Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:38

"Ўзбекистонда уч йилдан кейин аёллар умуман пахта термайди"


Ўзбекистонда бу йил пахтанинг 6-7 фоизи машиналарда териб олинади. Озодликка бу рақамни берган мутахассисларнинг айтишларича, Ўзбекистон пахта териш тракторлари паркига ҳар йили минг донадан янги машина қўшиляпти. Бироқ бу кўрсаткич ҳам яқин йиллар орасида қўл теримига сафарбар этиладиган мажбурий ҳашарчилар муаммосини ҳал қила олмайди.

“Ўзагромашсервис” уюшмаси бўлим бошлиғи Қодир Исмоиловнинг айтишича, ўтган йили мамлакатдаги 1800 та машина ёрдамида пахтанинг қарийб 4 фоизи териб олинган:

- Бу йил яна мингта ишлаб чиқариляпти, пахта мавсумига қадар бу машиналар жойларга етказиб берилади. Бу дегани машинада пахта териш яна 2-3 фоизга ошади, дегани. Бу йил мингта, кейинги йил икки мингта, шунақа қилиб ишлаб чиқаришни ошириб борамиз. Кейинги беш йилда биз камида 40 фоиз пахтани машиналарда теришни режалаштириб қўйганмиз,- деди мутахассис.

Қодир Исмоиловга кўра, пахта териш машиналари аввалги “ТТЗ” тракторлари ўрнига “МТЗ” тракторлари билан комплектлаштирилганидан сўнг, бу агрегатларга талаб жуда ошиб кетган:

- Бу фермерларга жуда қулай. Бу машиналар бир ой давомида пахта териш учун ишлатилади, кейин уни пахта терадиган агрегатини ечиб қўйиб, йилнинг 11 ойи давомида бошқа мақсадларда ишлатиш мумкин. Бу йил эса пахта териш агрегатлари Жанубий Корея билан ҳамкорликда ишлаб чиқариладиган тракторларга қўйиб ишлаб чиқарилади. Бу ҳаммаси ҳукумат томонидан молиялаштириляпти. Ҳозирча йилига мингта тракторга пул ажратиляпти. Кейинги йиллардан балки кўпайиб қолар. Бош вазиримиз икки-уч йилда хотин-қизларни пахта теримига чиқармасликка ваъда берган. Олти етти йилдан кейин эса пахтанинг ҳаммасини машина теради,- деди Қодир Исмоилов.

Ўтган йили “МТЗ” тракторларига уланган пахта териш агрегатлари 154 миллион сўмдан фермерларга лизинг шартномаси асосида сотилган. Машиналарнинг бу йилги нархини эса Молия вазирлиги белгилаши айтилади.

Қодир Исмоиловнинг айтишича, лизинг билан трактор харид қилиш фермерлар учун жуда қулай:

- Лизинг бўйича фермер аввал машинанинг 15 фоиз қийматини тўлайди, қолган қарзни эса ўн йил давомида узади. Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманидаги фермерлардан сўраб кўринг, пахтани энди фақат мошинада терамиз, деб айтишади, дейди “Ўзагромашсервис” уюшмаси бўлим бошлиғи Қодир Исмоилов.

Тошкент трактор заводининг конструкторлик бюроси раҳбари Исроил Усмоновнинг Озодликка айтишича, ишлаб чиқарилган машиналар учун пахтазорлар тегишли тарзда тайёрланмаса, уларнинг унумдорлигидан наф бўлмайди:

- Мошина терими шунақа бир нарсаки у далада маълум бир тайёргарликни талаб қилади. Пахта майдони чигит экишдан бошлаб мошина теримига мослаштирилиши керак. Масалан ғўза қатор ораларининг 90 сантиметр бўлиши, ҳар 400-500 метрда мошинани бурилиши учун ўн метрча жой текисланиши керак. Агар фермер майдонни шундай ҳозирламаса унумдорлик ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, дейди Исроил Усмонов.

Расмийлар пахта териш машинларини ҳукумат лизинг шартномаси асосида бераётганини айтиб турган бўлса ҳам, лекин фермерларнинг аксарияти шундай шартнома асосида ҳам бу машиналарни сотиб олиш қудратига эга эмаслигини айтишади.

Наманганлик қишлоқ хўжалиги техникалари ихтирочиси Набижон Жумаевнинг айтишича, қарзга ботган фермерлар бу терим машиналарининг бошланғич қисми пулини ҳам тўлашга қодир эмас:

- Собиқ иттифоқ пайтидаги пахта териш машиналаридан асар ҳам қолмаган ҳозир. Фермернинг пули бўлса албатта сотиб оларди. Қашшоқ бугунги фермерлар. Жаҳон бозорида сотилаётган пахта толасининг ярим нархини ҳам фермерга беришганда эди, бундай бўлмасди. Пахта давлат монополиясими, демак давлат ўзи техника билан таъминлашда ёрдам бериши керак, деди Набижон Жумаев.

Расмийлар ўтган йил давомида Ўзбекистонда пахтанинг 95 фоиздан кўпи қўлда териб олинганини тасдиқлади.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг мактаб ўқувчиларини пахта теримига жалб этмаслик ҳақидаги қароридан сўнг, бу кампанияга корхона ва ташкилотлар ишчи ва хизматчилари, олийгоҳ ва коллежлар талабалари оммавий жалб этила бошланди.

Ўтган йиллар давомида ишчи ва хизматчилар, талабаларнинг мажбурий пахта теримига жалб этилганини Озодлик қадамба-қадам ёритиб келди.

Мажбурий пахта теримига жалб этилганлар орасида турли сабаблар билан қурбон бўлганлар сонининг Озодликка маълум бўлгани 20 нафардан ошган эди.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини одамларни мажбурий меҳнатга жалб этаётгани учун мунтазам танқид қилиб келади.

Дунёдаги юздан ортиқ кийим-кечак ишлаб чиқарувчи йирик компаниялар ўзбек пахтасидан фойдаланишни бойкот қилган.

XS
SM
MD
LG