Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:34

OzodlikOnline: Ўзбек қизлари нега Кореяга эрга тегишни ҳавас қилади?


Нима қилиб бўлса ҳам Ўзбекистондан чиқиб кетиш учун жуғрофий¸ маданий-маърифий¸ диний-этник ва лингвистик қолипларни ëриб¸ корейсга эрга тегаëтган ва тегиш ҳавасида бўлган қизлар сони йилдан-йилга ошмоқда. Бу қизларнинг қанчаси “борган ерида тошдек ўрнаш”моқдаю¸ қанчаси ҳақсиз-ҳуқуқсиз янги бир жамоага айланмоқда? Душанба¸ 23 июнь куни Тошкент вақти билан 19:05 дан бошлаб жонли мулоқотда шу ҳақда гаплашамиз.

Фикрловчи ўзбекларнинг эркин фикр билдиришига имкон бўлган OzodlikOnline жонли мулоқотининг навбатдаги сони мавзуини наманганлик Мадинанинг Кореяда бошига тушган кўргуликлар белгилади.

Намангандан Кореянинг Ульсан шаҳрига келин бўлиб тушган 26 яшар Мадина Умарова икки ойга аранг етган оилавий ҳаётдан сўнг руҳий хасталар шифохонасига тушиб қолди. Келинчакнинг даъвосича, келишув асосида ҳуқуқларини талаб қила бошлаган ёш ўзбек келини корейс оилага ёқмаган¸ куëв томон уни уриб-сўкиб¸ ниҳоят жиннига чиқарган. Хастахонада ҳақиқий руҳий хаста беморлар билан бирга сақланаëтган наманганлик келинга¸ бу кўргуликлар етмагандек¸ ўзини Кореяга олиб келиш учун куëв сарфлаган 20 минг долларни тўлаб бериш талаби ҳам қўйилмоқда.

Мадинанинг тақдири¸ йиллардан бери Ўзбекистонда кенг тармоқли¸ сердаромад соҳага айланган ўзбек қизларини корейсга эрга бериш бизнеси¸ аниқроғи¸ бу бизнесни гуллаб-яшнатаëтган омилларга яқинроқ назар ташлашга ундади.

Қадимдан Ўзбекистоннинг исломий ақидалар¸ исломий ҳаëт тарзи анча чуқур илдиз отган наманганлик 26 яшар қиз олис Кореяга¸ на тилини¸ на динини¸ на яшаш-туришини билмаган ўзидан қарийб 20 ëш катта ногирон корейс эркагига тегиш журъатини қайдан топди?

Унинг моддий ва маънавий ҳаëти шу қадар оғирмидики¸ уни елкасидан ағдариш учун Мадина (ва у каби минглаган ўзбек қизлари) Кореяга қадар қочишга рози бўлса?

Бу саволга билдирилаëтган бир туркум жавоблар мавжуд.

“Корейсга эрга тегаëтганларнинг кўпчилиги¸ айнан¸ наманганликлардир. Нега дейсизми? Чунки бу қизлар Намангандаги диний босимдан¸ калта кўйлак кийма¸ у ëғингни очма¸ бу ëғингни беркит¸ деган босимлардан безор бўлган. Корейсга эрга тегиш уларнинг ана шу босимга қарши исëни”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган кузатувчилардан бири.

“Корейсга эрга тегишга рози бўлаëтган ўзбек қизлари¸ аслида дордан қочганлар. Улар ўзларининг тузуқ-қуруқ ўзбекка эрга теголмаслигини билганидан¸ жон деб дуч келган корейсга тегиб бу ерга келаяпти”¸ дейди Кореядаги ўзбек аëлларидан бири.

“Ўзбек йигитларининг аксар кўпчилиги Россия¸ Қозоғистон¸ Кореяда меҳнат муҳожиратида юрган бўлса¸ ўзбек қизлари кимга эрга тегиши керак. Қишлоқларда ëш йигитлар умуман қолмаган. Коллежни битирар-битирмас¸ уларнинг ҳаммаси меҳнат фронтига кетаяпти. Уларнинг қачон келиши¸ умуман келиш-келмаслиги маълум эмас. Бунақа вазиятда қизлар нақд турган корейс бўлса¸ корейсга тегадида”¸ дейди Озодликка шу мавзуда гапирганлардан яна бири.

Яна бир тоифа ўзбекистонликлар¸ корейсга эрга тегиш¸ аслида меҳнат муҳожиратининг ўзбек қизлари қабул қилган кўринишларидан бири эканини айтадилар. “Бу қизларнинг кўпи¸ўз ночор оиласига мунтазам пул юбориб туриш¸ ëки бозорда тирикчилик қилмоқчи бўлаëтган оиласига дастмоя топиб бериш учун ўзини корейсга хотин сифатида сотмоқда. Фоҳишаликка жазм эта олмаган қизларнинг кўпи¸ шу йўлни танламоқда”¸ дейди мавзу юзасидан гапирган кузатувчилардан бири.

Ва ниҳоят¸ яна бир гуруҳ шарҳчилар фикрича¸ ўзбек қизларининг корейсга эрга ҳаваси Ўзбекистон телеканаллари қарийб 20 йилдан бери узлуксиз айлантираëтган корейс сериаллари маҳсулидир. Кинолардаги бой ва гўзал ҳаëт сеҳрига ром бўлган қизлар¸ Кореяда ўзларини ҳам шундай ҳаëт кутаëтгани ҳақидаги иллюзия билан никоҳ агентликларига мурожаат қилмоқда.

Сиз қандай фикрдасиз? Ўзбек қизларини айнан корейсга эрга тегиб¸ Кореяга кетиш орзуси ортидаги сабаблар нима? Бутунлай бошқа даврда тарбия топган¸ турмуш ҳақидаги қарашлари анча консерватив бўлган бу қизларнинг ота-оналарини ўз қизини бегона юрт шамолига бериб юборишга нималар ундамоқда?

Ўзбекистонда кейинги йилларда умуман хорижликка (хусусан Ғарб давлатлари фуқароларига) эрга тегишга ҳавасманд қизлар ортиши бир ҳодисаю¸ айнан корейсга тегиш бунга параллел¸ ўзича ҳодисага айланганини қандай изоҳлайсиз? ( айнан корейс эр топиб берувчи қўшмачи агентлик ва агентлар кўпайгани бунинг аломатидир.)

Мулоҳазаларингизни душанба¸ 23 июнь куни Тошкент вақти билан 19:05 дан 20:00 га қадар OzodlikOnline, OzodSkype ва OzodOvoz Skype манзилларига қўнғироқ қилиш орқали билдиринг.

Эслатма. Бу мавзуни жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқишдан кўзланган мақсад¸ бу қизларни оқлаш ëки қоралаш¸ уларнинг ўз шахсий ҳаëтига дахлдор қарорига баҳо бериш эмас. Мақсад¸ Мадинанинг аянчли тақдири мисолида¸ ўзига хос ижтимоий феноменга айланган корейсга эрга тегиш ҳодисаси остидаги сабабларни таҳлил қилиш¸ уни тушунишга уринишдир.
XS
SM
MD
LG