Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:48

NYT Лола Каримованинг Лос Анжелесдаги тўртта кўп миллион долларлик қасрга алоқадорлигини айтмоқда


The New York Times газетасининг бош саҳифасида эълон қилинган мақолада иморатчи бой Муҳаммад Ҳадид ва унинг супербой мижозлари олди-бердиси тафтиш қилинган.
The New York Times газетасининг бош саҳифасида эълон қилинган мақолада иморатчи бой Муҳаммад Ҳадид ва унинг супербой мижозлари олди-бердиси тафтиш қилинган.

АҚШдаги нуфузли The New York Times газетаси 15 декабрь куни эълон қилган бош мақоласида Ўзбекистон президентининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг Лос Анжелесдаги энг қиммат ва ҳашаматли маҳаллалардаги бир эмас¸ балки тўртта кўп миллион долларлик саройни сотиб олганини иддао қилди.

2013 йилнинг ëзида Лола Каримова-Тиллаеванинг Лос Анжелесдаги машҳур иморатчи Муҳаммад Ҳадиддан бозорга дастлаб 58 миллион долларга қўйилган Le Palais қасрини сотиб олгани ўша пайтда АҚШ ва Европа нашрларида шов-шувга сабаб бўлган эди.

Бу хабардан сўнг аксар Ғарб ва ўзбекистонликларни расмий лавозими Ўзбекистон Республикасининг UNESCOдаги доимий намояндаси бўлган ҳукумат хизматчиси бунақанги суперқиммат қасрни қайси пулига олди¸ деган оддий савол бирдек ўйлантириб қўйган эди.

The New York Times эълон қилган сўнгги суриштирувдан аëн бўлишича¸ Le Palais Лос Анжелеснинг энг қиммат маҳалаларидаги Каримовa хонимга алоқадор ягона кўп миллион долларлик қаср эмас.

“Bel Airдаги қаср¸ қобиқ ширкат ва ғазаб ”

(The New York Times суриштирувининг Интернет версияси шундай номланган.)

Лола Каримова-Тиллаеванинг Лос Анжелесдаги бир неча кўп миллион долларлик саройга алоқадорлиги АҚШдаги энг нуфузли газеталардан саналган The New York Times нашрининг иморатчи Муҳаммад Ҳадиднинг Bel Air маҳалласида норозиликларга сабаб бўлаëтган янги қасри қурилишини тафтиш қилиши жараëнида аëн бўлди. Асосан Ҳоливуд юлдузлари яшайдиган маҳаллада Муҳаммад Ҳадиднинг тахминий нархи камида 100 миллион долларга чамаланаëтган яна бир улкан қаср қураëтгани бу машҳур иморатчига нисбатан жиноий иш очилиши ва унинг фаолияти матбуот диққатига тушишига олиб келди.

Bel Air маҳалласидаги айрим мулк эгаларидан Лос Анжелес шаҳар кенгашига тушган шикоят ортидан можаро юзасидан ўз суриштирувини ўтказган The New York Times газетаси фаластинлик муҳожир Муҳаммад Ҳадиднинг қандай қилиб Лос Анжелесдаги энг қиммат саройларни сотиш борасидаги энг машҳур шахсга айлангани тарихига эътибор қаратди.

The New York Timesга кўра¸ ўсмирлигида оиласи билан Америкага кўчиб келган Муҳамад Ҳадиднинг бойлиги ва шуҳрати ортида унинг хорижлик супербойлар¸ айниқса¸ саудийлик сармоядорлар кўнглига йўл топа олиш маҳорати ëтибди.

Мақоладан англашилича¸ бундай маҳорат сири эса АҚШ¸ айниқса¸ Лос Анжелесдан кўчмас мулк сотиб олишда кенг қўлланиладиган “қобиқ ширкатлар”га бориб тақалади.

“Масъулияти чекланган ширкатлар алоҳида олинган шахсларни ҳуқуқий жавобгарликдан ҳимоя қилиш учун тузилган ва улар қонуний фойдаланиш доирасига эга”¸ дейилади The New York Times мақоласида.

Газета суҳбатлашган мутахассисларнинг айтишича¸ қобиқ (shell company) ширкатлар асосан АҚШда кўчмас мулк сотиб олаëтган хорижлик мижознинг асл номи ва унинг пуллари манбасини яшириш мақсадида ишлатилади.

Муҳаммад Ҳадиднинг бозорга 195 миллион долларга қўйилган Palazzo di Amore – Муҳаббат қасри¸ ëки 58 миллионга қўйилган Le Palais ëхуд Ярим ойқасри каби ўта қиммат саройларини айнан шундай қобиқ ширкатлар воситасида сотиб олаëтган хорижийлар орасида¸ New York Times таъкидича¸ Осиë ва Африкадаги авторитар ҳукмдорлар болалари ва яқинлари¸ хориж ҳукуматларининг собиқ ва жорий расмийлари ва улар яқинлари бор.

"Ярим ой" қобиғи остига бир назар...

The New York Times ўтказган суриштирувга кўра¸ Муҳаммад Ҳадиднинг супербой хорижлик мижозларидан бири бўлган Ўзбекистон президентининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева ҳам унинг Le Palais ëхуд Ярим ой қасрини айнан шундай қобиқ ширкати орқали сотиб олган:

Муҳаммад Ҳадиднинг 58 миллион долларга сотувга қўйилган 4400 квадрат метрлик Le Palais қасрининг асл эгаси¸ The New York Times газетасининг ëзишича¸ аввал хабар қилингани каби¸ ўзбек президентининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаевадир.
Муҳаммад Ҳадиднинг 58 миллион долларга сотувга қўйилган 4400 квадрат метрлик Le Palais қасрининг асл эгаси¸ The New York Times газетасининг ëзишича¸ аввал хабар қилингани каби¸ ўзбек президентининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаевадир.

“Адир (Beverly Hills)нинг орқа томонидан тушаверишда оққушлар учун ҳовузу қўлда йўнилган Миср чақмоқтошидан бўлган устунлик туркча ҳаммоми бор дабдабали Le Palais Муҳаммад Ҳадидга алоқадор қобиқ ширкат томонидан Ўзбекистон президентининг қизи Лола Каримова-Тиллаевага алоқадор бошқа бир қобиқ ширкатга сотилди. Бу терговдан хабардор ҳуқуқ тизимларида ишлаган икки манбанинг айтишича¸ Каримовлар оиласи устидан бир неча давлатда коррупция бўйича тергов жараëни бормоқда”¸ деб ëзди The New York Times газетаси 15 декабрь куни эълон қилинган бош мақоласида жумладан.

Қизил байроқлар кўтарилмоқда...

The New York Times газетасининг ëзишича¸ “ҳуқуқни муҳофаза қилиш расмийлари ва коррупцияга қарши ташкилотларни кўплаб хориж харидорларини АҚШда кўчмас мулк сотиб олиш орқали ўз бойлигини ҳимоя қилиш қизиқтираëтгани ҳолда¸ банк қонунлари хориж ҳукумати расмийлари¸ улар оилалари ва яқин шерикларига тегишли катта пулларнинг айланишидан дарҳол сигнал беришни талаб қилишига қарамай¸ улардан айримларининг қобиқ ширкатлардан ноқонуний топилган даромадни яшириш учун фойдаланаëтгани хавотирга солмоқда”.

Муҳаммад Ҳадид саройларини сотиб олган хорижлик супербойлар рўйхатидан хабардор Bel Air маҳалласида яшовчилардан айримлари бундай хавотирга қўшилади.

The New York Times мақоласида шундайлардан бири¸ ўзи яқинларгача банк ходими сифатида айнан мижозларининг пул ювишга алоқадорлигини тафтиш қилиш билан шуғулланган Беатриз Ҳорачек (Beatriz Horacek)нинг Лос Анжелес шаҳар кенгаши адвокатига ëзган хатининг “жаноб Ҳадид фаолиятининг айрим хавотир уйғотадиган жиҳатлари” тўғрисидаги парчасидан иқтибос келтирилади.

The New York Times ëзади:

“Ҳорачек хоним шаҳар адвокати эътиборини Le Palais қасрининг Ўзбекистон президентининг қизига сотилганига қаратади. “Мижозлар талаби билан махсус қуриладиган уйлар¸ - деб ëзади у¸ -пул ювиш ва солиқ фирибгарликлари учун мукаммал воситадир. Айниқса¸ кўчмас мулк нақд пул ëки асл эгасини бекитиш учун тузилган ташкилот орқали¸ ундан ҳам ëмони¸ (пул ювишга қарши кураш бўйича Молиявий ҳаракат гуруҳи томонидан) “пул ювиш таҳликаси баланд” саналган давлатлардан келган мизожлар томонидан сотиб олинаëтган бўлса! Мен жаноб Ҳадид пул ювиш ëки солиқни яширишга аралашган демаяпман¸ аммо бу ерда қизил байроқни кўтаришга ундайдиган (хавотир уйғотадиган – таҳр.) жиҳатлар талайгина”.

Айни ҳудуддаги яна учта кўп миллион долларлик ҳовлига алоқадор ўзбекистонлик Каримова-Тиллаева хоним шу пайтгача бирор қинғир ишда айбланмаган. Унинг адвокатларига кўра¸ Лола Каримова-Тиллаева ва эри “ўзларини ҳамиша қонун доирасида тутиб келадилар” ва “ оилавий алоқаларидан ҳеч қандай манфаат кўрмаганлар”.(иқтибос тугади)

Мени (мижозимни) тинч қўйинглар...

Лола Каримова-Тиллаева 2013 йил сентябрида BBC ўзбек хизмати саволларига электрон почта орқали жўнатган жавобида¸ ўзининг хориждаги қимматбаҳо уйлар эгаси ҳақида Ғарб матбуотида чоп этилган хабарларни¸ Лос Анжелесдаги шов-шувли хариди ҳақида лом-мим демаган ҳолда¸ инкор этишга уринган эди.

Женеванинг фақат катта бойлар яшовчи Vandoeuvres маҳалласидан 46 миллион долларга уй сотиб олгани ҳақидаги хабарларга оид BBC саволига жавоб бера туриб Ўзбекистон президентининг кенжаси ўзининг суперқиммат уйлар эгаси ва катта бойлардан экани ҳақидаги хабарлар жиддиятини пасайтирган эди:

“Бизнинг бойлигимиз қандай ҳисоб-китобларга асосланиб баҳоланганини мен билмайман. Ишончим комилки, бизга бошқаларнинг даромадини қўшиб ёзишаяпти.

Женевадаги оилавий уйимиз масаласига келсак, бу уй - биз яшайдиган асосий жой, биз Ўзбекистондаги барча кўчмас мулкларимизни сотганмиз. Фақат фарзандларимиз билан Ўзбекистонга сафар қилганда яшаш учун Тошкентда битта квартирамиз бор. Женевадаги уйимиз нархининг 18 фоизини ўз хусусий маблағларимиз билан қоплаганмиз, қолгани эса банк кредити билан қопланган. Аниқроқ айтадиган бўлсам, уйимиз "mortgage", яъни ипотека остида. Менимча, бу катта сир эмас, чунки Оврўпонинг деярли бутун аҳолиси кўчмас мулк сотиб олишда банк кредити хизматларидан фойдаланишади. Бу тажриба Швейцарияда ҳам кенг қўлланилади, чунки бу соҳадаги банк кредити ставкалари паст ҳисобланади ва бу тизимдан фойдаланиш ҳақиқатдан ҳам фойдали”¸ деган эди Ўзбекистон президентининг кенжа қизи 2013 йили BBC ўзбек хизматига йўллаган ëзма жавобида.


Озодликнинг “Лола Каримова-Тиллаева The New York Times мақоласидаги бирор жиҳатга эътироз билдирадими”¸ деган саволига Каримова-Тиллаеванинг Флоридада жойлашган адвокати ўз мижозининг Лос Анжелесдаги кўчмас мулкларга алоқадорлиги ҳақидаги The New York Times даъвосини тўғридан-тўғри инкор қилишдан ўзини олиб қочди ва бунинг ўрнига қуйидаги жавобни йўллади:

The New York Times мақоласи фактларга эмас¸ тахминларга асосланган. Тимур ва Лола ўзларини ҳамиша қонун доирасида тутиб келмоқда. Бу мақола ва даъво этилаëтган кўчмас мулк олди-бердисига асосланиб хулоса чиқариш нотўғри бўлади.

Оммавий ахборот воситалари Лоланинг опаси Гулнора Каримованинг бир неча давлат қонунчилиги томонидан тергов қилинаëтганига оид иддаолар тўғрисида хабар бериб келмоқда. Аммо менинг мижозларим (Лола Каримова ва Тимур Тиллаев – таҳр.) бундай терговлардан бирортасининг фигуранти эмас.

Тиллаева хоним ўзининг 2013 йили BBCга берган интервьюсида аниқ-тиниқ қилиб айтган гапни биз сизга яна такрорламоқчимиз – Лола ва Тимур оилавий алоқаларидан ҳеч қандай манфаат кўраëтгани йўқ. Лола Каримова-Тиллаева айтган каби¸ унинг эри савдо ва транспорт ширкати акцияларига эгалик қилади ва у (Лола) қўшимча қилгани каби Тимур на бирор давлат тендерига қўшилган ва на унинг газ ва пахта каби миллий заҳиралар саноатига алоқадорлиги бор. Тимурнинг ширкати барча қоидаларга амал қилади ва солиқ имтиëзлари ëки монополия мақомидан фойдаланмайди; амалда савдо ва транспорт ўта рақобатли бизнесдир.

XS
SM
MD
LG