Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:51

Тошкентда ўнлаб диндор ИШИДга алоқадорликда гумон қилиниб ушланди


Тошкентнинг Зангиота ва Шайхонтоҳур туманларида истиқомат қилган 40 дан ошиқ диндор ҳибсга олинган. Ҳибсдагиларнинг яқинларидан олинган маълумотга кўра, аксари "Ҳизбут Таҳрир"га аъзо бўлган диндорлар "Исломий давлат"га алоқадорликда гумон қилинмоқда. Ҳибсга олинганлар орасида Россия ва Туркияда ишлаб қайтганлар ҳам борлиги айтилди.

Ҳибсга олинганларнинг кўпчилиги зангиоталик

Озодликка Зангиота туманидан боғланган диндорлардан олинган маълумотга кўра, ҳибсга олинганларнинг аксарияти Назарбек посёлкаси, "Олтин тепа" ва "Эшонгузар" маҳаллаларида истиқомат қилувчилардир.

6 ноябрь куни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Тошкентда Суриядаги жангарилар билан ҳамкорлик қилган салафийлар гуруҳи қўлга олинганини хабар қилган эди. 8 ноябрь куни Озодликка боғланган диндорлар ўша расмий хабарга оид тафсилотларни айтди:

"Буларнинг биринчи 16 кишилик группаси 29 октябрь куни олиб кетилди. Кейингиси 1-3-ноябрь кунлари олиб кетилди. Ҳозир 40 кишидан ошиб кетди. Биз билганимиз булар ҳали. Буларнинг бир қанчаси "Ҳизбут Таҳрир" аъзоси, бир қанчаси аъзо эмас, оддий намозхон. Шу икки ҳафталардан бери ҳар куни олиб кетишяпти 5-6 кишидан. Орасида уйланмаган 20 яшар йигитларам бор. Ҳали ҳеч кимни қайтаришгани йўқ, мени эшитмадим", деди ўзи ҳам "Ҳизбут Таҳрир" аъзоси эканини яширмаган, аммо исми-фамилиясини сир сақлаган тошкентлик.

Ҳибсдагилардан баъзисининг шахси маълум бўлди

Ўзбекистон ИИВ 29 окятбрь куни Тошкент шаҳри ва вилоятида истиқомат қилган 16 киши "Ҳизбут Таҳрир" гуруҳининг "ашаддий тарафдори" деган гумон билан қўлга олинганини маълум қилган, уларнинг шахси ва манзилиги оид бирорта маълумот бермаган эди.

8 ноябрь куни Озодлик суҳбатлашган тошкентлик диндор ҳибсга олинганлардан уч нафарини қисман танишини ҳам айтди:

"Булар орасида энг кексаси 55 ёшга кирган Хайрулло ака, деган одам. Мен яхши танимайман, лекин эшитганман у киши ҳақида. Яна биттаси 45 яшар Шавкат, деган бирордар. Яна биттаси Абдулазиз Валиев. Бу уччаласи биринчи кетган 16 кишининг ичида бўлган. Ушланганларнинг кўпчилиги Зангиотанинг "Победа" ва "Олтин тепа" жамоа хўжаликларида яшайди. Яна бир қанча биродар Шайхонтоҳурданлигини биламан, лекин исмларини билмайман", деди тошкентлик диндор.

Оилалари қўрқув ва сукутда

Яна бир тошкентлик диндор ҳам ҳибсга олишлар 1-3-4-ноябрь кунлари давом этгани ва Зангиота туманининг "Эшонгузар" маҳалласида бўлган ҳибслардан хабардорлигини айтди:

"Айниқса, 3-4 ноябрь куни уазикларда келиб, олиб кетганда тўпалон бўлиб кетди маҳаллада. Бирдан келиб, бирдан кириб, таппа-таппа босиб, олиб кетишди. Энди яқинлари боришса, маҳалладаги бетон ариқдан граната топилди, шуни текширяпмиз, буларни ИГИЛга алоқадорлиги текширяптиз, дейишаётганмиш. Чамамда текшириб, кейин қўйворамиз, дейишганда яна. Шунга оилалар ишонганда, ҳеч ким билан гаплашмаяпти, кўчада кўрсанг, ҳеч ким билан саломлашмай бурилиб кетишяпти", деди тошкентлик яна бир тингловчи.

