Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:52

Ўзбекистонлик муаллиф Афғонистонда “ўзбек ғояси”ни ёймоқчи


Шуҳрат Барлоснинг“Афғонистонда ўзбек миллий ғояси ва тил таълими” китоби муқоваси.
Шуҳрат Барлоснинг“Афғонистонда ўзбек миллий ғояси ва тил таълими” китоби муқоваси.

Мозори Шариф шаҳрида 2000 нусхада чоп этилган “Афғонистонда ўзбек миллий ғояси ва тил таълими” китоби сотувга чиқарилганига бир ҳафта бўлди.

Китоб муаллифи, ўзбекистонлик Шуҳрат Барлоснинг Озодликка айтишича, унинг асари афғонистонлик ўзбекларда жуда катта қизиқиш уйғотган ва чоп этилганидан бери ўтган бир неча кун ичида 1500 дан ортиғи сотилиб бўлган.

Ўзбекистонлик тарихчи-публицист, мустақил тадқиқотчи Шуҳрат Барлоснинг“Афғонистонда ўзбек миллий ғояси ва тил таълими” китоби “Афғонистон ўзбеклари миллий ғояси” ва “Афғонистон ўзбек тили ва адабиёти таълим қоидалари”, деган икки дастурни ўз ичига олган.

Муаллифнинг ўз асари тўғрисидаги маълумотномасида “мазкур илмий-оммабоп асар Афғонистон ва Ўзбекистон ўзбекларининг эзгу ниятларда амалга оширган илк ҳамкорлиги маҳсули” эканлиги айтилган.

Битта китобга бириктирилган “дастурлар мажмуи ҳозирги кунда Афғонистонда ўқитилаётган ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш тизимининг қоидаларини ва талабларини янгича усулда такомиллаштириш ва мувофиқлаштириш мақсадида яратилган”.

Китобдан жой олган дастурлардан иккинчиси номидан унинг ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари учун услубий қўлланма эканлиги билиниб турибди.

Қизиқишимизни биринчи дастур номи -“Афғонистон ўзбеклари миллий ғояси” - уйғотди: ўша “ғоя” нима(лар)дан иборат ва бу ҳақда нима учун ўзбекистонлик муаллиф ёзиши керак?

Бу ҳақдаги саволимизга жавобан китоб муаллифи Шуҳрат Барлос бундай деди:

- Афғонистонлик ўзбекларнинг миллий ғояси тинчликдан иборатдир, яъни тинчликни сақлаш учун нима қилиш керак, қандай ғояга, қандай мафкуравий тушунчаларга эга бўлишлари керак? Зеҳнияти қандай ўзбекнинг? Ўзингиз биласиз, афғонистонлик ўзбеклар 200 йилдан бери бошқа миллатнинг таъсирида яшаяпти. Бинобарин, уларда ўзликни йўқотиш муаммоси ўртага чиқди. Ассимиляция бўлиб бораяпти улар. Тасаввур қилинг, бундан 40 йил олдинги маълумотларда “1,5 -2 миллион ўзбек бор”, эди. Ўртадан 40 йил ўтгандан кейин ҳам “1,5 -2 миллион ўзбек бор”.Хўш, у ерда ўзбек аëллари туғмаганми, халқ кўпаймаганми? Асосий мақсад - миллатгаг ўзини танитиш масаласи. Ўзбек деган ким? Ўзбек дегани нима нарса ўзи у? Гап мана шу ҳақда, дейди Шуҳрат Барлос.

Муаллифнинг айтишича, “Афғонистонда ўзбек миллий ғояси ва тил таълими” китоби бошдан-оёқ унинг ўз ташаббуси ва ўз меҳнати маҳсулидир. Ўзбекистон расмий идораларининг мазкур лойиҳага ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Озодликнинг Кобулдаги мухбири, маҳаллий ўзбекларнинг сиёсий-ижтимоий, маданий-маърифий ҳаётидан яхши хабардор Олим Кўҳкан Шуҳрат Барлоснинг китоби ҳали қўлига тушмагани, лекин ундан хабари борлигини айтар экан, жумладан бундай деди:

- Шуҳрат Барлос китоби Афғонистонда нашр этилган чет эллик биринчи ўзбек муаллифидир. Шу пайтгача афғонистонлик ўзбеклар ҳақида Ўзбекистонда китоблар нашр этилганидан хабаримиз бор эди. Лекин бу китоб ўзбекистонлик муаллифнинг Афғонистон ҳудудида, Мозори Шарифда чоп этилган биринчи китобидир.

Шуҳрат Барлосдан олинган маълумотларга қараганда, унинг китобини афғонистонлик ўзбекларнинг араб имлосидаги ёзувига Абдулбасир Илғор ўгирган, китобга тақризни Кобул Университети Туркология кафедраси, Ўзбек тили ва адабиёти бўлими доценти, доктор Сайд Муҳаммад Олим Лабиб ёзган. Китобни чиқариш билан боғлиқ сарф-ҳаражатларни афғонистонлик тадбиркор Ҳайрмуҳаммад Салжуқий кўтарган.

“Афғонистонда ўзбек миллий ғояси ва тил таълими” китоби муаллифи Шуҳрат Барлос ўзи ҳақда Озодликка мана бу маълумотларни берди:

1992-1994 Анқара Университети (Туркия) Тарих факультетида ўқиган.

Ўзбекистондаги бир қатор газета ва журналларда ишлаган.

Кейинги йилларда Озарбойжон республикаси президенти ҳузуридаги Стратегик Тадқиқотлар Марказида мустақил тадқиқотчи сифатида Туркистонда дашноқлар амалга оширган қирғин ва мустақиллик ҳаракати мавзуида тадқиқот олиб борган ва шу мавзудаги китоби нашри устида ишламоқда.

XS
SM
MD
LG