Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:39

Шаҳрисабз “бош” прокурори фермерлар экинзорига трактор солди


Шаҳрисабз туманида прокурор ҳайдатиб ташлаган маккажўхоризор
Шаҳрисабз туманида прокурор ҳайдатиб ташлаган маккажўхоризор

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани прокурори ва ҳокими сабзавотчилик ҳамда чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларининг пишай, деб қолган маккажўхори, помидор, бедасини трактор солиб, пайҳон қилдирганидан шикоят бўлди. Расмийлар фермерлар экинни ноқонуний эккан, демоқда. Фермерлар эса ҳаммаси шартномада қайд этилганини айтмоқда.

Шаҳрисабзлик фермерлар туман прокурори Шерали Аширов ва туман ҳокими Фахриддин Норов бир ҳафтадан буён фермерларнинг қарийб етилган экинларини пайҳон қилаётганидан арз қилмоқда.

Бу ҳақда Озодликка гапирган фермерларнинг айтишларича, йил бошидан бери қора меҳнат билан етиштирилган ҳосил бир кунда кунпаякун бўлган.

Маккажўхоризор ҳайдалмасдан олдин
Маккажўхоризор ҳайдалмасдан олдин

Озодлик билан суҳбатда фермерлар уларга нисбатан тазйиқ бўлишидан хавотирланиб, исм-фамилияси ва фермер хўжаликлари номи сир бўлиб қолишини илтимос қилди.

Фермерлардан бирининг айтишича, шахсан прокурорнинг ўзи келиб, унинг ерини ҳайдаттириб ташлаган:

- Икки гектар маккажўхорим, бир гектардан ошиқ помидорим бор эди. Помидор пишганди, маккажўхорига эса 10-15 кун бор эди. Ҳаммасини ҳайдаттириб ташлади. Бизнинг бу экинларни экишга шартномамиз бор. Ҳаммаси қонуний. Ўзлари рухсат берган, яна ўзлари келиб бузиб ташлади. Пахтани кам эккансан, деб шунақа қиляпти, дейди фермер.

Пишмай қолган жувонмарг думбуллар
Пишмай қолган жувонмарг думбуллар

​Унинг айтишича, ерини ҳайдатишига қаршилик қилгани учун прокурор уни ҳақорат қилиб, калтаклаган:

- Прокурор келиб: "Қани маккани ҳайдатганинг?" деди. Мен унга айтдим: "Бу маккага мен шартнома қилганман, харажат қилганман", дедим. Прокурор эса мени онамдан сўкиб, уриб кетди. Имкони борича, макканинг ҳали пишмаган хом сўтасини қайириб, поясини ўриб олишга зўрға улгурдик, деб иддао қилди фермер.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир фермер ҳам, унинг маккажўхориси ҳайдаб ташланганини айтди:

- Бир гектардан ортиқроқ жойга макка эккан эдим. Бунга туман прокурори ҳам, ҳоким ҳам рухсат берган эди. Пишай деб қолганда, келиб ҳайдаттириб ташлаяпти-да! Бир кун сенга рухсат, ўриб ол, деди. Ҳой акалар, 10-15 кунда пишади макка, кейин ўриб оламан десам бўралатиб сўкди. Имконимиз борича хом думбулларни териб олдик, қолгани ер билан битта бўлди. Бошқа фермерларнинг ҳам полиз экинларини ҳайдаб ташлашди, деб даъво қилди фермер.

Бу ер бедазор бўлган эди
Бу ер бедазор бўлган эди

​Унинг айтишича, чорвачиликка ихтисослаштирилган “Қўчқор бобо набиралари” ва “Наутака сервис” фермер хўжаликларининг бедаси ҳам шудгор қилинган.

Хабарларга кўра, ҳокимият ва прокуратурага яқин бўлган фермерларнинг экинларига тегилмаган. “Уларнинг ўнлаб гектар ердаги кунгабоқари ва бошқа экинлари билан ҳеч кимнинг иши йўқ”, дейди фермерлар.

Ҳукумат идораларидан бирида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган мулозимлардан бири туман прокурори Шерали Аширов фермерларни ҳақорат қилиш ва сўкиши ҳақидаги шикоятларни тасдиқлади:

“Шерали Аширов ўзига “Шаҳрисабзнинг бош прокурори” деб ном қўйиб олган. “Ўртоқ бош прокурор” деб мурожаат қилишса, унга хуш ёқар экан. Йиғилишларда фермерларни бўралатиб ҳақорат қилади. Туман ҳокимининг эса қудрати ҳам йўқ”, деди мулозим.

Бу ерга помидор экилган эди
Бу ерга помидор экилган эди

Озодлик бу иддаоларга жавоб олиш учун туман прокурори Шерали Аширов билан боғланди. Прокурор фермерлар экинларининг шудгор қилиб ташланганини инкор қилмади, аммо бу ишга ўзининг алоқаси йўқлигини даъво қилди:

- Ноқонуний эккан бўлса керакки, ҳайдатиб ташлашгандир-да. Ҳозир энди биров тегинса, ҳамма ҳоким тегинди, мелиса тегинди, прокурор тегинди, деяверади. Прокурор билан мелисани қиладиган бошқа иши йўқми? Мен сизнинг саволларингизни тушундим. Саволларингизга жавоб беришга тайёрман. Ҳозир бир иш билан бандман, бирор соатлардан кейин телефон қилсангиз бафуржа гаплашамиз, - деди Шерали Аширов.

Озодлик бир соатдан кейин ҳам, уч соатдан кейин ҳам прокурор билан қайта боғлана олмади, прокурор жаноблари қўнғироқларга жавоб бермади.

Туман ҳокими Фахриддин Норов Озодлик билан фақат иш кабинетида юзма-юз гаплаша олиши мумкинлигини айтиб, алоқани узди.

Шаҳрисабз тумани фермерлар кенгашининг раиси Одил Қодиров эса фермерлар экинзорининг ҳайдалганидан умуман хабари йўқлигини айтди.

Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимларнинг ердан ноқонуний фойдаланаётгани иддаосида деҳқонларнинг кўкариб турган полиз экинларини ҳайдаттириб ташлаши тез-тез кузатилади.

Жумладан, жорий йилнинг 24 июль куни Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани ҳокимининг буйруғи билан Беш йиллик қишлоғи аҳолисининг бошоқ тортиб қолган ўнлаб гектар шолиси керосин сепиб йўқ қилинган эди.

XS
SM
MD
LG