Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:40

Дубай жазодан қочиб юрганларни Ўзбекистонга топширадиган бўлди


Ўзбекистон ва БАА ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди
Ўзбекистон ва БАА ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди

Бирлашган Араб Амирликлари Адлия вазири ўз ҳудудида юрган Ўзбекистон фуқароларини расмий Тошкент талабига кўра экстрадиция қилишни кўзда тутувчи келишувни 11 ноябрь куни имзолади.

Kелишув “ Жиноятчиларни экстрадиция қилиш¸ жазога ҳукм қилинганларни бериш ва жиноят ишлари бўйича ўзаро ҳуқуқий ëрдам” ни кўзда тутади.

Бу келишувни Ўзбекистон тарафидан мамлакат Адлия вазири Неъматилла Йўлдошев имзолади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган матбуот хабарномасида таъкидланишича¸ ташриф мобайнида БАА ва Ўзбекистон ўртасида судлараро ва ҳуқуқий ҳамкорлик бўйича учта келишув имзоланган.

Айтилишича¸ имзоланган ҳужжатлар БАА қамоқхонасида жазо ўтаëтган Ўзбекистон фуқаросининг жазонинг қолган қисмини Ўзбекистон қамоқхонасида ўташи учун ҳуқуқий асос яратган.

Келишув Ўзбекистон судлари тарафидан жиноий жазога тортилган¸ лекин БАА ҳудудида бекиниб юрган Ўзбекистон фуқароларини БАА адлия тизимлари кўмагида экстрадиция қилинишига ҳам ҳуқуқий база яратган.

Сешанба куни имзоланган келишув Ўзбекистон сўровига кўра БААда яшириниб юрган Ўзбекистон фуқароларини ортиқча бюрократиясиз бериб юборилишини кўзда тутади.

Баҳо шакар учун шакарсиз ҳужжат

Ўзбекистон ва БАА ўртасида имзоланган янги келишув асосида¸ масалан¸ ўтган йил Ўзбекистонни тарк этиб¸ Бирлашган Араб Амирликларида яшириниб юргани айтилган 37 яшар йирик тадбиркор Баҳодир Каримжонов сешанба кунги келишув асосида Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши мумкин.

Баҳодир Каримжоновнинг қидирувга берилгани ҳақидаги расмий хабарнома.
Баҳодир Каримжоновнинг қидирувга берилгани ҳақидаги расмий хабарнома.

Баҳодир Каримжоновга нисбатан ўтган йили Ўзбекистон Жиноят Кодексининг бир нечта моддаси билан айблов эълон қилиниб, сиртдан қамоққа олиш тўғрисида ажрим чиқарилган.

Ўзбекистонда шакар импорти ва савдосини назорат қилгани айтиладиган ва “Баҳо Шакар” лақаби билан танилган Каримжонов миллиардлаб сўм миқдорида бож тўловлари ва солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбланмоқда.

Бой оталарга сичқоннинг ини минг танга

Ўзбекистон жиноят оламидаги энг нуфузли авторитетлардан бири деб кўриладиган Ғафур Раҳимов учун ҳам сешанба кунги келишув Тошкентга мажбурий қайтарилишни англатиши мумкин.

БАА да яшириниб юборган иддао қилинадиган Ғафур Раҳимовга нисбатан ўтган йили Ўзбекистон Жиноят Кодексининг учта моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб қидирувга берилган эди.

Қидирув ҳужжати
Қидирув ҳужжати

Тошкент ИББ Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ойбек Турғунов имзо чеккан хабарномада айтилишича, 62 ёшли Раҳимов Ғафур-Арслонбек Аҳмедович Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 165-моддаси (товламачилик), 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 228-моддаси (Давлат проба тамғаларини тайёрлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш) бўйича очилган жиноят иши доирасида қидирувга берилган.

Кимга тўй¸ кимга аза?

Айни пайтда¸ сешанба кунги келишув БАА да қўлга олиниб қамоқда ëтган баъзи Ўзбекистон фуқаролари учун жазодан қутулиш муждаси бўлиши мумкин.

Алексей Яицский (чапдан иккинчи) ўзбек жиноят олами номдорларидан бири Салим Абдувалиев(чапдан биринчи) ва Ўзбекистон Ҳаво йўллари ширкатининг қамоқда ўлган собиқ бош директори Арслон Рўзметов(чапдан учинчи)лар даврасида.
Алексей Яицский (чапдан иккинчи) ўзбек жиноят олами номдорларидан бири Салим Абдувалиев(чапдан биринчи) ва Ўзбекистон Ҳаво йўллари ширкатининг қамоқда ўлган собиқ бош директори Арслон Рўзметов(чапдан учинчи)лар даврасида.

