Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:33

Жанубий Кореядаги “нолегаллар”га Ўзбекистонда жазо тайинланди


Ўзбекистон ва Жанубий Корея байроғи.
Ўзбекистон ва Жанубий Корея байроғи.

Агентлик огоҳлантиради

Бу маълумотларни Озодликка Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги қошидаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги расмийси билдирди.

Агентлик расмийси таъкидича¸ Кореяга ишга кетиш учун тузилган шартноманинг максимум муддати 5 йил ва шу муддат ичида Ўзбекистонга қайтиб¸ бу ҳақда вазирликка шахсан билдирмаган муҳожир¸ автоматик тарзда “нолегал” мақомига ўтади ва ундан жарима ундирилади.

“Агентлик билан тузилган шартномада ëзилган¸ агар ўзи тўламаса бу жарима кафилидан ундирилади. Бу шахс(кафил)нинг кимлиги¸ иш жойи¸ паспорт маълумотлари¸ ҳаммаси шартномада кўрсатилган. Жарима миқдори Кореяда ўрнатилган энг кам иш ҳақининг бир бараварида деб белгиланган ва бу 1000 АҚШ доллари бўлади. Жариманинг миқдори “нолегаллик” муддатига боғлиқ бўлади. Бир йилгача қанча¸ бир йилдан ошса қанча¸ ҳаммаси шартнома асосида белгиланади”¸ дейди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги мутахассиси.

Бу расмийга кўра¸ “нолегал” муҳожирларга нисбатан бундай жазо чоралари Жанубий Корея ҳукумати босими остида жорий қилинган.

“Жанубий Корея ҳозир нолегал меҳнат муҳожирларига қарши сиëсатини кескинлаштирмоқда. Кореяда ҳам полицияси рейдлар ўтказиб¸ биздан кетганларни тутиб¸ депорт қилаяпти. Корейслардан бизга “ўзбек нолегаллари кўпайиб кетди¸ йиғиштириб олинглар”¸ деган гаплар 2013 йилдан бери бўлаяпти. “Нолегаллар кўплиги учун¸ сизлар билан ишламаймиз”¸ дейишгача боришди йил бошида. Лекин икки давлат ўртасида меморандум борлиги учун¸ ҳали Кореяга ишга юбориш тўхтаганича йўқ. Биз нолегалларни Ўзбекистонга қайтариш мажбуриятини олганмиз”¸ дейди ўз шахси очиқланмаслигини сўраган расмий суҳбатдош.

Ана шу мажбурият остида агентлик ўз расмий сайтида Жанубий Кореяга меҳнат шартномаси асосида кетган фуқароларни ватанга қайтиши билан “Ҳисобга олиш ва статистика шўъбасига қайтганлигини белгилатиш учун фуқаролик паспорти билан учрашиш” лозимлигидан огоҳлантирмоқда.

Агентлик сайтида¸ зудлик билан учраши лозим бўлган “нолегал”лар рўйхати ҳам илова қилинган. Бу рўйхатдан 2007-2009 йилда Жанубий Кореяга агентлик билан шартнома асосида ишга кетиб¸ ҳозирга қадар қайтганини рўйхатдан ўтказмаган 1947 нафар шахснинг исми-шарифи ва шартнома тузган муддати жой олган.

Кореядаги “нолегал” қайтмоқчи эмас...

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги билан шартнома асосида Жанубий Кореяга ишга кетиб¸ белгиланган муддат тугаганига қарамай¸ Ўзбекистонга қайтмаëтган “нолегал” муҳожирлар Озодлик билан суҳбатда агентликдан зудлик билан мамлакатга қайтиш ва белгиланган жаримани тўлаш ҳақида мактуб уй манзилларига юборилаëтганини тасдиқладилар.

“Танишларим орасида 15 мингдан 20 минг долларгача жарима белгиланганлари бор”¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Кореядаги “нолегал”лардан бири.

Ўзбекистон ҳукуматининг Кореядаги ўз “нолегаллари”ни йиғиштириб олиш уринишлари ва белгиланган катта жаримага қарамай¸ бу муҳожирларнинг кўпи ватанга қайтиш фикридан йироқ кўринади.

-Қайтмайман. Учта боламни катта қилиб¸ уларни ўқитиб¸ уйлик-жойлик қилишим керак. Ўзбекистонда иш бўлмаса¸ борининг ойлигига кун кўриб бўлмаса¸ пора олиб¸ пора беришни хоҳламасам¸ нима қиламан у ерга қайтиб. Болаларим катта бўлсин¸ уларни амаллаб Кореяга ўқишга олиб келаман. Бўлмаса¸ уларнинг умри ҳам шунақа муҳожирликда ўтиши керак бўлади. Буни хоҳламайман. Корея нормал давлат. Қонунни бузмасангиз¸ биров сизнинг ҳужжатингизни текширмайди. Тинчгина ишлаб юрсам¸ мени ҳеч ким депорт қилмайди”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган нолегал муҳожирлардан бири.

“Қайтмас нолегал”ни Ўзбекистонда нима кутмоқда?

Бу саволга жавоб берган Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги расмийси¸ 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб эски русумдаги Ўзбекистон паспорти яроқсиз бўлиши муносабати билан¸ Кореядаги нолегаллар (ҳаммаси эски паспорт эгалари) 2015 йил охирига қадар ватанга қайтиши шундоқ ҳам шарт эканини алоҳида таъкидлади.

(Озодликка маълум бўлишича¸ Корея¸ қолаверса¸ бошқа мамлакатларда меҳнат муҳожиратида юрганларнинг уйига маҳалла ва милиция ходимлари бирма-бир кириб¸ ишга кетганларнинг уйга қайтиб¸ берилган муддат ичида биометрик паспорт олиш шарт эканидан огоҳлантирмоқда.)

“Нолегаллар бугун-эрта Ўзбекистонга қайтмаса ҳам¸ улар ўз вакиллари орқали белгиланган жаримани тўлаши шарт. Жаримасини тўлаб юрса¸ улар судга берилмайди. Ҳозир келиб тўламаса¸ маълум муддатдан кейин иш судга ошади ва 10 минг доллар ўрнига 15 минг доллар тўланади¸ штраф¸ госпошлина ва маҳкама харажатлари – адвокат¸ суд ижрочилари пули қўшилган ҳолда. Буларнинг ҳаммасини кафил тўлайди. Агар ҳозир тўланса¸ биз ишни судга оширмай¸ ëпиб юборамиз. Нолегалнинг ўзи келмасдан¸ уйидагилардан кимдир келиб шартнома бўйича чиқарилган жаримани ëпса¸ биз у одамни жаримачилар рўйхатидан чиқарамиз¸ бўлди. Бизда у қайтмаган бўлиб туради¸ лекин жаримачилар рўйхатидан олиб ташланади”¸ дейди Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги расмийси.

Меҳнат миграцияси бўйича ўзбек-корейс ҳамкорлиги

Мамлакатдаги саноатлашув жараëнининг тез ривожланиб¸ демографик муаммолар боис иқтисоднинг энг жадал ўсаëтган саноатига иш кучи топилмаëтгани ортидан 90-йилларда Сеул ҳукумати махсус малака талаб қилмайдиган ишлар учун муҳожирларни жалб этиш сиëсатини қўллашга киришди. Саноат ширкатларига кореяликлар қилишни истамаган 3D ( difficult, dirty, dangerous) – қийин¸ ифлос ва хатарли ишлар учун қолоқ давлатлардан малакасиз муҳожирларни олиб келишга рухсат берилди.

2004 йил 17 августида мамлакатда малакасиз хориж ишчиларини ишга ëллашга ҳуқуқий асос берувчи Employment Permit System – Ишга олишга рухсат бериш тизими жорий қилинди.

2006 йилда ана шу тизим асосида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Корея Республикаси Меҳнат вазирлиги билан ўзбекистонликларни Кореяга ишга юборишга оид Меморандум имзолади. Мазкур Меморандум ҳозирга қадар ҳар икки йилда узайтирилиб келинмоқда.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг билдиришича¸ Корея Республикасида ишлаш истагини билдирган (ёши 18-39 гача, соғлом, судланмаган, аввал Кореяда нолегал юрмаган ва мажбуран Корея Республикасидан чиқариб юборилмаган, чет элга чиқиши тақиқланмаган) фуқаролар Корея Республикаси Эркин ёллаш тизими бўйича корейс тилидан тест синовларида қатнашишлари талаб этилади.

Тест синовларидан муваффақиятли ўтган фуқароларнинг номига корейс иш берувчиларидан меҳнат шартномаси келгандан сўнг фуқаролар Агентлик томонидан белгиланган тартибда Корея Республикасига меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юборилади.

Ҳозирга келиб Жанубий Корея¸ асосан¸ Осиëнинг 15 ҳукумати билан меҳнат миграциясига оид келишув имзолаган. Въетнам¸ Филиппин¸ Индонезия¸ Таиланд ва Шри Ланкадан келаëтганлар Корея завод-фабрикаларидаги ҳам легал¸ ҳам нолегал муҳожир ишчиларнинг аксар қисмини ташкил этади. Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра¸ Ўзбекистон 15 давлатдан иборат бу рўйхатда юқоридаги бешлик ва Монголиядан кейин 7-ўринга чиққан. Норасмий маълумотларга кўра¸ ҳозирда Кореядаги ўзбекистонлик нолегаллар сони 500-700 минг нафарни ташкил этади.

“Афсуски, биз Кореяга жўнатганлар орасида иш жойларини ўзбошимчалик билан ташлаб кетиб, ноқонуний фаолият юритаётганлари ҳам учрамоқда. Натижада бундай кишилар меҳнат, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқлардан ҳимоясиз қолиб, турли муаммо ва қийинчиликларга учрамоқда. Бу эса давлатимиз шаънига путур етказиши билан бирга фуқароларимизга бўш иш ўринлари, яъни квота ажратилишига таъсирини ўтказаяпти”¸ деган эди мазкур агентлик раҳбари маҳаллий матбуотда қилган чиқишида.
XS
SM
MD
LG