Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:32

Ўзбекистон ўз фуқароларини Украинадаги жангларда иштирок этмаслик ҳақида огоҳлантирди


Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси сайтидан скриншот.
Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси сайтидан скриншот.

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси Донбассдаги жангларда иштирок этиш учун мамлакатга келмоқчи бўлган фуқароларни бунинг учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги юзасидан огоҳлантирди. Ўзбек дипломатларининг бу огоҳлантируви элчихона сайтида 18 январь куни ёйинланди.

“Ўзбекистон фуқаролари диққатига” деб бошланган билдиришномада “Украина шарқида тўхтамаётган жанговар ҳаракатлар” ҳамда Киев “хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Украина Қуролли кучлари сафида ҳарбий хизмат ўташига рухсат бергани” қабатида Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси жанговар ҳаракатларда иштирок этиш учун Украина келишга уринаётган ўз фуқароларини бундай жиноятларни содир этишдан қайтариши ҳамда бунинг учун жиноий жавобгарлик жорий этилганидан огоҳлантириши уқтирилади.

Элчихонанинг билдиришича, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддасига (“Ёлланиш”) мувофиқ, чет давлат ҳудудидаги қуролли тўқнашувлар ёки жанговар ҳаракатларда ноқонуний равишда иштирок этиш, ҳатто ёлланиш аломатлари бўлмаган тақдирда ҳам, жиноят бўлиб ҳисобланади. Бу қилмишни содир этганлик учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш шаклида жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси бу борадаги ҳар қандай маълумот Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ва махсус давлат идоралари томонидан диққат билан текширилиши, айни пайтда Ўзбекистон Жиноят кодексининг юқорида зикр этилган моддалари бўйича жиноятни режалаштираётгани ёки содир этганига оид устидан объектив маълумот бўлган ҳар қандай шахс жиноий таъқибга учраши ҳақида огоҳлантирган.Шу важдан Ўзбекистон фуқароларига оқилона эҳтиёткорлик кўрсатиб, жангларда иштирок этиш фикридан воз кечиш тавсия қилинган.

Дипломатлар Ўзбекистон фуқаролари фавқулодда вазиятларга тушиб қолган тақдирда (+380) 44 501-50-00 и (+380) 44 501-41-83 телефонлари орқали Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонасигатўхтовсиз мурожаат қилишлари кераклигини қўшимча қилганлар.

Ўзбек элчихонаси билдиришномасида жанговар ҳаракатларда иштирок этиш учун Украинага келган ёки келмоқчи бўлган ўзбекистонликлар ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Украина президенти Петро Порошенко ўтган йилнинг ноябрь ойи бошида хориж давлатлари фуқароларига украин армиясида хизмат қилиш ҳуқуқини берувчи қонунни имзолаганди.

Президент расмий сайтида 3 ноябрь куни эълон қилинган хабарда айтилишича, мазкур қонун имзолангани ортидан украин қуролли кучларининг жангавор ҳозирлиги янада кучаяди ва мамлакат “жанг қилишга салоҳиятли, тажрибали ва нима учун курашаётганини аниқ биладиган батальонларга эга бўлади”.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2015 йил 10 августида “Фуқаролик тўғрисида”ги қонунга киритилган тузатишларни имзоланганди. Мазкур ҳужжатда чет давлатда ҳарбий хизматга ёлланганлик, хавфсизлик хизмати идораларига, полицияга, ҳарбий адлия идораларига ёки бошқа органларга ишга кирганлик Ўзбекистон фуқаролигининг бекор қилиниши учун сабаб бўлиши мумкинлиги белгиланган.

Аввалроқ Украина расмийлари мамлакат шарқида айирмачилар сафида жанг қилаётганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам борлиги, уларнинг ​асосий қисми Россия махфий идораси ходимлари ва ҳарбийлари томонидан “вербовка” қилинганини билдирганлар.

Шу билан бирга, Украина ҳарбийлари томонида туриб, айирмачиларга қарши курашаётганлар орасида ҳам ўзбеклар йўқ эмас. Улардан бири Украина Мудофаа вазирлиги қошидаги “Айдар” кўнгиллилар батальони сафида туриб, айирмачиларга қарши курашаётган ўзбекистонлик Шавкат Муҳаммаддир.

Шавкат Муҳаммад ўтган йил ёзида Озодликка берган суҳбатида айирмачиларга қарши ғоявий қарашлари боис курашаётгани ва бунинг ортида ҳеч қандай моддий манфаатдорлик йўқлигини таъкидлаган. Шавкатнинг айтишича, у Ўзбекистон Жиноят кодексида юқорида айтилган тақиқларнинг бирортасини бузмаган. Айни пайтда Шавкат, Ўзбекистонга борса, уни уйдирма айбловлар билан жазога тортишлари мумкинлиги ҳақидаги тахминлари билан ўртоқлашган.

XS
SM
MD
LG