Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:24

Чорвоқ кўли бўйида яна махсус рейд ўтказилди


Чорвоқда ўтган йили ўтказилган маски шоу манзараси.
Чорвоқда ўтган йили ўтказилган маски шоу манзараси.

7-8 июнь кунлари Чорвоқ дам олиш масканида милиция ходимлари махсус рейд ўтказди. Бўстонлиқ туман ички ишлар бўлимидаги Озодлик манбасига кўра¸ рейд давомида Чорвоқ кўли ва унинг атрофида хавфсизлик қоидаларига зид ҳолда¸ солиқ тўламасдан ишлаëтган шахс ва гуруҳлар аниқланган.

Озодликнинг ушбу амалиëтга алоқадор манбаси таъкидича¸ Чорвоқдаги рейдлар хусусий тадбиркорлар фаолиятидаги қонунбузарликларни аниқлаш учун ўтказилган:

- Сувдаги хавфсизлик билан боғлиқ талабларимиз бор. У ерда одамларга xизмат кўрсатаётган ширкатлар техника хавфсизлигига риоя қилган ҳолда ишлаши керак. Рейдлар шуни аниқлаш мақсадида ўтказилди, деди Бўстонлиқ тумани Ички ишлар бўлимининг исмини айтмаган расмийларидан бири.

Бу расмийга кўра, рейдлар давомида Чорвоқда дам олувчиларга катамаран ва моторли қайиқларни ноқонуний кирага бериш билан шуғулланиб келган бир қанча хусусий ширкат фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Бу ширкатларга хавфсизлик қоидаларига риоя этмаганлик, даромадни яширганлик ҳамда хориж валютасида хизмат кўрсатганлик каби айбловлар қўйилмоқда.

Шунингдек, Чорвоқдаги рейдлар пайти дам олувчиларга лицензиясиз катамаран ва скутерларни кирага бериш билан шуғулланиб келган жисмоний шахслар ҳам қўлга олинган.

Бўстонлиқ тумани Ички ишлар бўлими ходими таъкидича¸ рейдлар дам олувчилардан тушган шикоятлар ортидан ўтказилган:

- Скутерларни кирага берувчилар орасида хавфсизлик қоидаларини бузаётганлар бўлади, ичиб олган одамларга бериб қўйишади, маст ҳолда бошқариб, одамларни устига ҳайдашади, бу билан улар дам олувчилар ҳаётини хавф остига қўйишади, дейди Бўстонлиқ ИИБ ходими.

Мастлар кайфи қурбонлари

Икки йил аввал Чорвоқ дам олиш масканидаги сув ҳавзасида 12 ёшли спортчи Наддэл Газиева ҳалок бўлган эди.

Катамаранда сайр қилаётган қизларни сув тўлқини билан "сийламоқчи бўлган" ширакайф йигит моторли қайиқ бошқарувини йўқотиб, уларни уриб юборган. Оқибатда катамарандаги икки бола бошидан жароҳатланган, ҳушсиз Наддэл шу заҳоти сувга чўкиб ҳалок бўлган эди.

Ўшанда Наделнинг отаси қизларни уриб юборган йигит билан бирга скутерни кирага берганларни ҳам жазолашни талаб қилган эди:

- Болаларни скутерда уриб юборган Мирзоҳид Тўйчиев ҳам, унга скутерни кирага берганлар ҳам, пляжда хавфсизлик чоралари учун масъуллар ҳам жазога тортилгани йўқ. Пляжда хавфсизлик қоидаларига мутлақо риоя этилмайди, деб шикоят қилган эди Наддэлнинг отаси Наил Газиев.

Озодликка етиб келган норасмий хабарларга кўра, сўнгги икки йил ичида шунга ўхшаш вазиятларда камида тўрт дам олувчи сувга чўкиб ўлган. Чорвоқдаги қурбонларга оид асл рақамларнинг бундан анча катта эканини тахмин қилиш мумкин.

Дам олувчиларнинг кайфи учди...

Озодлик манбаларига кўра¸ Бўстонлиқ туманидаги рейдлар пайти Чорвоққа дам олувчиларни ташиш билан шуғулланадиган хусусий киракашлар, хусусий дачаларни кирага бериш билан шуғулланиб келган бир қанча тадбиркорлар ҳам қўлга олинган.

Рейд пайтида дам олаëтган ўзбекистонликлардан бири Озодликка айнан дам олиш кунлари ўтказилган бу махсус амалиëт ўзи кабиларни ҳам қўрқитиб¸ капалагини учириб юборгани ҳақида ëзди:

- Юзига маска кийганлар Чорвоқдаги "Пирамида" меҳмонхонасини, уни ёнидаги дачаларни босди. Дам олишга келган одамларни ҳам сўроқ қилди. Ҳуллас, ҳамманинг кайфи бузилди, дейди WhatsApp ижтимоий тармоғи орқали Озодликка мурожаат қилган дам олувчилардан бири.

Аммо Озодлик суҳбатлашган Бўстонлиқ милицияси ходими ҳам¸ рейд ўтказилган ҳудудда жойлашган "Пирамида" меҳмонхонаси хизматчиси ҳам амалиëтни маскасиз милиционерлар ўтказганини билдирди.
XS
SM
MD
LG