Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:30

Интерпол Тошкент ваколатхонасининг собиқ раҳбари Юрий Савинков қидирувга берилди


 Қидирилаëтган шахс Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати полковниги бўлган.
Қидирилаëтган шахс Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати полковниги бўлган.

Интерполнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси собиқ бошлиғи¸ МХХ полковниги ва тадбиркор 56 яшар Юрий Николаевич Савинков қидирувга берилди. Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларига кўра¸ Юрий Савинков ноқонуний тадбиркорлик¸ катта миқдордаги валютани давлат чегарасидан изнсиз ўтказиш ва коррупцияда айбланмоқда.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати полковниги ва мамлакатни Интерполда тамсил этган мулозим қидирувга берилгани тўғрисидаги иддаоларни бир-биридан мустақил бир нечта манба Озодлик билан ўзаро суҳбатда илгари сурди.

"Юрий Николаевич Савинков Ўзбекистонга ускуналар жўнатиш ниқоби остида пул ювиш билан шуғулланганлик ва катта миқдордаги валютани ўзлаштиришда айбланмоқда. Унинг Дубайдаги уйига кейинги уч ой давомида чақрирув қоғози юборилганига қарамасдан Савинков тергов идоралари билан контактга чиқмаган. Ўзбекистондан Дубайга махсус борган Бош прокуратура вакиллари Савинковнинг ўз уйида истиқомат қилмаëтганлигини аниқлашганидан сўнг у қидирувга берилди"¸ дейди Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси.

Озодликнинг бошқа манбаси иддаоларига кўра, Савинков ўзиниинг пул ювиш схемаларини Латвиядаги ўзбек тадбиркорлари билан “жиноий ҳамкорликда” амалга ошириб келган.

"Мамлакат ташқарисидаги турли холдинг¸ кўчмас мулк ва фойда келтирувчи бизнеслар Савинковнинг қизи Юлия Савинкова ва унинг эри Евгений Хахальков номига ўтказилган. МХХ соябони остида туризм соҳасидаги ишлайдиган Савинковнинг ўғли Игорь Савинков эса ўз хизмат вазифасидан фойдаланиб, корупцион схемаларнинг хамирдан қил суғургандек амалга оширилишига кўмаклашган", дейди манба.

Савинковга қарши Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги ҳуқуқий келишув бўйича тергов экспременти ўтказиш учун Ригага олиб борилган ва жиноят оламида Ҳусан Московский, деган ном билан танилган, бир қатор жиноятларни содир этганликда гумонланиб, ҳибсга олинган 58 яшар Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг 31 май куни кўрсатма берганини Озодлик маълум қилган эди.

Бу кўрсатма асосида Латвия ҳудудида бизнеси бўлган Ўзбекистон фуқаролари Юрий Савинков ва Овик Мкртчянларга қарши жиноят иши очилганини иддао қилган эди Озодлик манбалари.

Гулнора ўч олмоқдами?

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Туркиянинг “Hurriyat” ва Британиянинг “Guardian” нашрларига берган суҳбатида Юрий Савинковни “МХХ зобити” деб атаган эди. Яна бир манбага кўра, Юрий Савинков Ўзбекистон МХХси полковниги рутбасига эга шахс сифатида Ўзбекистоннинг Инетрполдаги вакили ҳам бўлган.

Юрий Савинковнинг қидирувга берилиши¸ МХХ генерали Ҳаëт Шарифхўжаевнинг ишдан олиниши ва унинг укаси Жавдат Шарифхўжаев устидан жиноят иши очилиб, қамоққа олиниши ўзига ҳос "сиëсий ўч олиш" маъракаси сифатида ҳам кўрилмоқда.

Гулнора Каримова 2013 йилда матбуот орқали қилган чиқишларида Юрий Савинков ҳамда Ҳаёт ва Жавдат Шарифхўжаевларга қарши баёнотлар қилган эди.

Жумладан, Туркиянинг “Ҳуррият” нашрига берган интервьюсида Гулнора Каримова Савинков ва ака-ука Шарифхўжаевларнинг коррупцияга аралашганини билдирган эди.

Бу ëзувлардан бир йил ўтиб Гулнора Каримова Twitter-да қолдирган ёзувлар ва матубуотга берган интервьюларида исми зикр бўлган мулозимларнинг иши бирин кетин “чаппа кетаëтгани”ни кузатиш мумкин.

XS
SM
MD
LG