Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:47

"Жиззах ресторанларидаги заҳарланишга ошпазлар сабабчи бўлган"


 Жиззахда 200дан зиёд одамнинг заҳарланишига PRIM ресторани ишчилари сабабчи бўлган.
Жиззахда 200дан зиёд одамнинг заҳарланишига PRIM ресторани ишчилари сабабчи бўлган.

Жиззах шаҳридаги PRIM ва NUR BEK ресторанларида хўрандаларнинг оммавий заҳарланиши сабаблари маълум бўлди. Озодлик манбасига кўра, ресторан ошпазлари организмида микроб бўлган ва бу микроб овқатга ўтиши оқибатида жами 200дан зиёд одам заҳарланган.

Жиззахдаги PRIM ва NUR BEK ресторанларидаги оммавий заҳарланиш сабаблари текширилганда ишчилар организмида микроб борлиги аниқланган.

Бу ҳақда воқеа тафсилотларидан хабардор Жиззах ҳуқуқ-тартибот тизимидаги манба Озодликка маълум қилди.

Манбага кўра, иккала ресторандаги заҳарланиш ҳолати бир-бирига бевосита боғлиқ бўлиб, 200дан зиёд хўранданинг овқат токсик инфекцияси диагнози билан шифохонага тушишига PRIM ресторанининг ишчилари сабабчи бўлган.

“Ишчиларни медэкспертизадан ўтказдик. PRIM ресторанининг 20 та ишчиси экспертиза қилинганида жами 6 та ишчи организмидан микроб топилди. Сальмонеллёз микроби, асосан, ҳайвонларда бўлади, лекин одамларга ҳам юқади. Шу микроб овқат тайёрлаш жараёнида овқатга ҳам ўтган ва уни истеъмол қилган одамларга ҳам инфекция юққан. Икки ҳолатда ҳам ишчилар микроб носители бўлаяпти”, деди манба.

Унинг айтишича, организмида микроб топилган олти нафар ишчи Жиззах вилоят юқумли касалликлар шифохонасига мажбурий даволаниш учун ётқизилган.

Жорий йил 11 майидан 15 майига қадар PRIM ресторанида овқатланган 160дан ортиқ одам заҳарланиб, шифохонага мурожаат қилди ва уларнинг ҳаммасига бир хил - овқат токсик инфекцияси диагнози қўйилди.

6 июнь куни эса Жиззах марказида янги очилган NUR BEK ресторанида тамадди қилган ўттизга яқин хўранда заҳарланди ва улардан 18 нафари касалхонага ётқизилди.

Озодлик манбасига кўра, NUR BEK кафеси 1 июнь куни ишга тушган ва унга PRIM ресторанидан 6 нафар ишчи ишга қабул қилинган.

“PRIMдан ўтган ишчилар NUR BEK кафесига ҳам микроб олиб ўтган. 35 одам сўроқ қилинди. Ҳозир вазиятни СЭС ўз назоратига олган. Иккита рестораннинг раҳбарлари жавобгарликка тортилиши мумкин. Чунки улар умумий овқатланиш шохобчасининг санитария-эпидемология ҳолатига масъул ҳисобланади”, деди Жиззах ҳуқуқ-тартибот тизимидаги манба.

Июнь ойининг охирида Жиззахда яна бир заҳарланиш ҳолати қайд қилинди- музқаймоқ кафеларидан бирида заҳарланган ўнга яқин одам касалхонага ётқизилди. Ҳозирча ушбу заҳарланиш сабаблари Озодликка маълум эмас.

XS
SM
MD
LG