Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:05

Тошкент олийгоҳлари талабалардан ишламаслик ҳақида тилхат олмоқда


Тошкент олий ўқув юртларида талабалардан ўқиш пайти ва ўқишдан кейин ҳеч қаерда ишламаётганликлари ва ишламасликлари ҳақида кафолат хати ёздириб олинмоқда. Бундай талаб шартнома пулини тўлаш ёки кундалик ҳаражатларини қоплаш учун ўқишдан кейин ишлашга мажбур бўлган талабаларни анча қийин аҳволга солиб қўйган.

Тошкент Давлат техника институтининг 3-босқич талабаси Қодир контракт пули ҳамда кундалик ҳаражатларини қоплаш мақсадида ўқишдан кейин пойтахтдаги ошхоналарнинг бирида ошпаз бўлиб ишлаб келган. Энди у ўқишдан кейин ишлай олмайди.

Қодирнинг Озодликка айтишича, яқинда институт раҳбарияти у ва унинг курсдошларидан ўқиш пайти ва ўқишдан кейин ишламасликлари ҳақида тилхат ёздириб олган.

- Мен фалончиев пистиёнчи, шу университетнинг шу босқичида ўқийман ва менга ажратилган дарс машғулотлари оралиғида ишламасликка ваъда бераман, деган мазмунда тилхат ёзиб бердик. Улар ишлаётган талабалар ўқишдан ҳайдалишгача боради, дейишяпти,- дейди Қодир.

Олийгоҳ раҳбариятининг бундай талаби Қодир каби шартнома пулини тўлаш ёки кундалик ҳаражатларини қоплаш учун ўқишдан кейин ишлашга мажбур бўлган талабаларни анча қийин ахволга солиб қўйди.

- Асосий муаммо пул. Биринчи навбатда контракт пули. Бундан ташқари кундалик ҳаражатлар. 70-80 фоиз талаба вилоятлардан келган. Ҳозир ўртача квартира нархи бир одам учун ойига 150-200 минг сўмни ташкил қилади. Бундан ташқари қорин тўйдириш керак. Кунига икки маҳал овқатланса ҳам 10-15 минг сўм кетади. Умумий расходни ҳисобласа талабанинг бир ойлик ҳаражати 600 минг сўмга бориб қоляпти. Оладиган стипендиясига проездной олади. Институтни ҳаражатлари билан стипендия йўқ бўлиб кетади. Кўряпсизми қанча пул керак,- дейди Қодир.

Тошкентнинг бошқа олий ўқув юртларида ҳам талабалардан ишламасликлари ҳақида тилхатлар олинмоқда.

Тошкент Давлат Аграр университетининг 2-босқич талабаси Дилшоднинг айтишича, унинг курсдошлари орасида 70 фоизи ўқишдан кейин ишлайди.

- Кўпчилик ўқишдан кейин официант бўлиб ишлайди, айримлар дўконларда қўриқчи бўлиб ишлайди. Мардикорлик қиладиганлар ҳам бор. Ўқиш пайти меҳнат дафтарчасини олиб ишлаётганлар ҳам кўп. Энди ҳозир тилхат ёзиб берилганидан кейин талабаларга пул топиш қийинлашади. Менинг ўзим ҳам официантлик қилганман. Ҳозир энди фақат ота-онам берадиган пул ва стипендияга кун кўришга мажбурман, - дейди Дилшод.

Сўнгги йилларда талабаларнинг ўқиш қолиб, тирикчиликка берилиб кетиши олийгоҳ раҳбариятини радикал чоралар кўришга ундаган кўринади.

Тошкент Давлат Аграр университетининг Озодлик боғланган ходимларидан бири талаба ўқишдан кейин ишлайдиган бўлса, ўқув юртидан ҳайдалиши мумкинлигини тасдиқлади.

- Бу қонун доирасида бўлиши керак. Ярим ставка ишлаши мумкин, лекин фақат ўқиётган мутахассислиги бўйича. Масалан, қишлоқ хўжалиги бўйича ўқиётган бўлса, шу соҳада ишлаб, билимини ошириш мумкин. Тўлиқ ставкаларда ёки ўқишдан кейин ҳар хил ишларни қилишга ҳуқуқи йўқ. Ё ўқиш керак, ё ишлаш керак. Агар ўқиш пайти ёки ўқишдан кейин талаба ишлаётган бўлса, у элементарний ўқишдан четлаштириб юборилади,- дейди Тошкент Давлат Аграр университети ходимларидан бири.

Талабаларга ишлаш тақиқлангани уларнинг ўқишга кўпроқ урғу бериб кўпроқ билим олишларига имкон бермайдими, деб сўраймиз Тошкент Давлат техника институтининг 3-босқич талабаси Қодирдан.

- Ўқиш керак. Қорнингиз тўқ бўлса, устингиз бут бўлса, ўқиш ҳақида ўйлайсизку. Қорнингиз оч бўлиб, ўртоқларингиздан камсиниб киядиган кийимингиз мундоқроқ бўладиган бўлса, тўғри келмайдику. Бу ерда ҳамманинг ҳам ота-онаси қурби етмайди-да. Ўртача оиладан келган болалар кўп. Ҳозир кўпчилик “дарсдан кейин мардикор бозорига чиқиб ишлар эдик шуни ҳам йўқ қилишди”, деб куйиняпти,- дея жавоб қилади Қодир.

Тошкент Давлат Аграр университетининг 2-босқич талабаси Дилшод эса студентларга ишлаш тақиқланадиган бўлса уларнинг куз ойларида пахтага чиқарилиши, дала меҳнатига жалб этилиши ҳам тақиқланиши керак, дейди.

- Олий ўқув юрти раҳбарияти студентларни ўқиши ҳақида шунча қайғураётган экан уларни пахтага, чопиққа ҳам чиқармасин. Лекин, талаба пахтага чиқмаса ҳукуматга зарар-да. Талаба контракт пулини қаердан топади, кундалик ҳаражатларини қандай қоплаши эса уларни кўп ҳам ўйлантирмайди,- дейди Дилшод.

Айни пайтда кўплаб талабалар университет раҳбариятининг қатъий талабларига қарамай ўқишдан кейин ишлашни давом эттираётганликлари айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG