Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:02

Каримов "жонажон халқи"ни пахта-ғалла режасини бажаргани билан табриклади


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов “деҳқон ва фермерлар, сувчи, агроном ва механизаторларни, барча дала меҳнаткашларини ғалла, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича шартнома мажбуриятларини адо этгани” билан табриклади.

Каримовнинг Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида чоп этилган табрик нутқидан келиб чиқилса, ўзбек деҳқонлари “жорий мавсумда 7 миллион 300 минг тонна ғалла, 3 миллион 350 минг тоннадан зиёд пахта етиштириш”га муваффақ бўлган.

“Бугунги кунда ер ўзининг ҳақиқий эгасини топиб, фермерлик ҳаракати қишлоқларимиз тараққиётида ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқаётгани, далада ишлайдиган ҳар бир одамда ўз меҳнатидан манфаатдорлик ҳиссиёти кучайиб, уларнинг келажакка ишончи янада мустаҳкам бўлиб бораётгани – буларнинг барчаси нафақат қишлоқ хўжалигини, балки бутун ҳаётимизни тубдан ўзгартирмоқда”, дейилади Ўзбекистон президенти табригида.

Аммо табрик матнида “ернинг ҳақиқий эгаси” дейилаётган фермерларнинг ўз ерига истаган экинини эка олмаслиги, расмийлар чизган чизиқдан чиқа олмаслиги, ўзбошимчалик қилиш у ёқда турсин, давлат режасини бажармаслик эҳтимоли бўлган фермерлар вилоят ва туман миқёсидаги мулозимлар томонидан калтакланаётгани, хўрланаётгани ва қўрқитилаётгани ҳақида, бу қўрқитишлар натижасида айрим фермерлар ҳатто жонига қасд қилишгача бораётгани хусусида, табиийки, лом-мим дейилмаган.

Каримов ўз табригида “бугунги хурсандчилик кунда шартнома мажбуриятларини биринчилардан бўлиб бажарган Андижон, Бухоро, Хоразм, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси” пахтакорлари меҳнатини алоҳида мамнуният билан қайд этган.

2015 йилги пахта режаси муддатидан олдин бажарилгани ҳақида 14 октябрь куни бош вазир Шавкат Мирзиёев ҳисоб берганди.

Ўзбекистон пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатдан фойдалангани учун халқаро ҳамжамият томонидан танқид қилиб келинади.

Маълумотларга кўра, сентябрь бошида пахтага ҳайдалган коллеж ва олийгоҳ талабаларининг кўпи Ўзбекистонда ҳарорат кескин совий бошлагани туфайли шу кунда даладан қайта бошлаган. Бироқ бюджет ташкилотлари ходимларининг дала ишларига сафарбарлиги ҳалигача давом этмоқда.

Кузатувчиларга кўра, ҳар йили президентнинг дала меҳнаткашларига табриги ортидан ўзбек расмийлари юртбоши “чин қалбдан таъзим қилган” деҳқонларга тазйиқни бироз сусайтиради. Шундан сўнг қор босиб қолгунча даладан бери келмайдиган бюджетчи-ҳашарчиларда ҳам уйга қайтишга умид пайдо бўлади.

Ўзбекистон Гидрометеорология марказининг маълум қилишича, жорий ҳафтада мамлакатда ҳаво ҳарорати кескин совиши кузатилади, айрим жойларда ҳарорат – 2 даражагача тушиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG