Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:36

Тилаб Маҳмудов: Рассомлар қизларнинг яланғоч баданимас, қалбини тасвирласин!


Рассом Янис Салпинкиди юбилейига бағишлаб ўтказилаëтган кўргазма
Рассом Янис Салпинкиди юбилейига бағишлаб ўтказилаëтган кўргазма

8 декабрь куни “Халқаро рассомлар куни” арафасида 70 ëшга кирган ўзбек рассоми Яннис Салпинкидининг кўргазмаси Тошкентдаги марказий кўргазмалар саройида очилди. Рассомнинг кўргазмага қўйилган яланғоч аëллар акс этган асарлари томошабинлар орасида мунозарага сабаб бўлди.

Рассомнинг эллик йиллик ижоди махсули бўлган мингдан ортиқ тасвирий санъат асарларидан тартиб берилган кўргазма ўзбек созандаларининг жонли ижросига ҳамоҳанг тарзда очилди.

Кўргазма очилиши
Кўргазма очилиши

Озодлик билан суҳбатда рассом Янис Салпинкиди мамлакат ва инсон манзараларини чизиш воситасида Ўзбекистонга меҳр ва муҳаббатини изҳор қилганини таъкидлади:

- Мамлакатим манзараларини иштиëқ билан чизаман. Севимли заминимизни сева-сева тасвирлайман. Мен бу заминдан узила олмадим. Мен аслан юнонман. Юнонистонга кетмоқчи эдим, кета олмадим. Гўзал Ўзбекистонни ташлаб кетишга кўзим қиймади. Хозир Чорвоқда кичик боғчам бор. Ўша ерда манзараларни чизиб ўтирибман. Ëшим етмишда, лекин ҳар куни расм чизяпман. Бу йил мен тоғларда беш мингта холстга манзаралар чиздим. Шаҳардаги устахонамда эса яланғоч аëллар расмини чизаман. Яланғоч аëл минг йил олдин ҳам гўзаллик тимсоли бўлгани қадимги юнонлар санъатида исботини топган. Бу ишим билан мен санъатга Тициан ўрнаги бўлган профессионализмни қайтармоқчиман¸ - дейди рассом.

Кўргазмада
Кўргазмада

Айни пайтда кўргазмага қўйилган ва Янис Салпинкиди мўйқаламига мансуб яланғоч аëллар тасвири томошабинлар орасида мунозарага сабаб бўлди.

Ўзбек тасвирий санъатида яланғоч аëллар тасвири зеҳниятимизга ëт, деган фикрлар билдирилди.

Таниқли ўзбек санъатшуноси профессор Тилаб Маҳмудов ўзбек рассомлари қизларнинг яланғоч баданини эмас, гўзал қалбини тасвирласин, деган фикрни билдирди:

- Чунки бу бизнинг дилимизга¸ динимизга¸ урф-одатимизга тўғри келмайдиган нарса. Тасвирий санъат ҳар бир миллатнинг тарихи¸ тақдири бугун ва келажагини куйлайдиган санъат. Нафақат ўзбек рангтасвирида, балки театр спектакллари ва фильмларда ҳам яланғоч аëллар акс эттирилмайди. Рассомларимиз жаҳон санъатидан яланғоч аëллар расмларини кўриб ўрганиши мумкин. Лекин кўриш бошқа кўрсатиш бошқа. Рассомлар аëлларимизнинг яланғоч қадди-қоматини эмас, қалбини кўрсатиши керак¸ - дейди таниқли ўзбек санъатшуноси, профессор Тилаб Маҳмудов.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:05 0:00
Бевосита линк

Андижонлик ўзбек рассоми Нўъмон Холмирзаев бу фикрга қўшилмайди. Суҳбатдошга кўра¸ Салпинкиди асарларида акс этган бўлиқ гавдали яланғоч аëллар тасвири Ўзбекистондаги миллий воқеликка ва тасвирий ҳақиқатга зид эмас:

Кўргазмага қўйилган асарлар
Кўргазмага қўйилган асарлар

- Ўзбек рассомлари яланғоч аëлни чизмасин деб қаралмаслиги керак. Янис Салпинкиди асарлари мисолида гапирсак, аëл қоматининг қандай гўзал тасвирлаганини кўрамиз. Аëл шундай гўзал яратилганига бўлган ҳурмат ва қадди-қомат гўзаллигига бўлган қизиқишни кўрамиз. Янис Салпинкиди яратган “Ўтлоқдаги уч яланғоч соҳибжамол” асари қандай мукаммал ишланган. Рассомлар аëлларни кийимсиз чизмасин деган гап калта ўйлаган одамларниниг нотўғри фикри¸ - дейди суҳбатдош.

Ўтган йили Ўзбекистондаги рассомлик коллежларида шу кунларда талабалар яланғоч натура (яланғоч тарзда ўтирган аëл ёки эркакнинг тиригига қараб-таҳр.) расмини чизиш машғулотлари бекор қилинган.

Яланғоч натура дарслари Ўзбекистондан ташқари Эрон ва Покистондаги санъат мактабларида ҳам тақиқлаб қўйилган.

XS
SM
MD
LG