратига олганини иддао қилади Литвиненко

Совет иттифоқи тарқаганидан кейин Ўзбекистон КГБсидан Москвага ФСБга ўтказилган Хохольков эса, наркотрафикнинг Россия орқали хавф-хатарсиз ўтишини кафолатлаганига асос ўлароқ, Литвиненко бир эпизодни эслайди.

Россия Ички ишлар вазирлигининг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг Платонов исмли мулозимига таяниб, генерал Хохольковнинг Ғафур билан бирга ўтиргани тасвирланган видео борлигини ёзади.

Ғафурнинг наркотрафик йўлларини назорат қилиш бўйича асосий рақиби “Алмаз лақабли қозоқ авторитети бўлган. Тожик жиноий гуруҳини ҳам назорат қилган Алмазни кейинчалик Испанияда ўлдиришган.

Бу гуруҳлар орасида доимо қарама-қаршиликлар бўлган ва вақти-вақти билан авторитетлар ўзаро келишиб, урушнинг олдини олиш учун учрашиб туришган. Ана шундай учрашувлардан бирида Хохольков уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг оператив съёмкасига тушиб қолади. Бу учрашув пайтида ўзбеклар тожиклардан Россия орқали товарларининг ўтиши учун ҳақ тўлашлари кераклиги талаб қилишгани тўғрисида Платонов менга гапириб берди. Алмазнинг бундан жаҳли чиқади – катта пул сўраяпсан, нима учун тўлашим керак экан, дейди. Ғафур эса бунга жавобан, Россияда биз ҳамма учун умумий ҳимояни таъминлаймиз, деб айтади. Алмаз рози бўлмаса муаммоларга дуч келиши мумкинлиги, чунки Россияда катта алоқалари борлигини айтади. Шунда иккаласи гап тортишиб қолади, Алмаз Ғафурдан: “Ким бизга муаммо яратар экан?”, деб сўрайди.

Ана шу пайт Хохольков гапга қўшиладида “Мен сизга муаммо яратаман”, дейди. Ана шу видео, Платоновнинг сўзларига кўра, ички ишлар вазирлиги раҳбарияти сейфида сақланган”, деб ёзади Литвиненко.

Литвиненкога кўра, МВД ихтиёрида бўлган яна бир видеода Ғафурнинг ФСБ генерали Хохолковга пул бераётгани тасвирланган.

"Путин кўпдан бери ўзбеклардан тирикчилик қилиб келади"

Россия президентининг ўзбек бандити Ғафурга алоқаси бўлганини иддао қилган Литвиненко, генерал Хохольков ва ўзбек тўдаси бўйича тўплаган материлалларни 1998 йилда Россия ФСБси директори этиб тайинланган Путинга топширганини эслайди. Путин бу материалларни олиб қолади ва орадан кўп ўтмай Литвиненкони ФСБдан ишдан бўшатишади ва 1999 йилда ваколатини суиистеъмол қилганлик айби билан ҳибсга олинади.

“Кейинчалик Путиннинг Хохольков командаси билан ўзаро алоқалари, Путин Санкт Петербург мэри Собчакнинг иқтисод масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган пайтга бориб тақалишини тушундим”, деб ёзади Литвиненко. Бу хулосаларни Литвиненко “ўша пайтда Путинга яқин доирада ишлаган” ва президент курсисини эгаллаганидан кейин Путиннинг иқтисод масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган Давид Двалидан эшитганларидан чиқаради. Литвиненконинг ёзишича, Давид Двали 90-йилларда унинг Санкт Петербург ҳокимлигидаги ишончли одами бўлган.

Путинга генерал Хохольков ва ўзбек ўғрибошилари тўғрисидаги материалларни берган Литвиненко кўп ўтмай ишдан ҳайдалади ва қамоққа олинади
Путинга генерал Хохольков ва ўзбек ўғрибошилари тўғрисидаги материалларни берган Литвиненко кўп ўтмай ишдан ҳайдалади ва қамоққа олинади

“Турмадан чиққанимда (2000 йилда-таҳр) Давид Двали билан учрашдик. У менга: “Путин сени эзиб ташлайди, сенга ҳеч ким ёрдам бера олмайди. У сени эзиб ташлайди, чунки у ўзбеклар командаси билан Питер бўйича ишлайди. Путин кўпдан бери бу боллардан тирикчилик қилади. У ерда умумий пуллар бор, улар сени йўқ қилишиди”, деди”, дея эслайди ўз китобида Литвиненко.

Давид Двали 2000 йил апрелида Москвадаги уйи олдида отиб ўлдирилган.

Хотини гимнастика тренери бўлган Алишер

Литвиненко китобида Марказий Осиёдаги наркотрафикни назорат қилувчи ўзбек бандити Ғафурнинг фамилияси келтирилмаган. (АҚШ ҳукумати Марказий Осиёда наркотиклар ноқонуний савдосини назорат қилувчи шахс сифатида ўзбек криминал дунёси авторитети, деб кўрилувчи Ғафур Раҳимовга нисбатан санкция қўллаган. Лекин Озодлик Литвиненко айнан Раҳимовни назарда тутганини таъкидлай олмайди-таҳр.)

Ғафурнинг Москвадаги ишончли одамлари сифатида Тайванчик лақабли “вор в законе” Алик Тўхтаохунов ҳамда Алишер исмли шахсни тилга олади. Алишернинг ҳам фамилияси келтирилмаган, лекин унинг хотини гимнастика бўйича терма жамоа тренери эканини эслатиб ўтган Литвиненко.

