Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:00

Ифторлик ўтказган "Султон" жазоланди


"Султон" тўйхонаси ҳафта бошида 250 киши учун ифторлик ўтказгани учун ёпиб қўйилди.
"Султон" тўйхонаси ҳафта бошида 250 киши учун ифторлик ўтказгани учун ёпиб қўйилди.

Рамазон ойида Ўзбекистондаги тўйхоналар яна ишсиз қолди. Ўзбекистон президентининг “Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорига қрамасдан, маҳаллий ҳокимликлар тўйхона ва ресторанлар хўжайинларига ифторликка доир кўрсатма берилди. 4 июль куни Тошкент шаҳар ҳокимлигига тўпланган умумий овқатланиш муассасалари хўжайинлари кимда-ким бу буйруқни бузадиган бўлса, уларга қарши қатъий чора кўрилишидан огоҳлантирилди. Озодликка маълум бўлишича, мажлисдан бир неча кун аввал ифторлик ўтказилган Тошкентдаги тўхоналардан бири эшигига қулф осилган. “Муносиб тарзда ўтказилиши” айтилган Рамазон ойида Ўзбекистон мусулмонларининг бошқа ибодатларига ҳам чекловлар жорий қилинади.

Пойтахтнинг Яккасарой тумани Қушбеги кўчасида жойлашган “Султон” тўйхонаси бир неча кундан бери ёпиқ қолмоқда. Озодликка маълум бўлишича, оммавий овқатланиш пунктининг ёпилишига у ерда бир неча кун аввал 250 киши учун ўтказилган ифторлик сабаб бўлган.

4 июль куни Тошкент шаҳар ҳокимлигига кафе, ресторан ва тўйхоналар хўжайинлари чақиртирилиб, Рамазон ойи пайтида одамлардан ифторлик ўтказишга буюртма олмаслик тўғрисида яна бир бор эслатилди.

Йиғинда қатнашган тошкентлик тўйхона хўжайинларидан бирининг Озодликка айтишича, мажлисда “Султон” тўйхонаси тақиқни бузганига доир масала ҳам кўтарилган.

“Бугун Тошкент шаҳар ҳокимлиги Савдо департаменти бошлиғи Равшан Мажидов мажлис қилди, ҳаммани чақириб. Ўша ерда “Султон” тўйхонаси ифторлик ўтказганини ҳам гапиришди. Тўйхонанинг хўжайини яқинда алмашган экан, ифторлик ўтказиш мумкин эмаслигидан хабари йўқ экан. Шунга тушунтириш хати ёзиб берибди, биринчи сафарга кечиришибди”, деди ресторатор суҳбатдошимиз.

“Султон” тўйхонаси ходимларидан бирининг Озодликка айтишича, ҳозирда тўйхона электр тармоғидан узиб қўйилган. Овози ёзиб олинмаслиги шарти билан гапирган ходим, тўйхона бир неча кундан очилишига умид қилишаётганини билдирди.

Жума кунги йиғинда қатнашган тошкентлик рестораторнинг яна айтишича, мажлисда Тошкент шаҳар ҳокимининг диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов ҳам қатнашган.

“Ўзи Рамазон бошланишидан аввал мажлис ўтказилмаган эди, лекин беш-олти йилдан бери ифторликлар тақиқланганини билганимиз учун бир ойга ишчи ходимларимизга жавоб бериб юбордик. Ҳозир ишсиз ўтирибмиз. Тепадан буйруқ бўлгандан кейин шу эканда, зарар кўриб ўтирибмиз. Ҳар йили шу аҳвол, бир ойга барча тўйхоналар бўм-бўш бўлиб қолади. Тўйларга тақиқ йўқ, лекин рўза пайтида ким тўй қиларди?” дейди суҳбатдошимиз.

Оммавий овқатланиш жойларида ифторлик тадбирларига тақиқ бутун мамлакат бўйича жорий қилинган. Озодликка маълум бўлишича, вилоятларда бунга доир йиғинлар, ҳар йилгидек, Рамазон ой бошланишидан аввал ўтказиб бўлинган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳар йили “Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” қарор эълон қилса-да, аҳолисининг 95 фоизи мусуслмон бўлган бу мамлакатда Рамазон ойида ўзбекистонликларнинг ибодат амалларини адо этишларига турли чекловлар жорий қилинади.

Қизиғи, ресторан ва тўйхоналарда ифторлик ўтказиш тақиқланиши тўғрисида маҳаллий ҳокимликлар тарафидан ёзма тарзда буйруқ ёки қарор эълон қилинмайди. Озодлик тўйхона эгалари номидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилиб, тақиқ жорий қилинганига доир бирор расмий ҳужжат тақдим этишларини сўради.

Ҳокимликнинг ўзини таништирмаган мулозими, президентнинг қарорини рўкач қилиб, тўйхоналарда ифторлик ўтказиш истагини билдирган ўзбекистонликларга бериладиган жавоб хусусида маслаҳат берди.

- Душанба куни ўша баëн тарқатилади. Ўша асос бўлади Тошкент шаҳри бўйича. Чунки Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари қатнашди. Президент қарор чиқарди дегани ресторанда ифторлик қил, дегани эмаску. Ўзбекчиликда уйингларда, наоборот тақводор одамлар ўрнак бўлиши керак уйида тадбир ўтказишга. А то, тўйниям уйда ўтказмаяпмиз, ўликниям эҳсонини кўчада қилаяпмиз ўша ароқ ичилган тўйхоналарда. Наоборот ўргатиш керак. Уйларда қилинглар, покиза жойларда, ўрнак кўрсатинглар, уйларда тадбирларни чиройли қилиб ўтказиш ўзимизнинг эскича урф-одатлар бўйича. Рўза тутган одамга нима бор кафе, ресторанда? Уйида тинчгина оғзини очиб, чиройли ўтирмайдими, бизларга ўрнак бўлиб рўза тута олмаган, фақат ишлаëтганларга,- деди Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакили.

Ўзбекистон конституцияси эътиқод эринлигини кафолатласа-да, Рамазон ойида Ўзбекистонда нафақат оммавий овқатланиш жойларида балки масжидлардаги ибодат амаллари учун ҳам муайан чекловлар жорий қилинади.

Хусусан, масжидларга 18 ёшга тўлмаганларнинг кириши тақиқлангани, бу тақиқни бузганларга эса бир миллион сўм жарима солинаётгани ҳақида Озодлик куни-кеча хабар қилди.

XS
SM
MD
LG