Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:01

Нодир ўсимликлар бўлган Узун боғи бузилиб, ўрнига бозор қурилмоқда


Сурхондарё вилоятининг Узун туманидаги Носир Рамазонов маҳалласида жойлашган қарийб 3 гектарлик миллий табиат боғи ўрнида туман буюм ва озиқ-овқат бозори қурилиши бошланди. Узун туманидаги мутасадди идоралардан олинган маълумотга кўра, собиқ совет иттифоқи даврида бу боғда "Қизил китоб"га киритилган бир неча турдаги ўсимлик ва дарахтлар қайд этилган эди.



Узун туманининг Носир Рамазонов маҳалласидан Озодликка боғланган муштарийлар маҳалла ҳудудида жойлашган қарийб 3 гектарлик боғ бузилаётганидан арз қилди.

Қуйида ушбу мактубдан ўзгаришсиз олинган иқтибосни ўқишингиз мумкин:

"Сурхондарё вилояти Узун тумани Носир Рамазонов махалласида эски парк бузилиб урнига янги дехкон бозори курилмокда! Урмон миллий бойлигимиз деган акида эндиликда йук гап булиб колди, урнига пул миллий бойлигимиз дейишса тугри булар эди! Илтимос парк колишига ёрдам беринг! Мана паркни бульдозер ёрдамида текислашяпти" деб ёзди бузилиш ва қурилишдан норози тингловчи.

Муштариймиз ўз мактубига сурат ва қисқагина видеони ҳам илова қилди.


Озодлик мухбирининг бу мактуб ортидан Узун туманидаги мутасадди идораларга мурожаати натижасида аниқланишича, Узун тумани марказидан 1 километр нарида жойлашган бу боғ Сурхондарё вилояти ўрмон хўжалигига тегишлидир.

Узун тумани Сурхондарё вилоятининг тоғли ҳудудида жойлашган туманларидан биридир ва тилга олинган боғ собиқ совет иттифоқи даврида айрим ўсимликлари, дарахтлари "Қизил китоб"га киритилган боғлардан бири бўлган.

Узун туманидаги мутасадди идоралардан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходимига кўра, Носир Рамазонов маҳалласидаги боғ кейинги йилларда маблағ танқислиги ва сувсизлик боис қаровсиз қолган.

"Бу паркка борадиган ариқлардан сув оқмай қолганига анча бўлган. Сувсиз қолган эди. Қаровсиз қолган эди. Давлатга ҳам, одамларга ҳам фойдасиз ётган эди. Лекин, шу "Қизил китоб"га киритилган ўсимлик, дарахтлари бор, дейишарди совет замонида. Энди шу ўрмоннинг 2 ярим гектарига катта 2 та бозор тушаяпти", деди Узун туманидаги мутасадди идоралардан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходими.

Узун туман ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича биринчи муовини Жўрабек Ашуралиев мухбир билан микрофонсиз суҳбатда бозор қурилиши 10 кун муқаддам бошланганини тасдиқлади.

"10 кунча бўлди, қурилиш бошланганига. Шу йилнинг охирига битказиш режалаштирилган. Иккита катта комплекс қурилади. Озиқ-овқат ва кийим-кечак комплекси. 200дан ошиқ савдо дўкони бўлади", деди Узун тумани ҳокими ёрдамчиси.

Аммо, бу комплекснинг ўсимликлари "Қизил китоб"га киритилган миллий табиат боғи ўрнида қурилаётганини бу мутасадди қатъиян инкор қилди:

"Узун туманида иккита парк бор. Шунинг биттасини реконструкция қилаяпмиз. Бу истироҳат боғи 1-сентябрга битади, насиб қилса. Бозор қурилаётган жой ташландиқ жой. Одамлар у ердан мол бозори сифатида фойдаланиб келаётган эди. Ҳеч қанақа парк йўқ у ерда, ким арз қилди ўзи сизларга?!" дея ҳокимият мутасаддиси мухбирни сўроққа тута бошлаган кезда телефон алоқаси узилди ва бу мутасадди билан қайта боғланиш имконсиз қолди.

Озодликка бу хабар йўллаган норасмий манбаларга кўра, бозор қурилаётган қарийб 3 гектарлик майдоннинг айрим ҳудудларида аҳоли ўзбошимчалик билан қуриб олган уйлар ҳам бор.

10 кун муқаддам бозор қурилишига солинган бульдозерлар бу уйларни ҳам буза бошлагани ҳақида ёзган тингловчининг эътирозини ҳам Узун тумани ҳокимлиги расмийлари қатъиян инкор қилди.
Узун туманидаги бузилаëтган парк
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:31 0:00

Сурхондарё вилояти Узун тумани рельефи тоғли ҳудудлар ва текисликлардан иборат. Вилоятнинг ўзи энг баланд нуқтаси 4 минг 643 метр бўлган Ҳисор тоғ тизмаси ва унинг Бойсунтоғ, Кўҳитангтоғ, Боботоғ номли тармоқлари узра жойлашган.

"Ўзбекистон республикасининг қизил китоби"га киритилган аксар нодир ўсимлик ва жониворлар айнан шу тоғ тизмалари бўйлаб жойлашган "Сурхон қўриқхонаси"да қайд этилган.

Бу нодир набодот оламининг баъзи турлари собиқ совет замонида Узун туманидаги табиат боғида қайд этилгани ҳақида тумандаги мутасадди идоралардан биридан олинган маълумот ҳозирча бошқа манбалар орқали тасдиқланмади.

Озодлик Сурхондарё вилоятидаги ўрмон хўжалиги ва табиатни муҳофаза қилиш органларидан бу борада маълумот олишга уринмоқда. Янгиликларни Озодлик сайтида кузатиб боринг!
XS
SM
MD
LG