"ФСБ оператив маълумотларига кўра, Алишер Хохольков, Сергей Ястржембский (собиқ президент Борис Ельциннинг матбуот котиби-таҳр.) ва собиқ Россия мудофаа вазири ўринбосари ва Хавфсизлик кенгаши раиси Андрей Кокошин билан яқин дўстона алоқалари бўлган. Алишернинг хотини, гимнастика бўйича терма жамоа тренери уни саккиз йил турмадан чиқишини кутган. У, яъни хотини орқали спорт вазири Шамил Тарпишчев ҳамда подольск жиноий гуруҳи аъзоси Ратан лақабли Иванюженков билан алоқа ўрнатган", деб ёзади Литвиненко.

Самолётда ғойиб бўлган Салим

Литвиненко ФСБ генерали Хохольков исмига илк бор 1993 йилда, хавфсизлик идорасининг бошқа бошқармасида ишлаган пайтда дуч келганини эслайди. Ўша пайтда Литвиненко собиқ иттифоқ тарқалганидан кейин Ўзбекистон КГБсидан Хохольков билан биргаликда Москвага кўчирилган полковник Костюков ва подполковник Ваганов қўли остида ишлаган.

Ўшанда оператив ходим бўлган Литвиненкога бир куни Ўзбекистондан Салим лақабли жиноят гуруҳи етакчиси учиб келаётгани ва уни ҳибсга олиш вазифаси топширилади.

“Ҳибсга олишга жўнаб кетаётсак, Ваганов: “Қаерга кетяпсизлар?”, деб сўради. Мен: “Салимни” ушлагани, деди. Ваганов “Кимни?”, деб сўрадию, шошилганча кимгадир телефон қилгани кабинетига кириб келди. Самолёт келди. Йўловчилар тушишди, лекин Салим йўқ. Самолётда тинтув ўтказдик – йўқ. Афтидан, Ваганов кимнидир огоҳлантиришга улгурган. Кейинчалик билсак, самолёт учиб кетаётганда уни ортга қайтаришган. Салим тушиб қолган, самолёт яна учиб кетган”, деб ёзади Литвиненко.

(Литвиненко ўз китобида Салимнинг ҳам фамилиясини келтирмайди. Wikileaks сайти эълон қилган каблограммалардан бирида Ўзбекистондаги мафия тўдабошиси сифатида ўзбек криминал дунёси авторитети, деб кўрилувчи Салим Абдувалиев исми келтирилган. Лекин Озодлик Литвиненко айнан Абдувалиевни назарда тутганини таъкидлай олмайди-таҳр.)

Литвиненко биринчи қурбон эмас

2006 йилда Лондонда полоний 210 моддаси билан заҳарлаб ўлдирилган собиқ ФСБ полковниги Александр Литвиненко ўз китобининг “Ўзбек изи” номли бобида Путиннинг наркотрафик ва хусусан ўзбек бандити Ғафур билан алоқалари тўғрисидаги тахминлари иддаолар эканини эътироф этади, лекин шу билан бирга бу иддаолар ўз ихтиёридаги оператив маълумотларга асосланганини таъкидлайди.

Сэр Роберт Оуэн ҳисоботида Литвиненконинг "Лубянка жиноий гуруҳи" ва Россия президентини турли жиноятларда айбловчи бошқа китоблари унинг ўлдирилишига сабаб бўлгани эҳтимоли юқори экани хулоса қилинган.

Литвиненконинг бу иддаолари асосли бўлишига ишора қилувчи маълумотлар бошқа манбаларда ҳам бор. Собиқ Ўзбекистон ССР КГБси ходими Евгений Хохольков

Хохольковнинг ўзбек жиноий “авторитетлар” Ғафур ва Салим билан алоқаларини суриштирган депутат Юрий Шчикочихин 2003 йилда заҳарлаб ўлдирилган
Хохольковнинг ўзбек жиноий “авторитетлар” Ғафур ва Салим билан алоқаларини суриштирган депутат Юрий Шчикочихин 2003 йилда заҳарлаб ўлдирилган

​1998 йилда Россия Давлат думаси депутати, “Новая Газета” бош муҳаррири ўринбосари Юрий Шчекочихиннинг бош прокуратура, президент маъмурияти ва ФСБ директорига юборган депутатлик сўровномаси фигуранти ҳам бўлган.

Депутат Шчекочихин ўз сўровномасида қўйган саволлар орасида қуйидагилар ҳам бор:

1. Е. Г. Хохольков ФСБда раҳбар лавозимга тайинлангунига қадар Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик қўмитасида (МХХ-таҳр.) ишлагани ва бу қўмита ихтиёрида генерал Хохольковни обрўсизлантирувчи материаллар борлиги ростми?
2. ФСБ раҳбариятининг Хохольковни ишга олиш нияти борлигини билган Ўзбекистон МХХси расмий тартибда ФСБ раҳбариятини Хохольковни обрўсизлантирувчи материаллар мажудлиги тўғрисида огоҳлантиргани ва Ўзбекистонга ФСБ ички хавфсизлик бошқармасининг бир гуруҳ ходимлари бориб, бу масалани текширгани ростми?

...

6. Хохольковни обрўсизлантирувчи бошқа материаллар, хусусан унинг ўзбекистонлик таниқли жиноий “авторитетлар” Ғафур ва Салим билан алоқалари борлиги тасдиқландими?

Бу сўровнома юборилганидан 5 йил ўтиб, 2003 йилда депутат Юрий Шчекочихин заҳарлаб ўлдирилади.

XS
SM
MD
LG