Ўтган ой Дубайда ҳибсга олинган ўзбекистонлик тадбиркор¸ Silk Road Cargo Business ширкатининг Дубайдаги вакили¸ United Arab Emirates Aviation & Aerospace транспорт ширкати бош директори 57 яшар Алексей Яицкий учун Ўзбекистонда жазо ўташ амалда озод бўлишни англатади.

Озодликнинг ишончли манбалари таъкидича¸ Ўзбекистондаги биринчи оилага яқин Алексей Яицкий Дубайдаги мансабдор шахсларга пора беришда гумонланиб¸ тахминан уч ҳафта олдин ҳибсга олинган.

Бу воқеадан хабардор Озодлик манбасига кўра ¸ Алексей Яицкий 3 октябрда полиция томонидан қўлга олинган ва бу жараëн Дубайдаги энг юқори мартабали шайхлардан бирининг назорати остида турибди.

Айтилишича¸ Алексей Яицский Салим Абдувалиевнинг доимий теннис шериги бўлган.
Айтилишича¸ Алексей Яицский Салим Абдувалиевнинг доимий теннис шериги бўлган.

Айтилишича¸ Алексей Яицкийнинг ҳибсга олингани қаттиқ сир тутилмоқда ва уни қамоқдан озод қилиш учун Ўзбекистондаги таъсирга эга юқори доиралар жиддий саъй-ҳаракат қилишмоқда.

Silk Road Cargo Business ширкатидаги Озодлик манбаларининг айтишига кўра¸ Алексей Яицкийни озод қилиш¸ уй қамоғига ўтказиш ва унга қўйилган айбловни Ўзбекистонда мамлакат миллий қонунчилиги асосида кўриб чиқиш борасидаги уринишлар ҳозирча самара бермаган.

Озодлик манбаларига кўра¸ айни кунларда Ўзбекистондаги энг юқори ҳукумат мулозимлари ва таъсирга эга криминал авторитетлар Алексей Яицкийни гаров пули эвазига озодликка чиқариш учун уринишмоқда.

Озодлик Алексей Яицкийнинг ҳибсга олинишига ойдинлик киритиш мақсадида Дубай Бош прокуратураси билан боғланди.

Прокуратура мулозими тергов манфаатлари боис бу ҳақдаги тафсилотлар матбуотга очиқланмаслигини билдирди.​

Яна бир ишончли маълумотга кўра Яицкий жорий йил бошида оиласини Дубайдан Лондонга кўчирган ва сентябрь ойида Яицкийнинг фарзанди Лондондаги мактабга борган.

БАА Ўзбекистон фуқароларини Ўзбекистонга бермаслиги ҳам мумкин

Францияда жойлашган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаеванинг Озодликка айтишича¸ бу келишув Ўзбекистон фуқароларининг осонгина бериб юборилишини англатмайди:

- БАА бундай келишувни имзолагани билан ўз миллий қонунчилигида кўзда тутилган тарзда мустақил қарор бериш ҳуқуқини барибир ўзида сақлаб қолади. БАА Ўзбекистон фуқароларини бермаган бир нечта ҳолатни биламан.

Иккинчидан¸ Ўзбекистон фуқаросининг сиëсий мақсадларда тазйиқ қилинмаëтгани ва қийноққа солинмаслигига оид ишонарли ҳужжат БАА тасарруфида бўлиши керак. БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси аралашганидан кейин БАА Ўзбекистон фуқароси экстрадициясини тўхтатгани ҳақида маълумот бор¸ дейди суҳбатдош.

Айни пайтда Надежда Отаева Ўзбекистон ва БАА Адлия вазирлари имзолаган янги келишув БАА ҳудудида яшириниб юрган баъзи ўзбек тадбиркорлари учун таҳдид манбаи бўлиши мумкин:

- Аксар собиқ ўзбек мулозимлари ëки улар қариндошларининг БАА да кўчмас мулки ва маблағлари борлиги маълум. Келишув уларга таъсир қилиши мумкин. Биринчи оилага яқин кишилар¸ масалан Гулнора Каримованинг Дубайда кўчмас мулклари¸ ер-сувлари бор. Ўзбекистонлик тадбиркор Ботир Раҳимов¸ собиқ ички ишлар вазири Зокир Алматов ҳам Дубайда уй-жой қилиб қўйгани ҳақида маълумотлар бор. БААдаги бу қатлам икки давлат ўртасидаги муносабатлар қурбони бўлиши мумкин деган эҳтимол¸ ҳақиқатга яқин дейди Надежда Отаева.

XS
SM
MD
LG