Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:05

“Салом группадагилар” Ўзбекистонда экранга чиқарилди


Ўзбекистонда WhatsApp тармоғи орқали группадошларига “Салом группадагилар”, дея хориждан ўз шахсий видео-йўлланмаларини жўнатиб турган ва кейинчалик видеолари тарқалиб, Интернет маконида машхур бўлиб кетган андижонлик қиз ҳақидаги фильм экранларга чиқарилди. Фильм режиссёри Дилшод Аҳмедов Озодлик билан суҳбатда Интернетда хит бўлиб кетган мавзуга нима мақсадда қўл урганини гапириб берди.

Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида энагалик қилиб юрган андижонлик Юлдуз ўзи яшаган уйнинг балконида “Салом группадагилар” дея телефонида ўзини видеога олиб, группадошларига WhatsApp орқали жўнатар экан, уни тармоқда қўлма-қўл бўлиб кетиши ва бир кун келиб киносценарий мавзусига айланишини ҳаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак.

2013 йилда кимлиги ва қаердалиги номаълум қизнинг "Акмал акажон... юрагимни сиқманг, ўзимни шу тепадан отивораман..." дея Ўзбекистондаги группадошларига WhatsApp орқали жўнатган селфи видеолари ижтимоий тармоқларда хит бўлиб кетган эди.

Қисқа вақт ичида Юлдуз селфисига тақлид видеолар тайёрлаш ҳам ижтимоий тармоқларда оммалашиб, келишмовчилик ва даҳанаки жангларга ҳам сабаб бўлганди.

Бу воқеадан икки йил ўтиб ўзбекистонлик таниқли режиссёр Дилшод Аҳмедов “Салом группадагилар" калимасини ўзбеклар орасида хит қилиб юборган қиз ҳақида ҳудди шу ном билан фильмни суратга олди.

Дилшод Аҳмедов Озодлик билан суҳбатда ижтимоий тармоқда энг оммалашган мавзуга нима мақсадда қўл урганини шундай изоҳлади:

- Бу фильмнинг ғояси, кўпчиликка маълум. 2013 йилда бир қиз “Салом группадагилар” деган гаплари билан чиқиб, бу нарса жуда кенг оммалашиб кетди. Бошқалар ҳам шунга ўхшатиб тақлидлар қилди. Бу хол уруш-жанжалларга, тўдалашиб уришишларгача сабаб бўлгани гувоҳи ҳам бўлдик. Telegram, WhatsApp тармоқларини одамлар суиистеъмол қилиши, нотўғри фойдаланиши оқибатида мана шунақа ҳолатлар келиб чиқди. Бунинг оқибати қанақа бўлишини томошабинга кўрсатиш учун тарбиявий характердаги кинони ишлашга қарор қилдик,- дейди Дилшод Аҳмедов.

Дилшод Аҳмедов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:29 0:00
Бевосита линк

Фильм қаҳрамони андижонлик Юлдуз хорижда энагалик қилиб, Тошкентдаги таниши Акмал ва WhatsApp тармоғидаги бошқа гуруҳдошларига видеолар жўнатиб туради.

Фильмда андижонлик Юлдуз ролини танқили актриса Шаҳзода Муҳамедова ижро этади.

“Салом группадагилар, қалайсизлар, яхшимисизлар, чарчамаяпсизларми. Акмалкажон, сиз яхшимисиз. Мана мен Дубайга келдим. Ҳозир аэропортдан чиқдим. Жуда чиройли шаҳар. Сизни жудаям соғиниб кетдимки. Қанийди ҳозир ёнимда бўлиб қолсангиз”, деган сўзлар ёзилган видеони Акмал қизнинг изнисиз тармоқда тарқатиб юборади.

Ижтимоий тармоқларда қўлма-қўл бўлган Юлдузнинг видеолари уни маҳалладошларигача етади.

Оқибатда унинг онаси иснодга чидай олмасдан вафот этади.

Фильм охирида Акмал бировнинг шахсий видеоларини унинг изнисиз тарқатгани учун қамалади.

Режиссёр Дилшод Аҳмедов фильмдаги айрим жиҳатлар ижодий тўқима эканини айтади.

- Бу фильм юз фоиз ҳаётий деёлмайман. “Салом гурппадагилар” деган асосий ғоявий жиҳатини олдик. Қолгани ижодий тўқима. Ҳаётда шу қизнинг видеосини тармоқда тарқатган бола қамалмаган. Биз бош қаҳрамон шу қизни шахсий видеоларини унинг рухсатисиз тарқатиб юборгани учун жазосини олиши керак деган мақсадда сценарийда уни қаматдик,- дейди Дилшод Аҳмедов.

Дилшод Аҳмедовнинг айтишича, асл ҳаётдаги Юлдуз ҳозир Андижонда оиласи билан яшамоқда, Акмал эса Тошкентда. Юлдузнинг онаси ўлмаган, Акмал ҳам қамалмаган.

- Фильмимизнинг бош қаҳрамони ҳаётда ҳам бор, худди шу андижонлик Юлдуз исмли қиз. Биз у қиз билан гаплашдик. Акмални деган бола ҳам ҳаётда бор, у билан ҳам гаплашдик. Шу бола бизнинг съемка жараёнларига келиб, ташқаридан томоша қилиб турган жойлари ҳам бўлди. Буни биз қандай бўлган бўлса шундай кўрсатдик,- дейди Дилшод Абдуллаев.

Интернетда оддий одамлар олган видеоларнинг оммалашуви одатий холга айланган.

Саккиз йил аввал америкалик Чарли исмли икки ёшли болакай акасининг бармоғини тишлаши акс этган видео тармоқда хит бўлган эди.

Ҳозирга қадар бу видеони Youtube порталида саккиз юз миллиондан ортиқ одам томоша қилган. Ушбу видеонинг юзлаб тақлидлари ҳам мавжуд.

WhatsApp, Telegram тармоқлари эса ўзига хос ахборот алмашиш воситасига айланган.

Ўзбекистонлик режиссёр Дилшод Аҳмедов ўзи олган фильм ғояси ижтимоий тармоқларга қарши қаратилмаганини айтади.

- Биз бу фильм билан Telegram, WhatsApp каби тармоқлардан фойдаланманглар, бу нарса ёмон, демоқчи эмасмиз. Фақатгина бундан тўғри фойдаланиш, ҳеч кимга зарар қилмаган холда фойдаланиш кераклигини томошабинга етқазмоқчи бўлдик,- дейди фильм режиссёри Дилшод Аҳмедов.

Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар ҳақида биринчи марта фильм олинаётгани йўқ. Бундан аввал “Одноклассники.ру” деган фильм суратга олинган эди.

Ушбу фильм режиссёри Хилол Насимов Ўзбекистонда 2013 йилнинг энг яхши режиссёри деб топилганди.

XS
SM
MD
LG