Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:26

Тошкентда ижарага берилаётган уйлар рўйхатга олинмоқда


Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси маҳалла қўмиталари ва жамоат ташкилотлари ходимларидан иборат гуруҳлар кўмагида фуқароларнинг паспорт маълумотларини қайтадан рўйхатга олмоқда. Асосий эътибор уйини ижарага берган ва ижарада турганларга қаратилган. Шаҳардаги маҳалла қўмиталари раислари ижара уйлар рўйхатини ноябрь охиригача тайёрлаш ҳақида ички ишлар бошқармасидан буйруқ борлигини айтмоқда.

Ижара уйлар ва ижарачилар базаси тузиляпти

Тошкент шаҳридаги бир неча маҳалла қўмитасидан олинган маълумотга кўра, шаҳар ҳокимияти ва ИИВ шаҳар бошқармаси томонидан ноябрь ойи охирига қадар ижара уйлар рўйхатини тузиш ҳақида топшириқ берилган.

Пойтахтнинг Олмазор туманидаги маҳалла қўмиталаридан биридан олинган маълумотга кўра, шаҳарда ижарада яшаётган аҳолининг паспорт маълумотлари йиғилмоқда:

"Ижарада турган ва ижрага одам қўйганларнинг даннийси битта базага йиғиляпти. Ижара уйнинг адреси, эгасини паспорт даннийлари (маълумотлари-таҳр.), ижрада турган одамларнинг паспортларини копиялари - ҳаммаси йиғилиб, ИИБга берилиши керак, шу ой охиригача. Бизга перепись, дейишган", деди Олмазор туманидаги маҳалла қўмиталаридан бирининг номини ошкор қилмаётганимиз раиси.

ИИБ ходимлари маҳалла қўмитасида ўтирибди

Озодлик Юнусободдаги маҳалла қўмиталаридан бирига қўнғироқ қилганида саволларга ички ишлар ходими жавоб берди.

У ҳам бу туманда ижарага берилган хонадонлар ва уларда яшаётганлар сонига оид маълумотларни шу ой охирига қадар тўплаш ҳақида кўрсатма борлигини тасдиқлади:

"Ҳозир махсус комиссия тузилган. Мен шаҳар ИИБнинг Жиноят қидирув бўлимиданман, лекин маҳаллада комиссияда ўтирибмиз ҳозир. Ҳозир Тошкентда қанча одам яшаётган бўлса, ҳаммасининг паспорт даннийларини тўплаб, одам сонини чиқаришимиз керак. Эртага охирги срок. Не только ижара уйлар, ҳамма хонадонлардан паспорт копиялари йиғиляпти ҳозир. Ижара уйдагиларни пропискаси борлари ҳам, йўқлари ҳам регистрация қилиняпти", деди исмини ошкор қилмаётганимиз ички ишлар ходими.

Бу ходим пойтахт аҳли паспорт маълумотлари йиғилиш сабаби расман аҳоли сонини аниқлаш, деб айтилаётган бўлсада, бунинг ортида хавфсизлик чораларини кучайтириш мақсади турганини ходим инкор қилмади.

Пойтахтда паспорт режими Янги йилгача давом этади

Мирзо Улуғбек туманидаги маҳалла қўмиталаридан бири ва милиция таянч пунктидан олинган маълумотга кўра, Тошкент шаҳридаги паспорт режими йил охиригача давом этиши ҳақида ИИВдан кўрсатма бор.

Туманнинг Яланғоч массивидаги маҳалла қўмиталаридан бирининг ходими туманда яшовчи "ҳар бир одамнинг паспортидан копия олинаётгани"ни айтди.

"Ҳамма ижарага қўйилган уйларни владелецлари шахсан келиб, уйига қўйилган одамларни туришига розиман, жавобгарлиги бўйнимда, деган нотариально заверенний (нотариусдан тасдиқланган, демоқчи-таҳр.) ҳужжатни топшириб кетяпти. Ижарада турганларнинг паспорт копияларини ҳам топшириши керак. База данних (маълумотлар базаси-таҳр.) бошқадан тузилаяпти. Янги йилгача паспорт режими бўлади", деди маҳалла қўмитасининг ўзини таништирмаган ходими.

ИИБ, МХХ, Солиқ инспекцияси қўшма комиссия тузган

12news.uz нашри ҳам Тошкентда ижара уйлар ва уларнинг эгалари рўйхатга олинаётгани, бу пойтахтда хавфсизлик чораларини кучайтириш мақсадида қилинаётгани ҳақида хабар қилди.

Ушбу сайтда тошкентлик Алишер Рўзметов исмли участка нозиридан иқтибос берилди ва унда потайхат ИИБ, МХХ ҳамда Солиқ инспекцияси ҳамкорликда шаҳардаги ҳар бир квартирани текшираётгани, пойтахтдаги ижара уйлар ижарачилари билан бирга битта маълумотлар базасига йиғилаётгани хабар қилинди.

Рўзметов ҳам, биринчи галда шу кунда пойтахтда яшаётган аҳоли сонини аниқлаш ва айни пайтда, уйини ижарага берган фуқароларнинг масъулиятни ошириш назарда тутилганини таъкидлади.

Бундан ташқари, Тимур Зиёвутдинов исмли МХХ ходими шаҳарда 10 ноябрдан текширув бошлаганини айтган. МХХ ходимлари квартирада яшовчиларнинг ўша уйда рўйхатга олинганлари ёки ижарага берилганини аниқлаётгани айтилди.

Уй эгаси ижарачиси билан бирга ИШИДчига чиқди

12news.uz нашри уйини икки қашқадарёликка ижарага берган ва солиқдан бўйин товлаб, буни расмийлаштирмаган тошкентлик Мунира Пўлатованинг ҳикоясини келтирди:

"Октябрда милиция бу икки эркакни ўзбекистонликларни ИШИДга ("Исломий давлат" - таҳр.) қўшилишга чақирганлик, тақиқланган экстремистик адабиёт ва аудио-видео материалларни тарқатганлик айбловлари билан ҳибсга олди", деб ёзди нашр.

Хабарда айтилишича, Мунира Пўлатова ҳам судга тортилган ва бу аёлнинг айби солиқдан қочишгина эмас, балки "давлат хавфсизлигига тахдид солиш", деб баҳоланган.

Тошкентда ижара бизнеси ўлди

Тошкентнинг Юнусобод туманида икки хоналик уйини ижрага берадиган пойтахтликлардан бири бу бизнес ўлди, деган хулосани тилга олди.

"Ҳар икки куннинг бирида милиция, маҳалла, налоговой (солиқ хизмати-таҳр.) эшигингизни тагида туради. Ижарада турганниям, сизниям паспортингизни қайта-қайта текшираверади, текшираверади. Минг хил сабаби бор паспортингизни олиб кетишга. Паспорт кетди, дегани тамом, дегани. Эртага террорист ҳам қилиб қўйишади. Сиз эса, кейин паспортни олиб кетмасин, деб пулини берасиз", деди исмини ошкор қилмаслик ва овозини ёзиб олмаслик шарти билан Озодликка гапирган тошкентлик.

Тошкент казарма режимида

3 ноябрдан бошлаб Тошкентдаги барча хавфсизлик кучлари - милиция, Миллий хавфсизлик хизмати ва Тошкентдаги ҳарбий гарнизон - кучайтирилган режим (казарма режими)га ўтказилган.

Тошкентдан йўлланган хабарларга кўра, кечки пайтлари паспортсиз юриш тақиқланган, паспорти йўқлар эса милиция идораларига олиб кетилиб, шахси тасдиқлангач қўйиб юборилмоқда.

Бундан ташқари, хориждан қайтган фуқароларнинг террор ташкилотларга алоқадорлиги текширилаётгани кузатилмоқда. Ҳуқуқ фаоллари сўнгги бир ой ичида пойтахтда 200 дан ортиқ одам ҳибсга олинганини хабар қилмоқда. Айни мавзуда 30 ноябрь куни хабар тарқатган 12news.uz нашри ҳисбга олинганлар сони 90 нафар, деб ёзди.

XS
SM
MD
LG