Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:31

Жаҳон банки Ўзбекистонда мажбурий меҳнат йўқ деган хулосага “ишонди”


ХМТ 2015 йилги пахта мавсумини бевосита кузатиш давомида Ўзбекистон ҳукумати аҳолини мажбуран пахтага чиқараëтганини тасдиқласа¸ Жаҳон банки Тошкентнинг қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш иддаоси билан тақдим этган дастурларига ажратилган 500 миллион долларлик кредитни тўхтатиши керак эди. Аммо ХМТ бундай хулоса чиқармади ва Жаҳон банки ҳам Мирзиëев ҳукуматига ваъда қилинган ярим миллиард доллар қарзни берадиган бўлди.

Халқаро меҳнат ташкилоти мутахассислари 2015 йилги пахта мавсумини бевосита кузатиш давомида Ўзбекистон ҳукумати аҳолини мажбуран пахтага чиқараëтганини тасдиқласа¸ Жаҳон банки Тошкентнинг қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш иддаоси билан тақдим этган дастурларига ажратилган 500 миллион долларлик кредитни тўхтатиши керак эди. Аммо ХМТ бундай хулоса чиқармади ва Жаҳон банки ҳам Мирзиëев ҳукуматига ваъда қилинган ярим миллиард доллар қарзни берадиган бўлди.

Тошкентдагилар Жаҳон банкидан 4 миллиард доллар сўраган

Жаҳон банки директорлар кенгашининг келаси ойга белгиланган мажлисида халқаро молия тизимининг Ўзбекистон ҳукуматига 2016-2020 йилларда бериладиган кредити миқдори тўғрисида қарор қабул қилинади.

Ўзбекистон ҳукуматининг инфраструктурани ривожлантириш¸ янги иш ўринлари яратиш ва аграр секторни ислоҳ қилиш иддаоси билан ҳозирлаган 25 лойиҳасига Жаҳон бaнкининг келаси беш йил ичида 4 миллиард доллар қарз ажратиши кутилмоқда.

Расмий баëнотларга кўра¸ имтиëзли фоизлар билан 25-40 йилга бериладиган бу кредитлардан 500 миллион долларининг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги¸ хусусан¸ унинг ўзаги бўлиб қолаëтган пахтачиликни ислоҳ қилишга сарфланиши кўзда тутилган.

Мирзиëев учун 500 миллион қарийб тайин...

Январь ойига белгиланган бошқарув кенгаши мажлиси арафасида Жаҳон банки расмийлари Бош вазир Шавкат Мирзиëев ҳукуматига ваъда қилинган кредитлар¸ хусусан¸ унинг аграр секторга мўлжалланган ярим миллиард долларлик қисмини ажратиш режаси ўзгаришсиз қабул қилинишидан ишорат бердилар.

Бу режа 2015 йил бошида эълон қилиниши билан халқаро ҳуқуқ ташкилотларининг кескин эътирозига учраган эди.

Хусусан¸ болалар меҳнати¸ умуман мажбурий меҳнатга қарши курашиб келаëтган 100 дан ошиқ ташкилотдан иборат Cotton Campaign коалицияси Жаҳон банкидан Тошкент ҳукуматига умуман пул бермаслик¸ берилса¸ жиддий шартлар эвазига берилишини сўраган эди.

Халқаро меҳнат ҳақлари форуми (International Labor Rights Forum) вакили Брайн Кэмпбелл:

"Жаҳон банки пуллари эвазига Ўзбекистонга пахтадан тушаëтган даромад¸ Тошкент ҳукумати фаолиятида шаффофлик мутлақ йўқлиги боис хориждаги сирли банк ҳисобларида ғойиб бўлмоқда. Дунëда Жаҳон банкидан бошқа бирор молия тизими мажбурий меҳнат тузумига қонунан пул қарз бермайди”¸ дея эътироз билдирган эди жумладан.

