Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:37

Фарғонада яқинлари қидирувда бўлган 13 киши қамалди


Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида "Ҳизбут Таҳрир" диний оқимига алоқадорликда айбланган 13 киши устидан ҳукм ўқилди. Озодлик манбаларига кўра, 6 апрель кунги маҳкамада маҳкумларга 6-10 йилдан қамоқ ва шартли жазо берилган. Қамалганлар орасида 1 аёлнинг борлиги айтилди. Норасмий манбалар қамалганларнинг айримлари маҳаллий ҳокимият ходимлари эканини иддао қилмоқда.

Вилоятдаги ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирида ишловчи манбадан олинган маълумотга кўра, маҳкама 1 ҳафта давом этган ва судланувчилардан 7 нафарига 6-10 йилдан қамоқ жазоси берилган.

Бу маълумотни ўрганган фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашевга кўра, қолган 5 нафар судланувчига шартли жазо берилган:

"Уларнинг ҳаракатларида жиноят таркиби топилмагани учун озод килиб юборилган. Шартли жазо берилганлар орасида 1 аёл киши бор экан. Судланувчиларга "Ҳизбут Таҳрир" диний оқимига аъзолик айби қўйилган ва суддаги бир манбанинг айтишича, маҳкамада уларни айбни бўйнига олишган", дейди ҳуқуқ фаоли.

Фарғоналик яна бир манба - исми ошкор этилмаслигини сўраган бир адвокат эса шу кунда вилоят судида диний мотивлардаги жиноятларда айбланган 30 киши устидан маҳкама кетаётгани, ҳукм ўқилган 13 киши бу гуруҳга алоқадор гуруҳ сифатида кўрилганини айтмоқда.

Бу адвокат ҳам маҳкамага тортилганларнинг аксарияти вилоятнинг Олтиариқ тумани Полосон қишлоғида яшовчи 16-18 ёшдан 30 ёшгача бўлган фуқаролар эканини айтмоқда.

Айни жиноий иш ҳақида Озодликка хабар йўллаган Олтиариқлик яна бир манбанинг яна айтишича, судланувчиларни ҳуқуқ-тартибот идораларининг қора ниқобли гуруҳи 2014 йилнинг август ойида қўлга олган.

"Хамма хонадонни кора кийим кийган юзи маскали аскарлар босишган. Хар бир оиладан 2 ёки 3 кишини камокка олишган, жами 30 тача инсонни камокка олишганди. Уйларни тинтув килинганда уларда йук булган дискларни ташлаб, хар бир хонадондан 2 ёки 3 кишидан олингани сабаби кейин маълум булди - хар бир хонадонни биттадан вакилига йук айбни буйнига олиш шарти билан колган оила аъзоларни озод этишни таклиф килишган. Махбуслар мажбур рози булишган, рози булмаганларни каттик инсон зоти кутаралмайдиган азоблар билан кийнашган. Бу азоб турларига дубинка билан оёк остига уриш, кечалари уйки бермаслик, электр токи уланган столда азоблаш кабилар. Баъзи хонадонлардан эр - хотин олиб кетилган, эрга айбни буйнига олмаса хотинини номусига тегиш билан тахдид килишган", деб иддао қилди фарғоналик манба.

Шунингдек, бу манба ҳибсга олинган ва қамалганларнинг кўпчилиги хорижга кетгач, ортидан Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари диний мотивлардаги жиноятларда айблаб, қидирув эълон қилган шахсларнинг оила-аъзолари эканини айтмоқда.

Бундан ташқари, судга тортилган ва қамоққа ташланганлар орасида туман ҳокимликлари ҳамда бошқа давлат идораларида ишлаган мулозимларнинг ҳам борлиги айтилмоқда.

P.S: Мақола эълон қилингач, Озодликка боғланган бир манба судланувчиларнинг исми-фамилияси ва касби-корига оид маълумотларни йўллади. Манба айни иш устида маҳкаманинг қарийб 2 ой давом этгани ва шахсан ўзи унда иштирок этганини иддао қилмоқда.

Қуйида ушбу манба Озодликка йўллаган матн ўзгаришсиз чоп этилмоқда:

"Айблов хулосаси билан танишганим учун айтяпман, юқорида берган малумотларинг, мақолаларинг 100% тугри. Фақат номларини, муддатини, олий маълумотли инсонлар борлигини қушиб қўйсаларинг яхши булар эди:

- Эргашев А. КРУ ходими, 6 йил;

- Яқубов А. 24 ёш, 6 йил;

- Мамаризаев А. 25 ёш, 10 йил;

- Мамаризаев А. 30 ёш, 6 йил;

- Рахмонов А. 23 ёш, 6 йил;

- Ҳайдаров М. Молияда ғазначи, 6 йил;

- Абдурахмонов А. коллежда ўқутувчи, 6 йил;

- Муминов А. санаткор оилани фарзанди, Мархум хофиз Охинжон Мадалиев саставига алоқадор 25 ёш, 10 йил;

- Илхомжон аптекар, Санаторяда ишлайди ёши тахминан, 35 - 40 ларда, 10 йил;

- Яна бири Қувасой хокимлигида ишлар экан, исмини эслай олмадим, 3 йил;

- Умарқулова З. 40 ёш, 6 йил;

- Ҳикматилло 22 ёш, штраф бир ярим миллион;

- Ҳокимнинг шофёри, унга хам штраф;

- Олтиариқ жоме масжид ёнидан Бахриддин деган йигит, 35 ёш, 14 йил, ёлғиз судланди. Атак шу Ҳизбга алақадор бўлиши мумкин", деб иддао қилди олтиариқлик манба.

Ҳозирча Озодликда бу маълумотни тасдиқловчи бошқа маълумот йўқ. Таҳририят судланувчиларнинг шахсига оид ва уларга қўйилган айбловга оид норасмий маълумотларга аниқлик киритишга уринмоқда.

Янгиликларни Озодликда кузатиб боринг!

XS
SM
MD
LG