Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:28

Тошкентда ой бошидаги портлашдан кейин кечқурун ҳужжатсиз юрганлар ушлаб кетилмоқда


Ҳуқуқ-тартибот идоралари Тошкент шаҳри ва вилоятида 21.00дан кейин ҳужжатсиз юрган фуқаролар ушлаб кетилаётганини тасдиқлади
Ҳуқуқ-тартибот идоралари Тошкент шаҳри ва вилоятида 21.00дан кейин ҳужжатсиз юрган фуқаролар ушлаб кетилаётганини тасдиқлади

Тошкент шаҳри ва вилоятида паспорт режими жорий қилинди. Озодлик манбаларининг билдиришича, икки ҳафта аввал жорий этилган режим доирасида кечки соат тўққиздан кейин пойтахт ва вилоят кўчаларидан ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган фуқаролар ички ишлар бўлимларига олиб кетилмоқда. Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси вакиллари хавфсизлик чоралари кучайтирилганини тасдиқлаб, бу ҳолатни шу ой бошроғида Шайхонтоҳур ва Олмазор туманларида содир этилган портлашлар билан изоҳламоқда.


Тошкент шаҳар кўчаларига кечаси чиққан фуқаролар ички ишлар ходимлари томонидан олиб кетилаётгани тўғрисида Озодликнинг пойтахтлик муштарийлари хабар йўллади.

“Тошкент шаҳрида соат 22.00дан кейин дўконлар ёпилиб, кўчада юрган фуқароларни ички ишлар ходимлари олиб кетишяпти. Шанба куни Яккасаройда, гапдан чиқиб, уйга қайтаётганимизда уч кишини олиб кетишди”, деб ёзди Озодлик муштарийси Telegram орқали.

Бошқа муштарийлар ҳам Тошкент шаҳрида хавфсизлик чоралари кучайтирилгани, қорунғу тушгач кўчаларда милиция ходимлари сезиларли кўпайиб қолганидан хавотирланиб, хабар йўллашмоқда.

Озодликнинг республика ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси Тошкент шаҳар ва вилоятида икки ҳафтача аввалроқ паспорт режими жорий қилниганини тасдиқлади. Унинг айтишича, пойтахтнинг ҳар бир тумани ички ишлар бўлимида ушлаб келинган фуқаролар билан ишлаш учун махсус “фильтр гуруҳлари” ташкил этилган.

“Ҳозир кечки соат 9дан эрталабки 9гача махсус смена ишлаяпти. Ҳар бир туман бўлимларига линияли автобуслар ажратилган, экипажлар бор. Улар кўчаларда юриб одамларни ушлаб олиб келяпти. Ҳар бир туманда бир кечада 70-80 одам ушлаб келиняпти, баъзилари ундан ҳам кўп ушлаб келади. Кейин махсус тузилган “фильтр гуруҳи” бу одамлардан бармоқ изларини олади, суҳбатлашади, кейин эрталаб қўйиб юборади. Ҳозир шаҳар ва вилоятда ички ишлар ходимларининг 50 фоизи казарма ҳолатига келтирилган”,- дейди Озодлик манбаси.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлими бошлиғининг ўринбосари, майор Баҳодир Отақулов, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, пойтахт ва вилоятда хавфсизлик чоралари кучайтирилганини тасдиқлаб, бу ҳолат 3 октябрь куни Тошкент шаҳрида рўй берган камида иккита портлаш билан боғлиқлигини билдирди.

“Тошкентда иккита кичик теракт содир бўлди. Собир Раҳимовда (ҳозирги Олмазор тумани-таҳр.), Шайхонтоҳурда портлатишди. Портловчи мосламани баклажка, трубанинг ичига гугурт дорисини (бертолет тузи-таҳр.) солиб тайёрлашган. 3 октябрь куни Шайхонтоҳур тумани ички ишлар бўлими олдидаги коллеж биноси ёнида содир этилган портлаш кучли бўлган. Натижада коллеж биносига зарар етган, ойналари синиб кетган. Ўшандан кейин Тошкент шаҳри ва вилоятида усиление (хавфсизлик чоралари кучайтирилган-таҳр.) эълон қилинди. Жиноят очилгани йўқ. Ким қилгани номаълум. Шунга кечаси кўчада ҳужжатсиз юрганларни ушлаб олиб келяпмиз. Сўроқ қилиб, бармоқ изларини оляпмиз”, дейди Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бўлими мулозими.

Майор Отақуловнинг яна айтишича, ички ишлар органлари рўйхатида турган фуқаролар, радио-техникага қизиқадиган ёшлар алоҳида текширилмоқда. Лекин соат 21.00дан кейин кўчада ҳужжатсиз юрган ҳар қандай фуқаро махсус автобусларга солиниб, милиция бўлимларига олиб келиниб, сўроқ қилинмоқда, дейди у.

“Ҳужжати бўлмаганларнинг ҳаммаси олиб келинади. Текшириб, қўйиб юборилади. Ҳужжати борларни олиб келмаймиз. Казарама ҳолати Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятида амал қилмоқда”, дейди майор Отақулов.

Тошкент шаҳри ва вилоятида кейинги пайтларда портлаш ва экстремизм билан боғлиқ ҳолатлар тез-тез учрамоқда.

Хусусан, 28 сентябрь куни тонгда Тошкентдаги АҚШ элчихонаси ҳовлисига номаълум шахслар иккита Молотов коктейлини отган эди. Портловчи мосаламалардан бири портлаши ортидан элчихона бир неча соатга ёпиб қўйилди.

4 сентябрь куни Тошкентнинг Олмазор туманида “Тўхтабой” жоме масжиди олдида ҳам портлаш содир бўлган, кейинчалик расмийлар бу ҳодисани аксилтеррор машқи билан изоҳлашган эди.

Апрель ойида Тошкент вилояти Паркент туманидаги Транспорт ва сервис коллежи, болалар боғчаси ва кўп қаватли турар-жой биноларига “Исломий давлат” экстремист гуруҳига нисбат берилган варақалар ёпиштириб кетилган эди. Мазкур ҳодисага алоқадорликда айбланган Транспорт ва сервис коллежи ўқувчиси 18 ёшли Фирдавс Салимов 9 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида ўтган ҳафта охирида маълум бўлди.

XS
SM
MD
LG