Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:26

Ҳуқуқбонлар Жаҳон банкидан Ўзбекистонда текширув ўтказишни талаб қилмоқда


Ўзбекистон пахтазорларига мажбурий тарзда жалб қилинган талабалар, 2015 йил.
Ўзбекистон пахтазорларига мажбурий тарзда жалб қилинган талабалар, 2015 йил.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоллари Малоҳат Эшонқулова ва Елена Урлаева Жаҳон банкининг Мустақил назорат кенгашига Ўзбекистонда мажбурий меҳнат мавжудлиги борасидаги фактлар юзасидан текширув ўтказиш талаби билан мурожаат қилди. Аввалроқ Жаҳон банки Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланмагани тўғрисидаги ҳисоботига таянган ҳолда, Тошкент билан ҳамкорлик давом этишини эълон қилган эди.

Ҳуқуқбонлар Жаҳон банкидан Ўзбекистонда текширув ўтказишни талаб қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:35 0:00

Малоҳат Эшонқулова: "Жаҳон банки очиқ ҳақиқатни тан олишни истамаяпти"

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Малоҳат Эшонқулова Жаҳон банкининг Мустақил назорат кенгашига мурожаат қилишларига мазкур банкнинг Ўзбекистонда мажбурий меҳнат мавжудлигини тан олишни истамаётгани сабаб бўлганини айтди:

- Биз Ўзбекистон ичкарисида яшаётган фуқаро сифатида республика миқёсида барча пахта далаларида бўлганмиз. Биз Ўзбекистонда мажбурий меҳнат мавжудлигини ўз кўзимиз билан кўрганмиз. Бизнинг қўлимизда бу ҳақда видеотасвирлар, фотосуратлар, видео ва аудио интервьюлар бор. Ўзбекистонда мажбурий меҳнат борлигидан БМТнинг меҳнат-ҳуқуқ инспекциялари, Жаҳон банки кўз юмаётгани бизнинг кескин норозилигимизга сабаб бўлди.

Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, мажбурий меҳнат ҳолатларини мониторинг қилиш ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари учун ҳам осон бўлмаяпти. “Бу ишни бажараётган фаоллар мунтазам босимга учрамоқда”, дейди суҳбатдошимиз.

- Мана, Ўктам Пардаев пахтазорлардаги мажбурий меҳнатни мониторинг қилгани учун 56 кун давомида ҳибсхоналарнинг заҳ ҳужраларида ўтиришга мажбур бўлди. Дмитрий Тихоновнинг уйи куйиб кул бўлди ва у Она ватанни тарк этиб, хорижга кетишга мажбур бўлди. Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банкининг бундай ҳақиқатдан кўз юмиши бизга жуда қимматга тушаяпти ва бизнинг нафсониятимизга тегаяпти, - деди Малоҳат Эшонқулова.

Жаҳон банки Ўзбекистонга бериладиган кредитлар миқдорини икки баробарга кўпайтирди

Ҳуқуқ фаоллари Жаҳон банкининг мустақил назорат кенгашига жўнатган мурожаатида 2015 йилдаТошкент, Сирдарё, Жиззах, Хоразм, Қашқадарё, Самарқанд, Бухоро вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган мониторинг натижасида аниқланган мажбурий меҳнатга оид фактлар ҳам келтирилган.

Халқаро меҳнат ташкилоти 2015 йилги пахта мавсумини бевосита кузатиш давомида Ўзбекистон ҳукумати аҳолини мажбуран пахтага чиқараëтганини тасдиқласа¸ Жаҳон банки Тошкентнинг қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш иддаоси билан тақдим этган дастурларига ажратилган 500 миллион долларлик кредитни тўхтатиши керак эди. Аммо ХМТ бундай хулоса чиқармагани ва Жаҳон банки ярим миллиард доллар қарзни берадиган бўлгани тўғрисида Озодлик радиоси ўтган йилнинг 18 декабрь куни хабар қилган эди.

Ўзбекистон ва Жаҳон банки томонидан имзоланган 2016-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик стратегияси доирасида Жаҳон банки январь ойида Ўзбекистонга 3,5 -4 миллиард долларлик кредит беришини билдирган.

Бу Жаҳон банки Ўзбекистонга бераётган энг катта кредит бўлиб ҳисобланади. 2012-2015 йиллардаги ҳамкорлик стратегияси доирасида Жаҳон банки Ўзбекистонга 1 миллиард 973 миллион доллар қарз берган эди.

Елена Урлаева: "Биз мурожаатимиз эътиборга олинишига ишонамиз"

Жаҳон банкининг Мустақил назорат кенгашига жўнатилган мурожаатни имзолаган яна бир ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева уларнинг аризаси эътиборга олинишига ишонади.

- Биз Жаҳон банкининг Мустақил назорат кенгаши аъзолари билан учрашганмиз. Улар бизга аризани қай шаклда ёзиш кераклиги ҳақида маслаҳат беришган. Назорат кенгаши аъзолари билан Тошкентдаги меҳмонхоналарнинг бирида ёпиқ эшиклар ортида учрашганмиз. Биз мурожаатимиз инобатга олинишига ишонамиз. Чунки 2015 йилги пахта мавсумида яширин тарзда мактаб ўқувчилари ҳам пахтага олиб чиқилгани ҳолатларини аниқлаганмиз. Масалан, Хоразм вилоятида мана шундай ҳолатлар жуда кўп аниқланган,- деди Елена Урлаева.

Жаҳон банкининг Мустақил назорат кенгаши 1993 йилда ташкил этилган. Кенгаш Жаҳон банки фаолияти туфайли ўзларини жабрланган ёки зиён кўраётган, деб ҳисоблайдиган шахсларнинг аризалари юзасидан мустақил текширув ўтказиш мақсадида ташкил этилган.

Мустақил назорат кенгашига мурожаат қилган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари "Жаҳон банки мажбурий меҳнат мавжудлигидан кўз юмган ҳолда Ўзбекистон ҳукуматига катта миқдордаги кредитларни бераётгани ортидан оддий ўзбекистонликлар жабрланмоқда, Жаҳон банки бу сиёсатини тўхтатса, Тошкент расмийлари мажбурий меҳнатга барҳам бериш йўлидаги ҳаракатларни бошлар эди", деб ҳисоблайдилар.

XS
SM
MD
LG