Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:26

Қирғизистонда ўқитувчи она ўз фарзандларини ўлдирди


Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги мактабда инглиз тилидан дарс бериб келган аёлнинг икки фарзандини ўз қўли билан ўлдириши жамоатчилик тарафидан қизғин муҳокама қилинмоқда.

Мазкур мудҳиш воқеа 15 февраль куни Бишкек шаҳри чеккасидаги янги мавзелардан бирида куппа-кундузи рўй бергани айтилаяпти.

Милиция маълумотида айтилишича, 34 ёшли аёл дастлаб болаларини дори бериб ухлатишга уриниб кўрган, дори таъсир қилмаганидан кейин эса уларни пичоқлаган.

Қотиллик тафсилотлари ҳақида Бишкек шаҳар милиция бошқармаси матбуот котиби Ўлжўбай Қазабаев Озодликнинг қирғиз хизматига қуйидагиларни айтди.

- У айбини тўла бўйнига олди. Тергов жараёнида унинг пойтахтдаги 44-ўрта мактабда инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлаб келгани аниқланган. У дастлаб 4 яшар қизи Нурайимга уйқи дориси берган. Кейин 3 яшар Чингизга дори беришга уриниб кўрган, болакай йиғлаб туриб олган. Шундан кейин она ошхонадаги пичоқ билан болаларини ўлдирган, - деди Қазабаев.

Она бунгача ўз жонига қасд қилишга уринган.

Ёш болаларини пичоқлаб ўлдирганликда гумонланаётган аёлга нисбатан жиноий иш очилиб, ҳозир Бишкек шаҳар милициясида ҳибсда ушлаб турилибди. Тергов жараёнида у бунгача икки марта Республика психиатрия соғлиқни сақлаш марказида даволангани ва болаларини ўлдиришни аввалдан режалаб келгани, шунингдек, бунгача ўз жонига қасд қилишга уриниб кўрганини айтган.

Милиция маълумотида айтилишича, қотилликда гумонланаётган аёл ўтган йил октябригача Бишкек яқинидаги Қант шаҳридаги мактабда инглиз тилидан дарс берган. 2009 йили турмушга чиқиб, эри билан шу ерда истиқомат қилиб келган. 2013 йилнинг ёзида оила пойтахтга кўчиб келган. Аёлнинг турмуш ўртоғи бозорда юк ташувчи бўлиб ишлайди.

Айни пайтда руҳий хасталиги бор аёлнинг қандай қилиб мактабга ўқитувчи қилиб олингани жамоатчилик орасида қизғин муҳокама қилинмоқда.

Қирғизистон Таълим ва фан вазирлиги матбуот котиби Амантур Ақматов фарзандларини ўлдирган аёл қай тарзда мактабга ишга олингани текширилаётганини айтиб, айбдорлар жазоланишини урғулади.

- Айни дамда биз томондан текширув ишлари олиб борилмоқда. Унинг қандай ишга олингани ўрганилади. Махсус комиссия барчасини ўрганиб чиққанидан сўнг масъул раҳбарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади, - деди Амантур Ақматов.

Шунингдек, Қирғизистон Таълим ва фан вазирлиги матбуот котиби қотилликда гумонланаётган аёл ишлаган мактаблар ҳақида тўхталди.

- Дастлаб у Бишкек шаҳридаги 49-мактабда, сўнг 64-мактаб-гимназияда, кейинроқ эса Иссиқ-Ота туманидаги ўрта мактабда ишлаган экан. Ўтган йилнинг октябридан бошлаб у пойтахтдаги 44-мактабда инглиз тилидан дарс бериб келган. Мактаб директори уни илғор ўқитувчилардан бири бўлганини ва бу ишга қўл ургани бутун коллективни ҳайратга солганини айтмоқда, - деди Амантур Ақматов.

Руҳий хаста ота-оналарни ким назорат қилади?

Бишкекдаги “Болаларни асраш лигаси” нодавлат ташкилоти етакчиси Назгул Турдубекова баҳор фаслида руҳий касалларнинг дарди қўзғаши ва бундай инсонлар устидан назорат кучайтирилиши кераклигини айтади.

- Руҳий хаста экани аниқланганидан кейин уни шифокорлар ўз назоратига олишлари керак эди. Тегишли врачлар тарафидан рўйхатга олиниб, вақти-вақти билан текширилиб туриши керак эди. Оиласи ҳам қараб турса бўларди. Бир тарафдан, бундан инсонларнинг ишлашига қонуний чеклов йўқ. Чунки уларнинг ҳуқуқи поймол қилиниши мумкин. Аслида бундан одамлар доим назоратда бўлишлари керак, - дейди мутахассис.

Таълим соҳасидаги мутахассислар руҳий хасталиги бор инсонларнинг мактабда дарс бериши тўғри эмаслигини таъкидлашмоқда. Уларга кўра, ўз болаларини ўлдиришдан тап тортмаган одамнинг бошқалар ҳаётига таҳдид қилмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди.

17 февраль куни Қирғизистон Таълим ва фан вазирлиги яқин келажакда таълим соҳасида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг руҳий ҳолати, соғлиги ҳамда уларнинг муқаддам судлангани ҳақидаги маълумот текширилишини билдирди.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистонда бугунги кунда 2207 та мактаб бўлиб, уларда 1 миллион 27 минг ўқувчи таҳсил олади​. Уларга 70 мингдан кўпроқ ўқитувчи дарс бериб келмоқда.

XS
SM
MD
LG