Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:37

Пилла мавсуми арафасида ўзбек фермерининг уйқуси қочди


Март ойи охирида ёққан қор туфайли тут баргларини совуқ уриб кетгани пилла етиштирувчи ўзбекистонлик фермерларни ташвишга солиб қўйди. Уларни бу йил пилла топшириш бўйича давлат томонидан белгиланган режани бажаролмаслик истиқболи хавотирлантирмоқда.

Ўзбек фермерлари пилла етиштириш бўйича бу мавсумда дуч келган муаммо ҳақида Озодликка қашқадарёлик Раҳматилло айтиб берди.

Овозини эшиттирмаслик шарти билан гапирган суҳбатдошимизга кўра, одатда ҳар йили май ойининг биринчи ўн кунлигида фермерларга юзлаб қути пилла қурти личинкалари тарқатиб бериларди. Ўз навбатида, фермерлар бу қутиларни қурт боқадиган оилаларга тарқатиб берарди.

Раҳматиллонинг айтишича, у кеча қурт уруғ тайёрлайдиган пункт ходимларидан бири билан гаплашган. Ходим яқин бир ҳафта ичида личинкалар фермерларга тарқатиб берилмаса, ўла бошлаши мумкинлигини айтган.

Самарқанд далаларидан биридаги тут кўчати
Самарқанд далаларидан биридаги тут кўчати

- Аммо тут баргларини совуқ уриб кетгани ермерларнинг ҳам, оддий қуртбоқарларнинг ҳам бошини қотириб қўйди. Ахир улар планни бажарсалар, мукофот олишлари, бундан ташқари, рўзғор учун зарур бўлган ун, ёғ, шакар каби маҳсулотларни ярим нархида олиш имтиёзига эга бўлардилар-да, - дейди Раҳматилло.

Озодликнинг Ўзбекистон ичидаги манбалари тут кўчатларининг совуқ уриши каби танг ҳолат Қашқадарё ва Сурхондарёдан ташқари Самарқанд, Навоий ва Жиззах вилоятларида ҳам кузатилаётганини айтдилар.

Самарқандлик тингловчимизга кўра, куни кеча бу муаммо юзасидан вилоят ҳокимлигида ҳам мажлис ўтказилган.

- Ҳоким фермерларга: “Нима қилиб бўлса ҳам, дори солиб, сув қуйиб бўлса ҳам, икки-уч кун ичида тут баргини каттайтирмасаларинг, менгаям қийин бўлади, сизларгаям”, деб айтган, - дейди самарқандлик суҳбатдошимиз.

Ўзбекистонда пахта ёки пилла каби стратегик аҳамиятга эга бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш бўйича давлат режасини бажаролмаган фермерлар турли босимларга дуч келгани, таҳқирлангани, баъзилари эса ҳатто ўз жонига қасд қилгани ҳақида Озодлик аввал бир неча бор хабар қилган.

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев ана шундай муаммоларга дуч келмаслик учун ўзбек фермерларига қатор тавсияларни берди.

- Мустақил комиссия-ку тузилиши қийин, лекин ҳар бир туман, ҳар бир вилоят ҳокимияти қошида давлат комиссияси тузиб, етказилган зарарни аниқлаши керак ва Вазирлар маҳкамасига ёки бошқа юқори мутасадди ташкилотларга, ҳатто президентгача етказилиши керак бу ҳолат. Албатта, бўяб кўрсатмасдан, бор етказилган зарарни кўрсатиб, “бу йил кутилган ҳосилнинг мана шунчасини энди ҳеч қанақа йўл билан топиб бўлмайди”, деган хулосалар қилишини керак.

Агар бу нарса қилинмаган тақдирда, фермер хўжаликлар, фермерлар уюшмаси ўз ташаббуси билан етказилган зарар оқибатида пландан қанчасини бажаролмаслигига оид кўрсаткичларни ёзиб қўйиши керак. Ҳар эҳтимолга қарши ҳар бир фермер, ҳар бир фермерлар уюшмаси бу ҳаракатларни ўзлари ташаббус билан чиқишиб, қилишлари керак. Буни исботлаб, давлат идораларига ўтказа оладими-йўқми, бу энди иккинчи масала. Лекин, агар давлат комиссиялари тузилмаган бўлса, ўзлари шундай комиссияларни тузиб, ҳужжатларни ҳозирдан тайёрлашлари керак, - дейди Фарғона водийсида ҳам тут кўчатларининг совуқ уриши билан боғлиқ муаммо кузатилаётгани айтган ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев.

XS
SM
MD
LG