Ҳизбчилар ва салафийлар ўртасида ҳамкорлик?

Озодлик Зангиота тумани ИИБга боғланди, аммо расмийлар бу борада ҳеч қандай маълумот берилмаслигини айтди. Тумандаги судлардан бирида ишлайдиган мулозим ҳам ҳибсга олинганлар иши билан ИИВ Террорга қарши кураш бошқармаси шуғулланаётгани, бу иш бўйича бирорта маълумот берилмаслигини айтди.

6 ноябрь куни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига таяниб 12news.uz нашри Тошкентда Суриядаги жангарилар билан ҳамкорлик қилиш айби билан салафийлар қўлга олинганини хабар қилган:

"Қўлга олинган гуруҳ аъзолари араб давлатларидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этиш учун "ҳижрат" қилишни режалаштирганлар. Бунинг учун Суриядаги "Жаннат ошиқлари" номли террорчилик ҳаракати билан ҳамкорлик ўрнатилган. Бундан ташқари салафийлар “Ҳизбут Таҳрир" экстремистик ташкилотга ҳам алоқага чиқишган. Ҳизбчи Абдулазиз Раҳимов билан алоқа ўрнатилган. Раҳимов бошчилигида икки радикал гуруҳ ўртасида доимий алоқа таъминланган”, дея хабар қилади 12news.uz нашри ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таяниб.

Хабарда айтилишича, қўлга олинган салафийларнинг асосий қисми тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган шахслардир ва уларнинг деярли барчаси яқин хориж давлатларига пул ишлаш учун бориб келишгани ва “ўша ерда радикал оқимлар таъсирига тушган ва қайтиб келгач, уларни Ватанда тарғибот қилишни бошлашган”.

“Жаннат ошиқлари” деб номланган жиҳодий гуруҳ¸ қирғиз махсус хизматлари таъкидича¸ Ўш ва Жалолободдан Сурияга кетган этник ўзбек жанггариларидан таркиб топган.

"Ҳизбут Таҳрир" ва "Исломий давлат"

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари мамлакатда қўлга олинаётган ва судга тортилаётган диндорларнинг кўпчилиги ҳануз "Ҳизбут Таҳрир" партиясига аъзоликда айбланаётганини айтади.

Гуруҳга аъзоликда айбланаëтганлар устидан маҳкамалар 90-йиллардан бери тўхтамагани, аммо кейинги пайтларда гуруҳ аъзолари "Исломий давлат" террор ташкилотига ҳам алоқадорликда айбланаётгани айтилмоқда.

Гарчи, "Ҳизбут Таҳрир" гуруҳи дунёда ҳалифалик қуриш ғоясини илгари сурса-да, ташкилот раҳбарияти "Исломий давлат"ни қувватламаслигини Сурия ва Ироқда ҳалифалик эълон қилинишидан кўп ўтмай эълон қилган.

Ташкилотнинг Буюк Британиядаги матбуот котиби Тожи Мустафо 7 октябрь куни ҳам ИДни террор ташкилоти, дея қоралаб, "Ҳизбут Таҳрир" аъзолари ИД томонидан ўлдирилгани таъкидланган навбатдаги баёнотни тарқатди.

Шунга қарамасдан аксар давлатлар, жумладан, Россия, Ўзбекистон ва Тожикистонда "Ҳизбут Таҳрир" ташкилоти аъзолари очиқдан-очиқ "Исломий давлат" террор ташкилоти аъзоси, деб гумон қилинаётгани ва шу сабаб билан диндорлар қамоққа ташланаётгани кузатилмоқда.

XS
SM
MD
LG