Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:47

Озодлик хабаридан 2 кун ўтиб Вазирлар Маҳкамаси дронларни тақиқлади


Ўзбекистонда тақиқлаб қўйилган дронлар бошқа мамлакатларда одамларнинг дастёрига айланган.
Ўзбекистонда тақиқлаб қўйилган дронлар бошқа мамлакатларда одамларнинг дастёрига айланган.

Вазирлар Маҳкамаси ўзининг 2014 йил, 26 ноябрь кунги қарори билан пилотсиз бошқариладиган учувчи аппаратларни Ўзбекистонга олиб кириш, реализация қилиш ва улардан фойдаланиш тақиқлаб қўйилди. Бу ҳақда хабар қилган маҳаллий нашрларга кўра, ҳукуматнинг мазкур 332-қарори ҳаво кемаларининг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳаво маконидан рухсатсиз фойдаланишнинг олдини олиш мақсидида қабул қилинган.

Ҳукумат қарори билан Давлат Божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегарасини муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамда Ички ишлар вазирлиги пилотсиз бошқариладиган учувчи аппаратларниЎзбекистонга олиб кириш, реализация қилиш ва улардан фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф қилиш, айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш учун зарурий чораларни кўриш вазифаси юклатилган.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Матбуот ва информация агентлиги, Қорқалпоғистон Республикаси вазирлар кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликларига аҳоли орасида пилотсиз бошқариладиган учувчи аппаратларидан рухсатсиз фойдаланиш учун жавобгарлик мавжудлиги тўғрисида тушунтириш ишлари олиб бориш топширилган.

Озодлик радиоси шундай қарор қабул қилиниши эҳтимоли борлиги тўғрисида, у қабулинишидан 2 кун олдин – 24 ноябрь куни ёзган эди.

Ўшанда бир ҳафта аввалроқ Бухоро шаҳридаги тўртта видео студияга тегишли тўртта радиобошқарувли дрон учқичи мусодара қилингани;

Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси қошидаги Электромагнит мослашув марказидан олинган маълумотга кўра, ўтган бир ой мобайнида мамлакатдаги видео студияларга тегишли юзга яқин радиобошқарувли дрон мусодара қилингани;

кейинги пайтларда мамлакатдаги айрим видео студиялар тепадан панорама қилинадиган кадрлар учун радиобошқарувли дрон (Hexacopter)дан фойдаланиб келаётган, видео тасвир олишга мўлжалланган, учувчисиз бошқариладиган аппарат-мультикоптерлар пульт билан учадиган ўйинчоқ вертолётлар ҳажмидан каттароқ бўлиб, Тошкент дўконларида камида 2 минг АҚШ доллари атрофида сотилгани тўғрисида хабар қилган эдик.

Ўзбекистонда пилотсиз бошқариладиган учувчи аппарат – дронлардан фойдаланиш мутлақо тақиқланаётган бир пайтда жаҳон мамлакатларида ундан бир қатор мақсадларда фойдаланиш оммалашмоқда.

Интернетдаги турли ресурслардан олинган маълумотлар билан танишинг:

Дрон-дастёрлар. Австралияда китоб, Жанубий Африка Республикасида пицца ташийди; DHL почта жўнатмасини дрон орқали адресатга етказиб берганига 1 йил бўлди.

Дрон-қутқарувчилар. Эронлик олимлар дрондан чўкаётганларни қутқаришда фойдаланишни ўтган йили ўйлаб топишди. Қутқарув чамбарагини чўкаётганга ташлайдиган дрон ўтган йили Каспий денгизида синовдан ўтказилди. Британиялик олимлар эса, тоғу тошларда адашиб қолганларни қутқарадиган дронлар устида ишламоқда.

Дрон-чўпонлар. Австралияда ўтган йили иш бошлаган Wool From New Heights лойиҳаси доирасидаги дронлар маҳаллий фермерларга подани назорат қилишга ёрдам беради.

Дрон-дастёрлар, дрон-қутқарувчилар, дрон-чўпонлардан ташқари шу кунда дрон-табилар, дрон-археологлар, дрон-сайёҳбошловчилар, дрон-қоровуллар ва ҳатто дрон-агрономлар мавжуд.

XS
SM
MD
LG