Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:50

Жиззах тумани ҳокими директор, мудир ва оқсоқолга пилла солиғи солди


Жиззах вилоятининг Жиззах тумани ҳокими бир неча кун муқаддам йиғилиш ўтказиб, пилла топшириш режасини бажармаган фермерларга ернинг тагидан бўлса ҳам пилла топиб топширишга буйруқ берган. Бундан ташқари, мактаб директорлари, боғча мудиралари, маҳалла оқсоқолларига ҳам пилла солиғи солинган.

Жиззах тумани ҳокими Акмал Абдуллаев 17 июнь оқшомида мажлис ўтказиб, пилла топшириш режасини бажармаган фермерларнинг бирма-бир пўстагини қоққан.

Бу мажлисда иштирок этган жиззахлик фермерлардан бирининг айтишича, ҳоким фермерлардан тортиб директору шифокорларгача пилла солиғи солиб чиққан:

- Пилла олмаган фермерларга ҳам: "Қаердан бўлса ҳам пилла топиб топширасан", деди. Бу йил баҳорда тутларни совуқ уриб кетгани учун кўпчилик ипак қурти боқишдан воз кечган эди. Энди ҳоким ипак қурти боқмаган бўлсак ҳам, "топиб берасан", деяпти. Ҳар бир фермер 250 килограммдан пилла ёки унинг пулини топшириши керак экан. Бундан ташқари, тумандаги 54 мактаб директорининг ҳар бирига 75 килограммдан, боғча мудираларига 50 килодан пилла топиш юкланди. Бунга уч кун муҳлат берган эди. Ҳозир кўпчилик ўз ёнидан пилла пулини тўлаб бўлди. Ҳар бир килограмм пилла учун 15 минг сўмдан пул тўладик, - деди фермер.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир фермер ҳам бу йил тут дарахтларини совуқ уриб кетгани учун ипак қурти боқишдан воз кечган фермерларга пилла режасини бажариш топшириғи берилганини тасдиқлади:

- Ҳоким: "Ердан топасанми, осмондан топасанми - планни бажарасан", деб айтди. "Бошқа туманларга бориб, сотиб олиб келиб бўлса ҳам бажар", деди. Бу йил дарахтларни совуқ ургани учун фермерларнинг ярми ипак қурти олмади. Мен олган эдим, лекин имконини қилиб, планни бажардим. Кўпчилик: "Барибир барг бўлмайди", деб олмаган эди. Энди зириллаб, тўрт томонга югуряпти, - деди фермер.

Жиззах туманидаги исми сир қолишини сўраган маҳалла оқсоқолларидан бири мактаб директорларию боғча мудираларига ҳам пилла солиғи солинганини тасдиқлар экан, бу “мукофот”дан маҳалла оқсоқоллари ҳам бенасиб қолмаганини қўшимча қилди:

- Мавсум бошида ҳамма мактабларга ва боғчаларга бир қутидан ипак қурти тарқатилган эди. Бундан 55 килограмм пилла топшириш керак бўлган. Барг йўқлигидан чўчиб ипак қурти олмаганларга бугун энди пилла топшириши шарт қилиб қўйилди. Худди шундай бизлар - маҳалла оқсоқолларига ҳам пилла боқиш топширилган эди. Лекин мен олмагандим. Энди "ўша 55 кило пиллани топиб берасан" деб талаб қилишяпти, - деди маҳалла оқсоқоли.

Жиззах туман ҳокимлигидан бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Жиззах туман Пилла тайёрлаш корхонаси раҳбари Шоҳруҳбек Аҳрорқулов Озодликнинг бу ҳақдаги саволини эшитиши билан алоқани узиб қўйди. У билан қайта боғланишга қилинган ҳаракатлар натижа бермади.

Жорий йил апрель ойи охирида Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши ортидан мевали дарахтлар билан бир қаторда тут дарахтларини ҳам совуқ уриб кетди.

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотга кўра, ўтган йили республикада 25 минг тонна пилла етиштирилган. Бу йил эса 26 минг тонна пилла етиштириш мўлжалланган.

Вазирликдаги Озодлик манбасининг айтишича, тут дарахтларини совуқ уриб кетганига қарамасдан, пилла режаси қайта кўриб чиқилмаган ва вилоятлардан режадаги пиллани қаердан бўлса ҳам топиб, бажариш талаб қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG