Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:04

Врач ва бўлғуси врачлар биринчилар сафида пахтага ҳайдалмоқда


Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли касалхона¸ университет ва коллежларда айни кунларда пахта йиғим-теримига оммавий сафарбарлик жараëни бошланди. Озодликка врач ва талабалардан келаëтган бу хабарга муносабат билдирган вазирлик расмийси¸ “Ўзбекистонда врачларнинг деҳқончилик эмас¸ беморни даволаш билан шуғулланиши”ни писанда қилди.

Тиббиëт университети ва коллежлар пахтага ҳозирланмоқда

Айни кунларда Ўзбекистон бўйлаб олий ўқув юртлари талабаларидан пахтага бормасам¸ талабалар сафидан чиқарилишга розиман деган мазмунда “Кафолат хати” ëздириб олинмоқда.

Озодликка 4 сентябрь куни бир неча бир-биридан мустақил манбадан келган хабарларга қараганда¸ бу жараëнда Соғлиқни сақлаш вазирлиги назоратидаги муассасалар¸ олий ва ўрта ўқув даргоҳлари пешқадамлик қилмоқда.

Хусусан¸ Бухоро давлат тиббиëт институти талабалари ўзлари қўл қўйишга мажбурланган “Кафолат хати” нусхасини Озодлик электрон почтасига юборишди.

Тиббиëт институти талабалари қўл қўйишга мажбурланаëтган "Кафолат хати".
Тиббиëт институти талабалари қўл қўйишга мажбурланаëтган "Кафолат хати".

Мазкур мактубда врач бўлиш ниятида ўқишга кирган талабаларнинг “давлатимиз¸ миллатимиз бойлиги бўлган пахтани” йиғиб олишда иштирок этмасам¸ талабалар сафидан чиқарилишга розиман¸ деб онт ичилади.

Ўтган йилдан бошлаб аксар олий ва ўрта махсус ўқув юртлари талабаларидан мажбуран олинаëтган бундай “Кафолат хати”га қўл қўйган талаба гапиради:

- Ўзим кеча қўл қўйиб чиқдим. Пахта мавсумига тўлиқ қатнашаман¸ нормани бажараман. Агар бажармасам¸ қандай чора кўрсангизлар¸ шунга розиман¸ деб декан айтиб турди¸ биз ëздик. Айримлардан кураторлар ëздириб олди¸ дейди Озодликка исми очиқланмаслиги шарти билан гапирган талабалардан бири.

Бухоро давлат тиббиëт университетининг ўқув ишлари бўйича проректори¸ бу йилги пахта штаби раҳбари бундай “Кафолат хати” ҳақида изоҳ бериш сўралиши биланоқ¸ ўзининг бандлигини айтиб¸ телефон гўшагини илиб қўйди.

Врач ва бўлғуси врачлар биринчилар сафида пахтага ҳайдалмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:45 0:00
Бевосита линк

Озодликка мурожаат қилган Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Тиббиëт коллежининг биринчи курс талабаси эса¸ Ўзбекистон ҳукумати 18 га тўлмаган болаларнинг қишлоқ хўжалик ишларига ҳокимият тизимлари томонидан чиқарилмаëтганини яна халқаро жамоатчиликка кўз-кўз қилишга ҳозирланаëтганига қарамай¸ ўзларига кураторлари яқин кунларда пахтага чиқишлари ҳақида топшириқ берганини билдирди. Коллеж маъмурияти билан кун давомида боғланишнинг имкони бўлмади – телефон гўшагини кўтарадиган топилмади.

Кардиологу жарроҳ – далага!

