Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:05

Нукус музейи ходимлари машҳур директор ишдан олинишидан норози


Мариника Бабаназарова 31 йилдан бери "Савицкий коллекцияси"ни қўриқлаб келаётган эди.
Мариника Бабаназарова 31 йилдан бери "Савицкий коллекцияси"ни қўриқлаб келаётган эди.

Нукусдаги Қорақалпоқ Давлат cанъат музейи директори Мариника Бабаназарованинг 21 август куни Республика маданият ва спорт ишлари вазирлиги буйруғи билан ишдан бўшатилишига музей жамоаси норозилик билдириб, вазир имзолаган буйруқ остига Бабаназарованиниг лавозимига қайта тикланишини талаб қилган ёзувларни қолдирмоқда.

Нукусдаги Қорақалпоқ Давлат cанъат музейи ходимларидан бири Озодлик радиоси билан суҳбатда жаҳонга “Савицкий коллекцияси” сифатида танилган музейнинг директори Мариника Бабаназарова расман ўз аризасига биноан ишдан бўшатилганини айтди. Ходимнинг билдиришича, музейнинг 86 кишилик меҳнат жамоаси Бабаназарова ўз хоҳиши билан ариза ёзганига ишонмайди ва у вазирлик босими остида ишдан кетишга мажбур бўлган, деган фикрда.

- Уни ишдан бўшатишгани йўқ, у ўзи ариза билант ишдан кетди. Бироқ биз бу гапга ишонмаймиз. Чунки ҳозир Савицкийнинг юз йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўрилаётган эди. Директоримиз музейни, меҳнат жамоасини бундай оғир шароитда ташлаб қўйиб, ишдан бўшаб кетадиган одам эмас эди, - деди ўз номини айтишимизни истамаган музей ходими.

Мариника Бабаназарова 1984 йилда музей асосчиси Игорь Савицкий ўлимидан сўнг музей директорлигини қабул қилиб олган. Ўшанда у 23 ёшда эди. Мариника Бабаназарова раҳбарлик қилган 31 йил ичида Қорақалпоқ Давлат cанъат музейи номи жаҳонга танилган. Мана шу йиллар ичида энг оғир инқироз пайтларида ҳам музейдаги миллионлаб долларларга баҳоланган бирорта картина сотилмагани айтиб келинади.

Жамоа музейнинг жаҳонага танилишида, бебаҳо “Савицкий коллекцияси”нинг сақланиб қолишида шахсан Мариника Бабаназарованинг хизматлари катта эканини урғуламоқда.

Мариника Бабаназаровани ишдан бўшатилиши тўғрисидаги буйруқ.
Мариника Бабаназаровани ишдан бўшатилиши тўғрисидаги буйруқ.

Меҳнат жамоаси фикрича, 1932 йилда Қорақалпоғистоннинг биринчи раҳбари бўлган Коптлеу Нурмуҳаммедованинг набираси ва академик Марат Нурмуҳаммедовнинг қизи бўлган Мариника Бабаназарова бугунги оғир шароитда музейни ўз хоҳиши билан ташлаб кетаётганига ҳеч ким ишонмайди.

Қорақалпоғистон маданият ва спорт ишлари вазирлигининг ўзини таништиришни ва овози ёзиб олинишини истамаган ходими “Мариника Бабаназарова вазирлик босими остида ишдан бўшатилган”, деган гап асоссиз эканини айтди:


- Менининг билишимча, Мариника Маратовна ўз хоҳиши билан ариза ёзган. Уни биров мажбурлаган эмас. 31 йил музейни бошқариш осон бўлмади, у чарчаган, балки дам олишни истаб қолгандир. Музей жамоаси нега бунга қаршилик қилаётганига тушунмаяпмиз. Музей ходимлари билан бу борада тушунтириш ишларини олиб борамиз, - деди Озодликка вазирлик расмийси.

Озодликнинг Мариника Бабаназарова билан бевосита боғланиш ҳаракатлари эса самарасиз якунланди.

Қорақалпоқ Давлат cанъат музейида Сталин даврида қатағонга учраган ва отилган рассомларнинг минглаб асарлари сақланади. Мазкур коллекция Википедия маълумотларига қараганда, 1915 йил 4 августида Киевда туғилган ва 1950 йилда Москвадан Қорақалпоғистонга кўчиб ўтган рассом, этнограф ва санъатшунос Игорь Савицкий томонидан узоқ йиллар давомида тўпланган. Савицкий коллекцияси Рус ва Туркистон авангард тасвирий санъатининг иккинчи энг йирик коллекцияси ҳисобланади.

Савицкий 1966 йилнинг 5 февралида Нукусда Қорақалпоғистон Давлат cанъат музейига асос солди ҳамда унинг биринчи раҳбари этиб тайинланди.

Игорь Савицкий ўлимидан сўнг, яъни 2002 йилнинг 23 августида Ўзбекистон президенти фармони билан “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.

XS
SM
MD
LG