Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:58

Қозоғистондаги автоҳалокатда ўзбекистонлик ва қирғизистонликлар нобуд бўлди


Олмаота-Тошкент автотрассасининг 175-километрида 2 март куни йўловчи ташувчи автобус ва микроавтобус тўқнашиб кетиши оқибатида ўзбекистонлик бир фуқаро ва қирғизистонлик саккиз фуқаро ҳалок бўлди.


Қозоғистоннинг Жамбил вилоят Фавқулодда вазиятлар департаменти матбуот хизмати вакиласи Сауле Мунатаеванинг Озодликка маълум қилишича, бир неча киши умрига зомин бўлган йўл-транспорт ҳодисаси якшанба оқшомида Қўрдай туманида содир бўлган.

- 2014 йилнинг 2 март куни соат 21.40 лар атрофида Олмаота-Тошкент автойўлининг 175-километрида йўл яхши кўринмагани туфайли (у ерда бўрон турган экан) Олмаота-Чимкент йўналиши бўйича кетаётган "VanHool” йўловчи ташиш автобуси ҳайдовчиси қарши йўлга чиқиб кетиб, Қирғизистондан келаётган “Мерседес Бенц” микроавтобуси билан тўқнашиб кетган. Авария-қутқарув ишларини олиб бориш учун Қўрдай туманидаги 9-ўт ўчириш қисмидан 6 киши махсус жиҳозлар билан воқеа жойига етиб борган. Улар "VanHool” автобусида қисилиб қолган икки киши ҳамда “Мерседес Бенц” микроавтобусида тиқилиб қолган 7 кишининг жасадини чиқариб олишган. Микроавтобусдан чиқариб олинганларнинг 4 нафари аёл, 3 нафари эркак. Туман марказий касалхонасига олиб борилганларнинг 3 нафари оғир аҳволда реанимацияда ётибди, икки нафарининг аҳволи ўртача, яна икки киши касалхонага ётишдан бош тортиб, Бишкекка кетишди, - деди Сауле Мунатаева.

Маълумотларга кўра, Чимкентдан келаётган автобусда 53 йўловчи ва икки ҳайдовчи бўлган. Автобус ҳайдовчиси, қозоғистонлик 27 ёшли А. Акишев ҳамда микроавтобус ҳайдовчиси, қирғизистонлик К. Садиқов воқеа жойида ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Шунингдек, автоҳалокат пайтида ўзбекистонлик 26 ёшли Д. Пирматова, қирғизистонлик 39 ёшли Э. Қурманалиева, 65 ёшли К. Айтжигитов, фуқаролиги аниқланмаган 50 ёшли С. Аширов ва 47 ёшли Г. Нурматовалар нобуд бўлгани, ҳалок бўлган қолган кишиларнинг шахси аниқланаётгани хабар қилинди.

“Автоҳалокат чоғида нобуд бўлганларнинг жасадлари қаерда ва улар ватанларига қай тариқа етказилади?” деган саволимизга Жамбил вилоят Фавқулодда вазиятлар департаменти вакиласи Сауле Мунатаева аниқ жавоб бера олмаслигини, бу борада Жамбил вилоят ички ишлар департаментига мурожаат қилишимиз лозимлигини айтди.

Жамбил вилоят ички ишлар департаментидаги ходим муддаомизни эшитгач, саволимизга жавоб бериши мумкин бўлган матбуот хизмати раҳбари Гулсара Мухтарқулова ҳозир ўз ўрнида эмаслигини, у киши билан гаплашиш учун кейинроқ қўнғироқ қилишимиз лозимлигини айтди. Аммо матбуот хизмати раҳбари билан иш вақти тугагунича ҳам боғлана олмадик.

Айни пайтда Олмаота-Тошкент йўлидаги автоҳалокатни бевосита ўрганаётган ва саволларимизга жавоб бериши мумкин бўлган Қўрдай туман ички ишлар бўлими суриштирувчиси Елдар Жўлдибаев билан ҳам боғланишнинг имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG