Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:24

Тошкентда дўкони бузиладиган тадбиркорлардан 30 млн.сўм сўрашди


Зангиота туманидаги "Илм шуъласи" бозори
Зангиота туманидаги "Илм шуъласи" бозори

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги канцелярия товарлари сотиладиган "Илм шуъласи" бозоридаги тадбиркорлар таъмир учун 30 миллион сўмдан пул талаб қилаётганидан арз қилди. Пулни беролмайдиганлардан 5 кун ичида дўконни бўшатиш сўралди. Бозор директори буни тасдиқларкан, ҳокимият талаби билан муддатидан аввал таъмир бошлаш учун тадбиркорларнинг "молиявий ёрдами"га муҳтожлигини тан олди.

Зангиота туманида жойлашган "Илм шуъласи" масъулияти чекланган жамиятига қарашли кацелярия товарлари бозорида савдо қилувчи бир неча тадбиркордан шикоят келди.

Унда айтилишича, маъмурият дўконларни қайта қуриш ва бозордаги иншоотлар ўрнини ўзгартириш ҳаракатига тушган.

Озодликка йўлланган суратлар орасида тадбиркорлардан 5 кун ичида дўконни бўшатиш талаб қилинган ҳужжат ҳам бор.

Зангиота туманидаги "Илм шуъласи канцелярия моллари савдо комплекси" масъулияти чекланган жамияти тамғаси босилган ҳужжатда комплекс ҳудудида "қурилиш ишлари олиб борилиши, дўконлар бузилиши" сабабли беш кун ичида савдо жойини бўшатиш талаб қилинган.

Суратга илова қилинган мактубда жами 200 атрофида дўкон ишлаб турган бозорда шароит ёмонлиги, савдо қаторлари орасидаги йўлаклар абгор аҳволда экани, бозор ҳожатхонаси ҳам ёпиқ қолаётганидан шикоят қилинди.

Шикоят ортидан боғланган мухбир билан суҳбатда исмини сир сақлаган тадбиркорлардан бири ойига 500 минг сўмдан ижра ҳақи бериладиган дўконларнинг бузилиши ҳақидаги хабардан қийин аҳволга тушиб қолганини айтди:

"Чоршанба куни дўконни бўшатишимиз керак экан. Ҳозир бизга дўконнинг орқа томонидаги омборлардан вақтинчалик жой берамиз, дейишяпти. Ҳозирги дўконимизни бузиб, қайта қуришаркан. Аммо, уни олиш учун 30 миллион сўм пулни бозорни счётига ташлаб беришимиз керак экан, бўлмаса, дўконсиз қоларканмиз", деди мухбир билан микрофонсиз суҳбатлашган тадбиркор.

Тадбиркор бир неча йил аввал айни дўконни норасмий тарзда сотиб олганини ҳам даъво қилди:

"Бир марта бизга бу дўконлар сотилган. Катта пулга сотиб олганмиз, лекин ҳужжатларда ижара ўтирибмиз бу ерда, тушуняпсизми?! Энди айни дўконни иккинчи марта сотишяпти. Пулни қайтариб берамиз, деган. Лекин бунга менинг кўзим етмайди", деди исмини сир сақлаган тадбиркор.

Озодлик "Илм шуъласи канцелярия моллари савдо комплекси" масъулияти чекланган жамиятининг директори Шуҳрат Зуфаров билан боғланди.

Мухбир билан микрофонсиз суҳбатда жамият раҳбари бозорда бузилиш-қурилиш ишлари бошланиши, савдогарлардан дўконни 5 кун ичида бўшатиб қўйиш талаб қилингани ва шунингдек, улардан жамият ҳисобига 30 миллион сўм ўтказиш сўралганини тасдиқлади.

Аммо, бу сумма ихтиёрий равишда бериладиган "молиявий ёрдам" кўринишида сўралгани ва тадбиркорларга қайтарилишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, истамаган тадбиркор пулни бермаслиги ва бозордан чиқиб кетиши мумкин.

Бозор тадбиркорлари эса бундай танловни нохолис, ҳукумат қўллаб-қувватлаётгани айтилган кичик тадбиркорни қистовга олиш воситасида, ундан пул ундиришга қаратилган танлов, деб қораламоқда.

Расмий маълумотга кўра, аслида "Илм шуъласи" канцелярия товарлари бозорини таъмирлаш баҳорга мўлжалланган эди, аммо ҳокимият таъмирни дарҳол бошлаш ва ноқонуний қурилган дўконларни бузиб ташлашни талаб қилмоқда. Боиси, кейинги йиллар давомида бозор ҳудуди рухсат берилмаган ҳолда кенгайган ва қўшимча дўконлар қурилган.

Натижада, масъулияти чекланган жамият раҳбарияти бозор таъмирини бир неча босқичга бўлиб, амалга оширишга қарор қилган. Биринчи босқичда жами 45 дўконни бузиб, ўрнига 38 та дўкон қуриш режаланган.

Муҳими, бу режадан хабардор қилинган тадбиркорлар 30 миллион сўмни тезроқ тўлаши, акс ҳолда, савдо жойидан айрилиши аниқ бўлган 7 тадбиркордан бирига айланишидан огоҳлантирилгани айтилмоқда.

Озодлик Зангиота тумани ва Тошкент вилояти ҳокимиятларидан ҳам бу шикоятга бирор изоҳ олишга уринди, аммо ҳозирча муваффақ бўлмади.

XS
SM
MD
LG