Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:00

Чироқчи ҳокими пахта сиëсати иддаоси билан камбағалнинг тўйини бузди


Ҳоким қадами етиши билан чироқчилик бир оиланинг энг қувончли куни йўққа чиқди.
Ҳоким қадами етиши билан чироқчилик бир оиланинг энг қувончли куни йўққа чиқди.

Чироқчи туманининг Пўстин қишлоғида истиқомат қиладиган 60 ёшли Мойли буванинг юбилей, келин тушириш ва невараларининг суннат тўйини Чироқчи тумани ҳокими Равшан Комилов бузди. Тўйга ташриф буюрган меҳмонлар ҳоким билан биргаликда келган милиция ходимларини кўриб еяётган овқатларини ташлаб қочди. Маҳаллий фермер хўжалиги раҳбари, мактаб директори, ўқитувчи ва бошқа “нозик” меҳмонлар эса ўзларини тўйхона орқасидаги тутзорга урди. Пахта терими пайтида тўй қилмаслик ҳақида фармойиш берган ҳоким ўз буйруғини бузганларни шу тариқа жазолади.

Халққа қарши ҳоким

Чироқчи туманидаги “Оқтош” қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Пўстин қишлоғида 7 октябрда кундуз куни ўтказилаётган тўйни Чироқчи тумани ҳокими Равшан Комилов бузди.

Шу куни Пўстин қишлоғида яшайдиган Мойли Хўжанов ўзининг 60 йиллик юбилейи, ўғлига келин тушириш ва икки нафар неварасининг суннат тўйини бир қилиб халққа ош бераётган эди.

Мойли буванинг тўйига меҳмон бўлиб келганлардан бирининг айтишича, тахминан соат 11 ларда туман ҳокими Равшан Комилов милиция ҳамроҳлигида тўйхонага кириб келган:

- Мойли бово халққа тўй бераётган эди. Бир пайт ҳоким келди деб қоча-қоч бошланди. Ҳокимнинг ўзи эркакларни ҳам, хотинларни ҳам қувиб бораяпти, “мен 16 октябргача тўй ўтказманглар деган фармойишимни билмайсанми” деб ҳаммани сенсираб қувиб юборди. Ҳатто қозонни бошидаги ошпазлар ҳам қолмади. Бир камбағалнинг тўйини бузиб ташлади-да, дейди чироқчилик манба.

Суҳбатдошнинг айтишича, тўйга тахминан 200 нафар одам йиғилган эди:

- Мойли бово ҳокимга эланиб, “мен билмабман, рухсат беринг келинимни олиб келиб олай деб ётган эди. Кейин бизлар ҳам туриб кетиб қолдик, дейди Озодлик манбаси.

Овози ёзиб олинмаслик шарти билан гапирган ушбу тўй меҳмонларидан яна бирига кўра¸ ҳоким уйма-уй кириб хотин-халажни ҳам тўйдан ҳайдаган:

“Бизнинг “Бешчашма” фермерлар уюшмасида бешта фермер хўжалиги бор. Булар бир ҳафтадаёқ пахта планини бажариб бўлган эди. Лекин ҳоким учун фарқи йўқ экан. У тўйхонадаги уйларга кириб, тўй эгасининг қариндошларини, қуда томондан келган болали аёлларни ҳам “тур йўқол ҳамманг, пахтага чиқ” деб ҳайдади”, дейди тўй меҳмони.

Суҳбатдошнинг айтишича, бундан сўнг ҳоким “нозик” меҳмонларни қувишга ўтган:

“Мойли бово уйидан 20 метрча узоқликда укаси Жонтемир домланинг уйи бор. У ерда мактаб директори, қурилиш фирмаси бошлиғи, қишлоқ фуқаролар йиғини раиси, Паст-Уйшин қишлоқ врачлик пункти дўхтирлари, ҳурматли домлалар, фермерлар зиёфат еб ўтиришган экан. Ҳоким келибди, деган гапни эшитгандан сўнг ҳаммаси тирварақай қочиб, уйнинг ортидаги икки гектарлик тут плантациясининг ичига кириб яширинган. Ҳоким кетгандан сўнг ҳаммаси тутзордан чиқиб, зиёфатни ҳам емай мошиналарини чийиллатиб суриб юборди”, дейди тўй меҳмони.

"Пахта сиëсати" айбдор...

Суҳбатдошнинг айтишича, шундан сўнг тўйнинг руҳи сўнган:

“Энди тўйхонага ўхшамай қолди. Ҳамма қочиб кетди. Мойли бово ҳокимни кўнглиги олиш мақсадида, унга тўн ҳам ёпди. Лекин ҳоким, мен ҳали тўнга яраша хизмат қилганим йўқ” деб, тўнни ҳожи оталардан бирига совға қилди. Бир амаллаб ҳувиллаб қолган уйга келинни тушириб олишди”, деди тўй меҳмониларидан бири.

Чироқчи тумани ҳокими Равшан Комилов Озодлик билан суҳбатда пахта сиёсати давом этаётганини таъкидлар экан, Мойли бовонинг тўйини бузганлигини инкор қилди:

“Мен билмайман, мен ҳеч кимнинг тўйини бузганим йўқ. Лекин сиёсат шундай, ҳамма пахта тераяпти, ҳамма пахтага. Ҳеч жойда тўй йўқ!”, деган ҳоким гапни қисқа қилди ва алоқани узиб қўйди.

Ўзбекистоннинг аксар туманларида пахта терими мавсумида тўй-маъракалар ўтказиш маҳаллий ҳокимларнинг оғзаки фармойиши билан тақиқланган.

Президент зўравон ҳоким истамайди....

Озодлик билан суҳбатлашган чироқчиликлардан бири президентнинг ўзидан тўй-маракаларга тўсиқ қўйилмаслиги ҳақида эшитганини айтар экан, маҳаллий ҳокимлар учун президентнинг айтганлари бир чақачалик аҳамияти йўқлигини таъкидлайди:

“Мен бир мажлисда президентнинг гапини эшитганман. У “ўзбек халқи тўйингни ҳам қилавер, пахтангни ҳам теравер”, деб айтганди. Бу ҳоким эса 16 октябргача тўй қилмайсан¸ деб фармойиш берган. Мен ҳам ҳайрон қолдим, президентнинг гапи гапми ёки ҳокимни?”, дейди чироқчилик суҳбатдош..

Пахта пайтида тўйлар тўхтатилсин деб расман фармойиш бермаган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов "халқ билан суҳбат"ларида бирида ҳокимлар зўравонлигини қоралаган эди:

“Албатта¸ катта бир мушт билан бошқарадиган одам раҳбар шахс пайдо бўлса, шу тартиб ўрнатадиган гаплардан бутунлай воз кечамиз энди, барака топгурлар. Кучли мушт кўтарадиган, зўравонлик қиладиган ўзининг савлати билан ҳаммани қўрқитадиган одамлар энди бўлмайди Ўзбекистонда!”, деган эди Ислом Каримов.

XS
SM
MD
LG