Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:47

Хоразмда давлат ишчилари маошлари коммунал тўловлар учун ушлаб қолинмоқда


Хоразмдаги давлат корхоналари ва ташкилотларида коммунал хизматлар учун қарзи бор ишчиларга ойлик маошлари берилмаяпти. Озодликка келаётган шикоятлардан аён бўлишича, ишчиларнинг ойлиги мажбурий тарзда коммунал тўловлар учун ушлаб қолинмоқда, айрим корхоналарда қарзи бўлмаган ишчиларнинг ҳам маоши қирқилмоқда.

Урганч шаҳридаги “Хоразм ипаги” корхонаси ишчиларидан бири Озодлик билан суҳбатда ўтган ой учун жуда кам миқдорда иш ҳақи олгани, маошининг катта қисми унинг розилигисиз коммунал тўловлар учун ушлаб қолинганини айтди.

- Ҳайрон бўлиб, бухгалтеримизга борсам “электр энергияси ва газ корхоналарига ўтказиб бердик” дейди. Бизга бир оғиз айтса бўладику,- дейди корхона ишчиси.

Хоразмдаги бошқа корхона ишчилари эса коммунал қарзи бўлмаса ҳам, маошларнинг бир қисми ушлаб қолинаётганидан шикоят қилмоқда.

- Қарзимиз йўқ бўлса ҳам, ойлигимизнинг ярмини коммунал хизматларга ўтказамиз, деб уриб қоляпти. Ўзи 600 минг сўм ойлик оламиз. Унинг ярмини уриб қолса, қанақа қилиб кун кўрамиз,- дейди Урганчдаги Ёғ заводининг ишчиси.

Урганч шаҳридаги Халқ банки ходимларидан бири вилоятдаги ташкилот ва корхоналар ишчиларидан коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар Вазирлар Маҳкамасининг махсус буйруғи асосида ундирилаётганини тасдиқлади.

- Коммунал хизматлар учун шу ой ва келаси ойда ойликлардан ушланади, бу ҳақда шундай кўрсатма бор. Қаздорларни рўйхати идора-ташкилотлардан берилади. Масалан, Ҳусанбойнинг 300 минг сўм, Ҳасанбойнинг 500 минг сўм қарзи бор. Шу ушлаб қолинади ва свет, газга ўтказилади, қолганини ойлик қилиб беради. Бу ҳақда Бош вазирнинг қарори келганку, қарзи борми, ойлигидан олинади, ҳаммаси шу ишчиларнинг рози-ризолиги билан бўляпти, - деди банк ходими.

Аммо сўнги пайтларда электр энергияси, сув ва газ истеъмоли учун нафақат жорий тўловлар, балки олдиндан аванс тўловларини ҳам ундириш вилоятда кенг тарқалмоқда.

- Менинг қарзим йўқ. Бухгалтерга борсам, ҳали истеъмол қилинмаган газ, электр энергияси ва бошқа коммунал тўловлари учун олинди, дейди. Бу нотўғрику,- дейди хоразмлик завод ишчиси.

Хоразмдаги “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раиси Ҳайитбой Ёқубовнинг айтишича, коммунал хизматларга деб, ишчиларнинг ойликларидан уриб қолиниши нақд пул етишмовчилиги билан боғлиқдир.

- Банкларда ойлик бериш учун нақд пул етишмайди. Шунинг учун бўляпти бу. Иккинчидан, иш берувчи ишчи ходимларининг ойлигидан уларнинг розилигисиз коммунал тўловлар, электр энергияси ва газ етказиб берувчиларга пул ўтказиш учун уриб қолишга ҳаққи йўқ. Бу ишчи ҳуқуқларини бузилишидир. Бу анчадан бери давом этиб келаётган муаммо ва ҳукумат буни тартибга солиши керак,- дейди Ҳайитбой Ёқубов.

Ўзбекистон Марказий банки ўтган йилнинг апрель ойида Бош вазир Шавкат Мирзиёевни мамлакат иқтисодидад нақд пул тақчиллиги юзага келгани ва бу жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

Бундан аввал Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари ва пойтахт Тошкентда ҳам ишчиларни ойлигидан коммунал тўловлар учун уриб қолинаётгани ҳақидаги шикоятлар Озодликка келган эди.

Аксар холларда тўловлар аҳолининг истак-хоҳишисиз ва кимнинг қанча газ ёки электр энергияси ишлатганини аниқ текширмасдан туриб, кишиларнинг ойлик маошлари ё-да нафақаларидан ушлаб қолинади.

Ҳуқуқ фаоллари, жумладан Ҳайитбой Ёқубов ҳам Ўзбекистонда аҳоли даромадларининг камлиги сабаб уларни аксар қисми коммунал тўловларини тўлашга имконсиз эканини айтади.

XS
SM
MD
LG