Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:04

Ҳижобли аёлларга қарши кампания Тошкентга етиб келди


Ички ишлар тиизимидаги манбанинг айтишича, Тошкентда ҳижобли аёлларни тутиш учун махсус гуруҳ тузилган.
Ички ишлар тиизимидаги манбанинг айтишича, Тошкентда ҳижобли аёлларни тутиш учун махсус гуруҳ тузилган.

Тошкентнинг Қўйлиқ бозорида ҳижоб ўраган аёллар ҳуқуқ-тартибот ходимлари тазйиғига учрамоқда. Бу ҳақда Озодликка маълум қилглан тошкентликларга кўра, рўмолини ечишга рози бўлганлар қўйиб юборилмоқда, эътироз билдирганлар эса Бектемир туман ички ишлар бўлимига олиб кетилмоқда. Озодликнинг ички ишлар тизимидаги манбаси бу хабарни тасдиқлаб, Қўйлиқ бозори ва шу ҳудудга туташ катта йўл трассасидаги ДАН масканларига рўмолли аёлларни тутиб келиш буюрилганини гапириб берди.


Озодлик манбаларининг билдиришича, Тошкентнинг Бектемир туманида жойлашган Қўйлиқ бозорида ҳижобли аёлларни тутиб, рўмолларни ечтириш кампанияси ўтган жума кундан бошланган.

Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасидаги Озодлик манбасига кўра, бунинг учун милициянинг бир нечта бўлими иштирокида махсус гуруҳ ташкил қилинган.

“Қўйлиқ бозорида рўмолли аёлларни ушлаб, Бектемир тумани ички ишлар бўлимига олиб боришяпти. Рўмолини дарров ечишга рози бўлганларни суҳбатлашиб, қўйиб юборишяпти. Лекин ечишга дарров кўнмаётганлар кўп, уларнинг яқинларини чақиртиришяпти, кимнингдир эри келяпти, яна кимнингдир отаси чақиртириляпти. Улар келгандан кейин жанжал-тўполон билан аёлларни қўйиб юборишяпти”, дейди шахси сир қолишини сўраган милиция ходими.

Унинг яна айтишича, рўмолли аёлларни тутиш гуруҳлари Қўйлиқ бозори билан бу ҳудудга туташ йўлларда ўрнатилган иккита ДАН масканига ташланган.

“Аёлларни Қўйлиқ бозоридан, кейин Бектемир ва Шарқ постгаиларидан (ДАН маскани-таҳр.) тутиб, панжарали автобусларга босиб олиб келишяпти. Ҳар бир автобусда 5-10тадан аёл олиб келинмоқда. Кейин, айтганимдек, ҳижобини ечишга рози бўлганларни суҳбатлашиб, қўйиб юборишмоқда. Ўжарроқларининг ишини террорчиликка қарши кураш бўлими ходимларига топширишмоқда”, дейди Озодлик манбаси.

Қўйлиқ бозорида ҳижобли аёллар тазийққа учраётгани тўғрисидаги хабарни у ерда таксичилик қиладиган тошкентлик ҳам тасдиқлади.

“Кечаги куни ўзим кузатиб турдим, нечтасини олиб кетишди. Бир иккитаси қаршилик қилган эди куч билан судраб олиб кетишганини кўрдим. Аёлларнинг тарафини оладиган одам йўқ. Ўзингиз биласиз, ҳозир уларнинг тарафини оладиган бўлсангиз, ўзингизни ҳам шуларга алоқадорсан, деб олиб кетишади”, дейди тошкентлик таксичи.

Озодликнинг ички ишлар тизимидаги манбаси ҳижобли аёлларга нисбатан тазйиқ кучаяётганига милиция ходимларининг орасида ҳам норозилик аломатлари пайдо бўлмоқда, дея қўшимча қилди.

“Ўзим ҳам ички ишларда ишлайман. Аёлларнинг ҳаддан ортиқ ўраниб олишига қаршиман мен ҳам. Лекин ҳозир жуда ошириб юборишяпти. Ҳозир айнан терроризмга қарши кураш бошқармасидаги ходимлар орасида буни тушуниб турганлар кўп. Улар билан гаплашсангиз, “э, тезроқ пенсияга чиқиб олсак, жонга тегиб кетди”, деганлар жуда кўп. Рости гап, Тошкентда бунчалик бўлишини кутмаган эдик. Марғилон билан Қўқонда (рўмол ечтириш кампанияси) бўлганини Озодликда ўқиганимда Тошкентда бунчаликка бормаса керак, деб ўйлаган эдим”, дейди ички ишлар тизимидаги Озодлик манбаси.

Ўтган ойда Фарғона вилоятига қарашли Қўқон ва Марғилон шаҳарларининг марказий бозорлари ва жамоат жойларида ҳижобли аёлларнинг бошида рўмоли мажбуран ечтирилаётгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди. Шундан кейин Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси Фарғона вилоятида аёлларнинг рўмолини ечтириш кампаниясига оид маълумотлар ўрганилаётганини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG