Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:29

Оҳангарон конидаги портлашдан 25 олтин изловчининг ўлгани тахмин қилинмоқда


Озодликнинг норасмий манбаларига кўра¸ Тошкент вилояти Оҳангарон туманининг Кўчбулоқ қишлоғида яшаб келган 25 одам Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг ташландиқ конидаги портлаш оқибатида тоғ тагида қолган. Озодлик боғланган расмийлар, қулаб тушган кон тагидан ҳозирча фақат беш кишининг жасади кавлаб олинганини билдирди.

Тошкент вилояти Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг Кўчбулоқ қишлоғи яқинидаги ташландиқ конда 13 июль куни содир бўлган портлаш оқибатида тупроқ тагида қолган 25 одамнинг ўлгани тахмин қилинмоқда.

Тупроқ босиб қолган олтин изловчилар¸ айтилишича¸ 16-30 ёшдаги йигитлар бўлган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган оҳангаронлик манбага кўра, фожиа комбинатнинг ташландиқ конида олтин изловчи рақобатчи гуруҳлар ўртасида чиққан жанжал оқибатида рўй берган:

“Бу конда илгари руда қазилган. Ҳозир эса ташлаб кетилган. Кўчбулоқлик одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб бу конда олтин излашган. Ўша куни ҳам жой талашиб икки гуруҳ ўртасида жанжал чиққан. Кейин жанжалда мағлуб бўлган гуруҳ кондан чиқаётганда конни мустаҳкамлаб турувчи устунларга ўт қўйган. Ичкарида қолган одамлар тоғ босиши ва заҳарли тутундан димиқиб ўлган дейишаяпти”, деди манба.

Исми сир қолишини сўраган Кўчбулоқ қишлоғи маҳалла фаолларидан бири, тоғ остида қолганларнинг 25 киши эканини айтди:

“Бу СССР пайтидан ташландиқ кон бўлган. Илгари ҳам у ерга одамлар кириб заҳарли газдан ўлиб қолган ҳолатлар бўлган. Жой талашиб жанжаллашиб қолган бир гуруҳ ёқиб юборганда. Ичкарида заҳарли газ йиғилиб қолани учун портлаш кучли бўлган. Ҳаммасини тоғ босиб қолган. Ҳозирча беш киши жасадини қутқарувчилар топишди. Лекин қишлоғимиздан 25 кишининг кон ичида қолиб ҳалок бўлгани аниқ. Қидирув ишлар давом этмоқда”, деди маҳалла фаоли.

Унинг айтишича, айни пайтда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари кон ичида қолиб ҳалок бўлган одамларни қидириш ва жасадларни олиб чиқиш билан шуғулланмоқда.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлари вазирлигининг исми сир қолишини сўраган мулозими, шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

“Ҳозирча қанча одам кон ичида қолгани аниқ эмас. Кеча тўрт киши, бугун эса яна бир киши топилиб, кўмилди. Портлаш кучи қаттиқ бўлгани учун қидирув ишлари қийин бўлаяпти. Республикадан катта қутқарувчилар гуруҳи ташланган. Ичкарида тирик қолган одамнинг қолгани гумон”, деди вазирлик мулозими.

Оҳангарон тумани ҳокимиятидан олинган маълумотга кўра, Кўчбулоқ қишлоғида милиция ходимлари кон ичкарисида қолган одамларнинг рўйхатини тузиб чиқаяпти.

Кўчбулоқлик маҳалла фаолининг айтишича, расмийлар бу воқеани сир сақлашга ҳаракат қилмоқдалар. Одамлар бу ҳақда ҳеч кимга маълумот бермаслик ҳақида огоҳлантирилмоқда.

XS
SM
MD
LG