Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:10

Тошкентда 150 одам ИШИДга алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган


Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида сўнгги икки ҳафта мобайнида 150 дан ортиқ одам “Ироқ ва Шом ислом давлати” (ИШИД) гуруҳи ва бошқа экстремистик ташкилотларга алоқадорликда гумонланиб қўлга олинди¸ деб хабар тарқатди ўз расмий манбаларига таяниб Регнум ахборот агентлиги. Россия агентлигига кўра¸ қўлга олинганларнинг кўпчилиги меҳнат муҳожирлигидан қайтганлардир. Гумонланувчиларнинг Зангиота, Шайхонтоҳур ва Олмазор туманларида истиқомат қилган шахслар экани айтилмоқда.

Россия нашрларида икки ҳафта ичида Тошкентда 150 дан ортиқ одам ИШИД ва бошқа эсктремистик гуруҳларга мансубликда айбланиб қўлга олингани ҳақида маълумотлар пайдо бўлганига қарамай, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, Тошкент вилоят Жиноят қидирув ва террорчиликка қарши кураш бошқармаси, Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармаси расмийлари Озодлик радиосига бу борада маълумот беришдан тийилдилар.

Тошкент вилоят ички ишлар бошқармасининг матбуот саволларига жавоб беришга масъул расмийсининг жавоби вазирлик ва жиноят қидирув бошқармаси расмийлари жавоби билан бир Хилда бўлди:

- Йўқ, бизда бундай маълумот йўқ, ока. Биз бундай нарсалар билан шуғулланмаймиз, бизнинг ваколатимизга ҳам кирмайди бу нарса, -деди матбуот саволларига жавоб беришга масъул бўлган расмий.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашишга рози бўлган ҳуқуқ-тартибот тузилмаларидаги манба Тошкентда экстремистликда гумонланувчиларни аниқлаш бўйича катта тадбир кетаётганини маълум қилди:

“Ички ишлар вазирининг буйруғи чиққан. Буйруққа асосан милициянинг барча бўлинмалари ходимлари, ҳатто ҳисобчиларгача шубҳали шахсларни аниқлаш ишига жалб қилинган. Тошкентдаги ҳар бир хонадон текширилиб, шубҳали шахслар аниқланиб, рўйхатга олиниши керак", деб билдирди ҳуқуқ-тартибот тузилмаларидаги манба.

Тошкентда сўнгги икки ҳафта ичидаги қўлга олишлар масаласини ўрганаётган ҳуқуқ фаоли Сурат Икромов 150 дан ортиқ одам қўлга олингани ҳақидаги хабарларга ишониш мумкин, деб ҳисоблайди.

- Асосан қўлга олинганлар Зангиота туманидан. Бу тумандан қўлга олинганлар сони 60-70 киши, деб эиштганман. Бу рақам энди кўпайиб бораяпти. Тошкентнинг Шайхонтохур туманидан 10, Олмазор туманидан бир одам ҳам қўлга олингани ҳақида маълумот бор. Лекин бугунги кунга келиб Олмазор туманидан қўлга олинганлар сони ҳам кўпайган бўлиши эҳтимол, - деди Суръат Икромов.

Ҳуқуқ фаоли ҳозирги кунда айни мана шу маълумотларни ўрганиш, қўлга олинганларнинг манзилларини, қариндошларини излаб топиш билан шуғулланаётганини айтди. Суръат Икромов ўзида мавжуд маълумотларга таянган ҳолда, ИШИД ва эстремистик гуруҳларга алоқадорликда гумонланиб қўлга олинганларнинг деярли барчаси меҳнат муҳожирлигида бўлиб қайтган одамлар эканини билдирди:

- Бу қўлга олишларни ноқонуний деб айтиш мумкин. Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари эскича усулда ишлашаяпти. Қўлга олинганларнинг кўпи меҳнат муҳожирлигида бўлиб қайтган одамилар. Улар ўша ишлаб юрган юртларида Интернет орқали турли сайтларга, жумладан, “Исломий давлат” сайтларига киргани маълум бўлиб қолган. Гумонланганларнинг барчаси ёппасига қўлга олиниб, сўроқ қилинади. Уларнинг қанчаси қўйиб юборилади, қанчасига жиноят иши очилади, бу ҳам ҳозирча номаълум,-деди ҳуқуқ фаоли.

8 ноябрь куни Озодлик радиоси Тошкент ва Тошкент вилоятида ўнлаб одамлар салафийликда ва ҳизбчиликда айбланиб қўлга олингани ҳақида хабар берган эди.

Хабарда айтилишича, қўлга олинган салафийларнинг асосий қисми тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган шахслардир ва уларнинг деярли барчаси яқин хориж давлатларига пул ишлаш учун бориб келган ва “ўша ерда радикал оқимлар таъсирига тушган ва қайтиб келгач, уларни Ватанда тарғибот қилишни бошлаган”.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари мамлакатда қўлга олинаётган ва судга тортилаётган диндорларнинг кўпчилиги ҳануз "Ҳизбут Таҳрир" партиясига аъзоликда айбланаётганини айтиб келади.

XS
SM
MD
LG