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли яна бир муассаса – пойтахт Тошкентдаги кўптармоқли шифохонанинг тажрибали врачи ҳам 4 сенябрь куни Озодликка ëшу-қари тиббиëт ходимларининг барига 15 сентябрдан бошлаб Жиззах вилоятининг Арнасой туманига пахта теришга жўнаш учун ҳозирлик кўриш ҳақида буйруқ берилганини маълум қилди:

- Август ойи охирида махсус рўйхат қилинди¸ кимнинг қачон бориши ëзилиб¸ адашмасам¸ уни вазирликка топширишди. Бош врачимизнинг ўзи Арнасойга бориб¸ жой тайëрлаб келди яна. Бу йил учинчи бизни пахтага жўнатишаяпти. Ўтган йили 10 кунга 350 минг сўм бериб¸ ўрнимизга мардикор юборгандик. Бу йил бунгаям рухсат йўқ¸ ўзимиз боришимиз шарт экан¸ мардикорлар нормани бажармасмиш. Бизга кунига 80 килодан терасан¸ деган норма ҳам қўйилган. Олий малакали врачми¸ профессор-академикми¸ фарқи йўқ¸ ҳамма бориши керак. “Бормайман деганлар¸ жойини бўшатиб қўйсин. Ишга кираман деган бошқалар кўп” деб пўписа қилишди¸ дейди 10 йил врач бўлиш учун ўқиб¸ бугун умри ҳашарчилик ва пахтакорликдан бўшамай қолганини таъкидлаган врач.

Бу манба таъкидича¸ пойтахтдаги тиббиëт ходимининг ўзи 10 кун Арнасойга бориб¸ ўта оғир шароитда пахта териб бериш баробарида¸ ҳафтасига “пахтакорлар” овқати учун 10-20 минг сўмдан йиғиб беришга ҳам мажбур.

- Ўзи 300 минг сўм ойлик оламан. Мардикор ҳам биздан яхши топади. Бу ойликнинг ярмини яна пластикка ўтказиб беришади. Ўз ҳисобимиздан пахтага бориб¸ текин пахта териб¸ яна бошқа пахтакорларни ҳам боқишимиз керак экан. Пахта бизнеси авжида! Ўзи шундоқ ҳам касалхона ҳудудини тозалаш¸ гул ва дарахт экиш ҳам врачга юкланган. Биз ҳокимиятнинг текин қулига айлантирилдик¸ дейди Озодлик суҳбатлашган тошкентлик врач.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири ëрдамчиси¸ Озодликка мурожаат қилган врач ва бўлғуси врачлар билдирган хабарларни инкор қилди:

- Врачлар¸ тиббиëт талабалари пахтага чиқсин деган буйруқ йўқ. Бўлмаган гап. Билсангиз¸ врачнинг вазифаси беморни даволаш¸ пахта териш эмас. Соғлиқни сақлаш вазирлиги врач ëки талабаларни оммавий пахтага сафарбар қилиш ҳақида ҳеч қандай буйруқ бермаган¸деб гапни қисқа қилди Соғлиқни сақлаш вазири қабулхонаси телефони гўшагини кўтарган расмий.

Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатини тақиқлашга оид халқаро ҳужжатларни ратификация қилиши ва ҳукуматнинг 18 ëшга тўлмаганларни қишлоқ хўжалик¸хусусан¸ пахта теримига жалб этмаслик ҳақидаги қатор фармонларидан сўнг¸ мактаб ўқувчилари ва коллежларнинг 1-курс талабаларини пахтага оммавий сафарбар қилишнинг 2013 йилда тўхтатилгани кузатилди.

Айни пайтда¸ камида 2 миллион боланинг пахта даласига чиқмай қолиши ортидан туғилган текин иш кучига нисбатан эҳтиëж¸ давлат бюджетига боғланган муассасалар ишчи-хизматчилари¸ қолаверса¸ олий ўқув юртлари талабаларини оммавий равишда пахтага сафарбар қилиш ҳисобига қондирилмоқда.

Тошкент ҳукуматининг болалар меҳнатига барҳам бериш иддаоси билан мамлакатнинг 18 ëшдан ошган аксар аҳолисини текин ëхуд арзон пахтакорга айлантириш сиëсати ҳам халқаро майдонда жиддий танқидга учрамоқда.

XS
SM
MD
LG