Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:39

OzodlikOnline: Ҳокимлар зўравонлиги нега тугамаëтир?


Президент Каримов фарғоналик фермерлар билан учрашиб¸ уларга ҳамма шароитни муҳайë қилиб бериш ҳақида гапирмоқда.
Президент Каримов фарғоналик фермерлар билан учрашиб¸ уларга ҳамма шароитни муҳайë қилиб бериш ҳақида гапирмоқда.

Президент Каримов Олий Мажлис минбаридан туриб “Ўзбекистонда муштумзўр ва зўравон ҳокимлар бўлмайди” деб баëнот берганидан бери роппа-роса тўрт йил ўтди. Бу тўрт йил ичида нафақат югурдак-ҳаммолга айланган маорифчию тиббиëтчи каби ҳақсиз қатлам¸ балки президент ўз ҳимоятига олган фермерларни ҳам ўз зулми билан жонидан тўйдирган ҳокимлар сони ошдики¸ камаймади. Ҳокимлар Каримов огоҳлантирувини нега жиддий қабул қилмаëтир? Душанба кунги жонли суҳбатимизда шу ҳақда гаплашамиз.

Ўзбек ҳокимларининг нақадар ўзи хон¸ кўланкаси майдон тоифага айланганига мисол қидириб узоққа боришнинг ҳожати йўқ.

Кейинги бир неча ой¸ айниқса¸ “Пахта-2014” кампанияси бошланганидан бери Озодликка маълум бўлган воқеаларни бирров эслаб ўтишнинг ўзи етарли:

22 июнь куни Наманган вилояти, Чуст тумани, Баймоқ қишлоғилик фермер Қурбонтой Усмонов ҳам ҳокимдан еган катак-дашномларидан безиб¸ ўзини ўлдирди;

7 сентябрь куни Фарғона вилояти ҳокими дўконлари бузилишига қарши чиққан тадбиркорларга “пешонангдан отаман” деб дағдаға қилди;

7 октябрь куни Чироқчи туманининг Пўстин қишлоғида истиқомат қиладиган 60 ёшли Мойли буванинг юбилей, келин тушириш ва невараларининг суннат тўйини туман ҳокими Равшан Комилов бузди ва тўйга келган меҳмонларни уриб-сўкиб қувиб юборди;

Айни шу Равшан Комилов 19 октябрь куни Шаҳрисабз марказида халқ кўз ўнгида Шаҳрисабз ҳокими Фахриддин Норовни маст ҳолда калтаклади;

22 октябрь куни Ҳазораспда ҳокимдан калтак еган 35 яшар фермер Ҳабибибулло Эгамбердиев ўзини осиб ўлдирди.

Бу рўйхатни Озодлик архиви асосида истаганча узайтириш мумкин. Лекин улар ҳаммасидан чиқадиган хулоса – Ўзбекистонда ҳокимларнинг ҳар қандай қонундан устун бир куч ва ҳокимият зулми рамзига айланганидир.

Озодликка ҳокимлар бедодлиги ва зулми ҳақидаги шикоят ва маълумот кунига келаëтган бир пайтда¸ ўз ҳаққи¸ инсоний шаъни¸ болалари тақдирини ҳоким ва ҳокимият зулми ва адолатсизлигидан ҳимоя қилиш учун оғиз очишга ботинган фуқаро ҳақида бирор хабар йўқ.

Ваҳоланки¸ ҳокимлар¸ улар адолатсизлиги ва муштумзўрлигини танқид қилиш уларни тайинловчи президент Каримовнинг севимли мавзуларидан биридир.

“Албатта¸ катта бир мушт билан бошқарадиган одам¸ раҳбар шахс пайдо бўлса, шу тартиб ўрнатади¸ деган гаплардан бутунлай воз кечамиз энди, барака топгурлар. Кучли мушт кўтарадиган, зўравонлик қиладиган ўзининг савлати билан ҳаммани қўрқитадиган одамлар (ҳокимлар) энди бўлмайди Ўзбекистонда!”, деган эди Ислом Каримов 2010 йилнинг 12 ноябрь куни.

Президентнинг Олий Мажлис иккала палатасининг қўшма йиғинида қилган бу баëнот-ваъдаси залда ўтирган (аксарияти муштумзўрлиги билан танилган ҳоким ва вазир)лар томонидан гулдурос қарсаклар билан қарши олинганидан бери тўрт йил ўтди.

Бу орада янги ҳоким (асосан вилоят ҳокимлари)ни тайинлаш ва кўп ўтмай ўзи тавсия қилган ҳокимни ишдан олиш йиғинларида Ислом Каримов¸ мантиққа кўра¸ ҳокимлар попугини пасайтириши¸ улар муштумзўрлиги ҳовурини бостириши керак бўлган қанчадан қанча нутқлар ирод қилди.

Вазият эса¸ юқорида келтирилган бир шингил фактлардан кўриниб тургани каби¸ яхши томонга ўзгармади¸ аксинча.

Ҳокимлар президент гапини инобатга олмай қўйганми?

Ҳокимлар муштумзўрлигини озиқлантириб турган омиллар нима?

Душанба¸ 27 октябрь куни Тошкент вақти билан 19:00 дан 20:00 га қадар бўладиган жонли суҳбатимизда шу ҳақда гаплашамиз. OzodSkype, OzodOvoz ва OzodlikOnline Skype манзиллари орқали сиз ҳам мулоқотда фикр билдиринг!

XS
SM
MD
LG