Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:56

Олот ҳокими аҳолининг томорқасини тортиб оляпти


Жондор туманининг Ойтуғди қишлоғи аҳолиси 2010 йилнинг ноябрь ойида ерларининг олиб қўйилишига қарши ўз норозиликларини шу тарзда ифода этган эди.
Жондор туманининг Ойтуғди қишлоғи аҳолиси 2010 йилнинг ноябрь ойида ерларининг олиб қўйилишига қарши ўз норозиликларини шу тарзда ифода этган эди.
Бухоро вилоятининг Олот туманида аҳолига томорқа сифатида бундан 22 йил олдин берилган ерлар тортиб олиняпти. Давлатбой, Кўкча қишлоқларида яшовчи мингдан ортиқ хонадоннинг томорқасига экилган картошка, буғдой ва бошқа экинлар бир куннинг ўзида ҳайдаб ташланди. Озодлик манбаларига кўра, маҳаллий ҳокимият одамлар норозилигини бостириш учун кучли милиция гуруҳларини ташлаган.

Бухоро вилоятидаги Олот туманининг Давлатбой қишлоғида истиқомат қилувчи аҳолининг томорқа ерларига 17 апрель куни трактор солинди.

Олотдаги манбаларимизга кўра, кўкариб турган буғдойзорлар, нишлаётган картошкалар аёвсиз равишда ҳайдаб ташланган.

Давлатбой қишлоғида истиқомат қилувчи 67 ёшли Ҳамродурди ака шу ёшга кириб бундай шафқатсизликни кўрмаганини айтади:

- Ерни тортиб оладиган бўлса, мелиса нимага керак, группа захвата нимага керак, одамларни қўрқитиши нимага керак? Ҳокимнинг ўзи кечаси билан шу ерда ўтирди. Ўнлаб тракторлар, экскаваторлар одамлар томорқасидаги экинларни пайҳон қилди, гуллаб ётган дарахтларни суриб ташлади. Бир умр колхозда ишладим, ҳамма замонни кўрдим, лекин бундай шафқатсизликни ҳали кўрмаган эдим,- дейди Ҳамродурди ака.

Қишлоқ аҳлининг Озодликка айтишича, бу ерлар 1992 йилда Ўзбекистон президентининг фармони билан одамларга томорқа сифатида берилган.

Ҳамродурди акага кўра, орадан 22 йил ўтганидан сўнг, бу ерларни ҳокимият тортиб олиб, пахта экмоқчи бўляпти:

- Бу томорқа ери маҳаллий аҳолининг рўзғорини боқиб турган ягона манба эди. Чунки, иш йўқ, ишласа ҳам ойлик йўқ. Энди бу халқ қандай ҳаёт кечиради, қаерга боради, билмай қолдим. Ҳукумат камбағалнинг оғзидаги нонини ҳам тортиб оляпти,- дейди Ҳамродурди ака.

Исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган бошқа бир давлатбойлик деҳқон ҳам аҳолига жабр қилинаётганини айтади:

- Баъзиларнинг ери 20 сўтих, баъзиларники 30 сўтих эди. Президентимиз берган эди бу ерларни, халқ тирикчилик қилсин деб. 22 йил мобайнида бу шўр ерларни халқ ҳақиқий ер қилди. Гўнг солди, ерга ишлов берди, шўрини ювди. Энди ҳоким келиб, бу ерларга эга чиқиб қолди. Чунки, фермерларнинг ерлари чарчаб адо бўлган. Энди аҳолидан тортиб олинган томорқаларга пахта экишмоқчи, деди давлатбойлик деҳқон.

Олот тумани ҳокими Шерали Саломов Озодлик билан суҳбатда, аҳолининг фақат ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерлари тортиб олинаётганини айтди:

- Одамлар "самозахват" қилиб гектарлаб ерни босиб олган. Шу ерлар бўйича ҳозир жараён кетяпти. Бошқа бирорта одамнинг қўлидан ер тортиб олингани йўқ,- деди туман ҳокими Шерали Саломов.

Ўзбекистонда 1992 йилда аҳолига томорқа сифатида берилган ерларнинг ҳокимлар томонидан тортиб олиниши сўнгги уч-тўрт йилда кучайди.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Бухоро вилоятининг Жондор туманида аҳолини ижтимоий ва иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида президент қарори билан берилган 10 сўтихлик томорқа ерлар ҳокимият томонидан олиб қўйилган эди.
XS
SM
MD
LG