Жаҳон банки "ўзбекча ўйин" қилди

Cotton Campaign коалицисининг “пахта мавсумида камида бир миллион давлат хизматчисини қулларча шароитда мажбурий меҳнатга ҳайдаëтган Ўзбекистон ҳукуматига пул бериш¸ дунëда мисли йўқ кўламдаги мажбурий меҳнатни очиқча қўллаб-қувватлашдир” деган босимлари остида Жаҳон банки 2015 йилги пахта мавсумида бу айбловларни махсус ўрганиб¸ сўнгра қарор беражагини ваъда қилган эди¸ дейди мазкур коалицияга қўшилган Ўзбекистон-Германия инсон ҳақлари форуми етакчиси Умида Ниëзова:

- Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари босими остида Жаҳон банки Ўзбекистонда мажбурий меҳнатдан фойдаланилаëтганини текшириш учун мустақил аудиторлик ташкилотини таклиф қилишга рози бўлди. Лекин ҳақиқий мустақил ташкилот ўрнига банк БМТ органи бўлгани учун ҳукумат билан ишлаши шарт бўлган Халқаро меҳнат ташкилоти билан Ўзбекистондаги пахта кампаниясини мониторинг қилиш бўйича шартнома тузди¸ дейди Ниëзова.

Яқинда Халқаро меҳнат ташкилоти ҳукумат расмийлари ҳамроҳлигида ўтказилган бундай мониторинг давомида Ўзбекистонда ҳукумат ташаббуси билан ташкиллаштирилган кенг кўламли мажбурий меҳнат йўқ¸ деган хулосага келганини эълон қилди.

Бу хулосани жиддий ва якуний деб қабул қилган Жаҳон банки Мирзиëев ҳукуматига ваъда қилинган 500 миллион долларлик қарзни бериш ҳақида қарор чиқарадиган бўлди.

Умида Ниëзова Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банкининг бундай қарори Тошкент ҳукуматини мажбурий меҳнатдан воз кечтириш йўлида пайдо бўлган жиддий имконни бой бериш эканини айтади:

- Кредитни тўхтатиш биз учун стратегик мақсад эмас эди. Асосий мақсадимиз¸ бу имкониятдан фойдаланиб¸ Ўзбекистон ҳукумати ва ҳукмдорларига босим ўтказиш ва пахта саноатида жиддий ўзгариш ва реформалар талабини қўйиш эди. Аммо Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки Ўзбекистонда қолиш учун сиëсий хулосага келди. Зотан улар ҳақиқатни айтишса¸ мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишар эди¸ дейди Умида Ниëзова.

2015 йил давомида Ўзбекистон бўйлаб кузатилган мажбурий меҳнат вазиятини ëритган Озодликка бевосита оддий ўзбекистонликларнинг ўзидан келган маълумот ва ҳикояларга кўра¸ жорий йилда мамлакат бўйлаб мажбурий меҳнат кўлам ва босими ўтган йиллардагидан ҳам кенгроқ ва қаттиқроқ бўлган.

Пахта териш ҳар бир ўзбекистонликнинг ватанпарварлик бурчи¸ деган умумхалқ шиори воситасида¸ айниқса¸ давлат хизматчилари ва аҳолининг бюджетга қарам қисмига нисбатан босим ва пўписаларнинг янги шакл ва даражага чиққани кўрилди.

Ишдан ëки ўқишдан ҳайдалиш¸ пенсия ва нафақасиз қолиш¸ газ ва светдан узилиш¸ солиқчиларга ем бўлиш каби таҳдидлар остида пахтага чиқарилган ëки ўрнига одам чиқариш учун пул тўлашга мажбурланган миллионлаб ўзбекистонлик¸ айни пайтда¸ "пахтага ўз ихтиëрим билан чиқдим"¸ деган тилхатларга қўл қўйдирилди.

Бу тилхатлар эса¸ ўз навбатида¸ Халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчилари “кўзини бўяш” ва оқибатда Ўзбекистонда мажбурий меҳнат йўқ деган ҳам Тошкент¸ ҳам Жаҳон банки истаган хулосани чиқариб беришга асос ўлароқ ишлатилди.

XS
SM
MD
LG