Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:17

Ўзбекистон қирғиз қишлоғига, Қирғизистон ўзбек қишлоғига сув бермаяпти


Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида сув, чегара ва яйловлар масаласида тез-тез низолар содир этилади. Суратда: Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги қишлоқлардан бирида 2013 йилда содир этилган низо пайтида ағдарилган машина.
Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида сув, чегара ва яйловлар масаласида тез-тез низолар содир этилади. Суратда: Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги қишлоқлардан бирида 2013 йилда содир этилган низо пайтида ағдарилган машина.

Ўзбекистоннинг Чашма қишлоғи қирғиз томони, Қирғизистоннинг Қирғизқишлоқ овули эса ўзбек томони сув йўлини тўсиб қўйгани сабабли бир неча йиллардан бери деҳқончилик қила олмай, ичимлик сувини ҳам бир неча чақирим наридаги қишлоқлардан ташишга мажбур бўлмоқда.

"Ўзбекистон йўл берди, бироқ Қирғизистон сувни очмади"

Ўзбекистоннинг Чашма қишлоғи Сўх эксклавида жойлашган ва қирғиз қишлоқлари билан чегарадош. Мазкур ҳудудда икки йилдан бери деҳқончилик учун ҳам, ичиш учун ҳам сув йўқ.

Чашмаликларнинг айтишича, сув можароси Қирғизистоннинг Бирлик қишлоғи аҳолиси чегаранинг аниқланмаган ҳудудидан ўз ҳамқишлоқларидан бирининг уйига йўл очиб беришни талаб қилгани ортидан келиб чиққан. Бироқ чашмаликлар бунга рози бўлмагач, қирғиз томони сувни тўсиб қўйган.

-Уч юз ўн олти хўжаликка бериладиган сув йўлларини Қирғизистон фуқаролари тўсиб олган. Мана шу ариқдан 80 хўжалик сув ҳам ичар эди. Ҳозир уларда ҳам сув йўқ, - дейди чашмалик Ўлмасжон Илёсов.

Чашмаликларнинг айтишича, сувнинг йўқлиги туфайли 50 гектардан ортиқ экинзор йил сайин қуриб қолмоқда. Ичимлик сувини эса одамлар 2 километр наридаги қўшни қишлоқдан ташиб келмоқда.

Ўзбекистоннинг Сўх туманидаги ер ва сув масаласи билан шуғулланувчи давлат идорасида ишловчи манба Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Чашма қишлоғи аҳолиси муросага келиб Қирғизистонликлар талаб қилган йўлни очиб берганини айтди.

“Бироқ қирғиз томони шу кунгача сув йўлини очгани йўқ. Қирғизистоннинг Қадамжой тумани Бирлик қишлоғи раҳбари Ҳасан Жўраев сув йўлини очиб беришга ваъда берган эди, бироқ шу кунгача у ҳам ҳамқишлоқларини бунга кўндира олмаяпти”, деб айтди сўхлик манба Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

"Ўзбекистон сув бермай қўйганига тўрт-беш йил бўлди"

Қирғизистоннинг Қадамжой тумани Қирғизқишлоқ овули аҳолиси ҳам 5 йилдан бери сувсизликдан қийналмоқда. Расмийларнинг айтишича, бунга Ўзбекистон томони 7 минг аҳоли яшайдиган қирғиз қишлоғига сув йўлини беркитиб қўйгани сабаб бўлган. Қирғиз қишлоғи расмийлари Ўзбекистон нега сув йўлини беркитиб қўйгани сабабларини билмаслигини, аммо бу масалада кўп йиллардан бери олиб борилаётган сўзлашувлар натижа бермаётганини айтмоқда.

-Биз Ўзбек Республикаси билан чегарадошмиз. Авваллари сув қишлоғимизга Ўзбекистондан келар эди. Аммо тўрт –беш йилдан бери ўзбек томони бизга сув бермай қўйди. Сувсизлик туфайли деҳқончилик ҳам бўлмай қолди. Авваллари бу ерда йилига уч марта ҳосил олса бўлар эди. Шунинг учун ҳамма қишлоқда ишларди. Ҳозир эса деҳқончилик бўлмагач, қишлоқ аҳолиси Россияга иш излаб кетишга мажбур бўлмоқда. Бу масала маҳаллий даражада ҳал бўлмаяпти. Шунинг учун ҳукумат бу муаммони ҳал этиб бериши керакка ўхшайди, - деди Қирғизқишлоқ кенгаши депутати Абдугапар Жусупов.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги қишлоқлардаги бу каби муаммолар икки давлат фуқаролари ўртасида турли низоларнинг келиб чиқишга сабаб бўлмоқда. Масалан, Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги мухтор вакили Жениш Разаков ўтган йилнинг март ойида ўтказган матбуот анжуманида ҳар йили Сўх экслави билан чегарадош ҳудудларда 5 тадан 15 тагача низо содир этилишини, бу конфликтларнинг асосий сабаби сув, йўл ва яйловлар бўлишини айтган эди.

Бироқ 2015 йилнинг шу кунигача мазкур ҳудудда ўзбек ва қирғиз қишлоқлари аҳолиси ўртасида низолар содир этилгани ҳақида маълумотлар йўқ.

XS
SM
MD
LG