Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:40

Тошкент ҳокими вояга етмаганларнинг Интернет-кафеларга киришини чеклади


Ўзбекистондаги Интернет-кафеларда назорат шундоқ ҳам кучли бўлган.
Ўзбекистондаги Интернет-кафеларда назорат шундоқ ҳам кучли бўлган.

Тошкентда вояга етмаган болаларнинг Интернет-кафеларга кириши тақиқлаб қўйилди. Пойтахт ҳокимининг бу ҳақдаги қарорига кўра, 18 ёшга тўлмаган болаларнинг Интернет-кафелар ва компьютер клубларига дарс вақтида ҳамда оқшомдан кейин ота-онасидан бировининг кузатувисиз бориши мумкин эмас. Айни қарорга кўра Интернет-кафелар кеч соат 9да ёпилиши лозим. Бу соҳада фаолият қиладиган тошкентлик юзлаб тадбиркорларнинг кўпчилиги ҳоким қарори бизнесларини синдиришидан хавотир билдирмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокими 18 февраль куни имзолаган қарор ортидан пойтахт туманлари маъмуриятлари ўз ҳудудларидаги юзлаб тадбиркорларни чақиртириб, Интернет-кафелар фаолиятига доир янги тартиб жорий қилинишидан хабардор қилинди.

Тошкентдаги йирик Интернет-кафелардан бирининг хўжайини Озодлик билан суҳбатда пойтахт ҳокимиятининг қарори катта сармоя қилинган бизнесининг синишига олиб келишидан гап бошлади.

Нима қилишимизни билмаяпмиз. Бошқа соҳани қидираяпмиз лекин. Қарорнинг ҳамма пунктларини бажарадиган бўлсак, бизларнинг савдомиз деярли 70 фоизга тушиб кетади. Бу ëғи 30 фоиз. Бизларда аренда, налог, деган нарсалар бор. Ҳисоблаб чиқдим, бизнес синади. Мажлисдан бери нима бўларкан, деб юрибман,- дейди исмини очиқламаслигимизни сўраган Интернет-кафе хўжайини.

Интернет-кафеларда назоратни кучайтириш ёшларни тақиқланган сайтлардан иҳота қилиб бўлмайди, дейди тадбиркор.
Интернет-кафеларда назоратни кучайтириш ёшларни тақиқланган сайтлардан иҳота қилиб бўлмайди, дейди тадбиркор.

Ўз клубида юздан ошиқ компьютери борлигини айтган тадбиркорга кўра, ҳоким қарори бажарилиши шарт ва муҳокамага ўрин йўқ, деган муждани тадбиркорларга уқтириш мақсадида туман ҳокимиятидаги мажлис куч ишлатар идоралар раҳбарлари иштирокида ўтказилган.

- Туман ҳокими ўтказди. Прокурор ëнида ўтирган эди. Кейин РОВДнинг бошлиғи ва налог бошлиғи. Тўртовлон ўтказишди. Улар қўрқитишдими билмайману лекин қарорнинг ўзи қўрқитиб қўйяпти,- дейди Тошкентлик тадбиркор.

Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорида Интернет-кафелар фаолиятининг чекланиши “миллий маънавиятимизга зид бўлган, жангарилик, шафқатсизлик ва ҳаёсизликни тарғиб этувчи лавҳалар, суратлар, сайтлар, фильмлар кўпайганлиги, бу вояга етмаган ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатиб, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликнинг ошишига асосий сабаблардан бири бўлаётганлиги” билан изоҳланади.

Юнусобод тумани ҳокимлигининг маънавият ва маърифат масалалари бўйича мутасаддиси Озодлик билан суҳбатда, Интернет-кафелар кафеларнинг назоратсиз фаолияти салбий оқибатларга олиб келганига мисол келтирди.

- Энди бизларда битта нарса бўлдики, иккита воқеа бўлаяпти. Иккита оиланинг ўрта махус касб ҳунар коллежи битирувчилари Каунтерстрайк (жангари компьютер ўйини-таҳр.) ўйнагандан кейин, озгина пул ҳам аралашганми, биттаси биттасига ютқазгандан кейин охири жиноят содир этилади. Битта вояга етмаган бошқа вояга етмаганни сўйиб юборади. 18га кирмаган бола ўлаяпти ҳозир. Иккинчи бола ҳозир колонияга кетяпти,- деди ҳокмилик расмийси.

Ҳокимлик расмийси компьютер ўйини ёшлар орасида зўравонликка сабаб бўлаётганини айтади.
Ҳокимлик расмийси компьютер ўйини ёшлар орасида зўравонликка сабаб бўлаётганини айтади.

Ҳоким қарорида “фойдаланувчи томонидан интернет тармоғи орқали бузғунчи, диний экстремистик ва террористик веб-сайтларига ташрифи, таъқиқланган материалларнинг тарқатилиши, қабул қилиниши ва бошқа шубҳали ҳаракатлар аниқланган тақдирда, далилий ашёларни сақлаб қолиш ҳамда зудлик билан ҳуқуқ-тартибот идораларини хабардор қилиш тавсия этилсин” дея кўрсатилган.

Тошкент шаҳар ҳокими қарори бизнесини синдиришини айтаётган тадбиркор Интернет-кафе мижозларининг тақиқланган сайтларга кириши шундоқ ҳам назорат остида бўлиб келгани, бундай сайтларга кирмоқчи бўлганлар бошқа воситалардан фойдаланишини айтади. Ҳукумат давлатга солиқ тўлаб келган бизнесни бундай важ билан синдириши “бургага аччиқ қилиб, кўрпага ўт қўйиш” билан баробар, дейди тадбиркор.

- Улар бизга бу соҳадан фойда керак эмас, дейишяпти. Энди тақиқланган сайтларни айтишяпти. Интернет-кафеларда камералар қўйилган, назорат кучли, тақиқланган сайтга ҳеч ким кирмайди. Ҳозир ҳамманинг уйида Интернет бор, қўл телефонлари бор, тақиқланган сайтга кираман, деса бемалол киради, дейди тошкентлик тадбиркор.

Тошкент шаҳар ҳокимиятининг қарори Ўзбекистонда Интернетни чеклашга доир навбатдаги чорадир. Мамлакатда жаҳон тармоғи устидан назоратни кучайитиришга қаратилган кўплаб қарорлар қабул қилингани боис халқаро ташкилотлар Ўзбекистонни “Интернет душмани”, дея таснифлайди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ўтган ойда Вазирлар Маҳкамаси йиғинида қилган чиқишида мамлакатда 20 миллион одам уяли телефон хизматидан фойдаланиши, Интернет фойдаланувчилари сони эса 10,2 миллионга етганини мақтаниб гапирган эди.

XS
SM
MD
LG