Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:00

Августда далага ҳайдалган хоразмлик шифокорлар ҳануз пахта термоқда


Ҳашарчилар пахта йўқлигига қарамай, далага чиқарилмоқда.
Ҳашарчилар пахта йўқлигига қарамай, далага чиқарилмоқда.

Хоразм вилояти Янгиариқ тумани тиббиёт бирлашмасининг тўрт юзга яқин ходими 23 август куни Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб пахта теримига ҳайдалган эди. 111 кундан бери ҳашарчига айланган шифокору ҳамширалар совуқ тушгани ва пахта қолмаганига қарамай ҳануз далада.

3,5 ойдан бери касалхонадаги ишини далага алмаштиришга мажбур бўлган Янгиариқ тумани тиббиёт бирлашмасининг шифокор ва ҳамширалар номидан Озодликка келган мактубда айтилишича, ҳаво совуб кетганига қарамай улар даладан қайтарилмаяпти:

“Главврачмиз ҳаддидан ошиб кетди. Ҳокимга дастмолчилик (лаганбардонлик –таҳр) қилаяпти. Главварч “Агар Тошкентдан ёки Озодлик радиосидан сўрашса, ўз ихтиёримиз билан бораяпмиз деб айтинглар” деди. Ҳозир ҳаво жуда совуб кетди. -12 даражагача бўлган кунлари бўлаяпти. Мактаб, боқча каби бошқа идоралар уже пахтага бормаяпти. Лекин докторлар ҳали ҳам совуқда пахтага бораяптилар. Ҳатто кечки сменада ишлайдиганларни эрталабдан пахтага олиб кетаяпти", дейилади шифокорлар номидан келган мактубда.

Бирлашма ишчи-хизматчилари 23 августдан бошлаб ёппасига далага ҳайдалгани ва далага чиқишга қаршилик билдирганлар ишдан ҳайдаш билан қўрқитилгани ҳақида Озодлик жорий йил августида хабар берган эди.

Озодлик мухбири 10 ноябрь куни тиббиёт бирлашмаси ходимлари билан телефон орқали боғланганида улар ҳар куни туманнинг турли қишлоқларига олиб кетишаётганини айтишди:

“Бугун ҳам автобусда олиб кетишди. Бугун қаерга кетишганини билмайман. Ман ўтган ҳафта боргандим. Дам олиш куни докторлар байрами бўлгани учун олиб боришмади. Ҳар куни азонда 10 та, 15 та одамни навбати билан автобусга босиб олиб кетишади. Кечқурин қайтариб олиб келишади”, деди исмини ошкор қилмаётганимиз ҳамширалардан бири.

Яқинда тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти пахта терими 15 ноябргача давом этишини эълон қилган:

“Главварч мажлис қилиб, пахта 5 ноябргача деган эди. Энди эса 15 ноябргача деяпти. Лекин бу ҳам аниқ эмас экан”, дейди бирлашма ходимларидан бири.

Шифокорлар иддаосига кўра, маълум сабабларга кўра, пахта теримига чиқмаганлардан кунига 10 минг сўмдан пул ҳам олинган ва эндиликда обуна учун пул талаб қилинмоқда:

“Ҳамшираларга 160 минг сўм, докторларга 200 минг сўмдан обунага пул олиб келиш айтилди. Бошқа ташкилотлар ишчиларига обуна учун 25-30 минг сўмдан экан. Мажбурлаб олишаяпти”, дейилади шифокорлар мактубида.

Озодлик 10 ноябрь куни Янгиариқ туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Умид Жуманиёзов билан боғланиб, шифокорларнинг юқорида келтирилган шикоятларига изоҳ сўради. Лекин Жуманиёзов бу борадаги саволни эшитгач, телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Хоразм вилоят ҳокимлигининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича масъулига кўра, Янгиариқ туманида аллақачон ғўзапоя чопиғи бошланган ва фақат айрим корхоналар ишчилари пахтаси қолган далаларни тозалаяпти:

“Янгиариқ далаларининг катта қисмида ғўзапоя чопиб бўлинди. Энди докторлар чиқаётган бўлса, пахтаси бор далаларга олиб борилаётган бўлиши керак. Чунки пахта қолиб кетмаслиги керак”, деди ҳокимлик масъули.

14 октябрь куни бош вазир Шавкат Мирзиёев жорий йилги пахта режаси муддатидан олдин бажарилгани ҳақида ҳисоб берди.

Расмий маълумотга кўра, ўзбек деҳқонлари “жорий мавсумда 3 миллион 350 минг тоннадан зиёд пахта етиштириш”га муваффақ бўлган.

Кузатувчиларга кўра, совет давридан қолган пахтани қўшиб ёзиш амалиёти айрим жойларда сақланиб қолгани боис режа бажарилганига қарамай пахта терими давом этмоқда.

Ўзбекистон пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатдан фойдалангани учун халқаро ҳамжамият томонидан танқид қилиб келинади.

Сентябрь бошида пахтага ҳайдалган коллеж ва олийгоҳ талабалари Ўзбекистонда ҳарорат кескин совий бошлагани туфайли даладан қайтарилди. Бироқ янгиариқлик шифокорлар каби айрим бюджет ташкилотлари ходимларининг дала ишларига сафарбарлиги ҳалигача давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG