Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:59

Петербургда ўзбекистонлик аёллар чақалоқ сотишда айбланмоқда


Санкт-Петербургда ўз набирасини 80 минг рублга сотаётган ўзбекистонлик аёл қўлга олинди. Шу тариқа 50 ёшли бу аёл никоҳсиз ўғил туққан 24 ёшли қизини “шармандалик”дан халос қилмоқчи бўлгани айтилмоқда.

Санкт-Петербургда ўз набирасини 80 минг рублга сотаётган ўзбекистонлик аёл қўлга олинди. Шу тариқа 50 ёшли бу аёл никоҳсиз ўғил туққан 24 ёшли қизини “шармандалик”дан халос қилмоқчи бўлгани айтилмоқда.



24 ёшли исми ошкор этилмаётган ўзбекистонлик аёл 2014 йилнинг 18 февралида Санкт-Петербург шаҳридаги туғруқхоналардан бирида ўғил кўрди. Беникоҳ туғилгани боис, болакайнинг Петербургда яшайдиган бувиси қизининг фарзандини дарҳол пуллашга қарор қилган.

Россия Тергов қўмитасининг Санкт-Петербург бўйича бошқармасидан олинган маълумотга кўра, она-бола энди туғилган чақалоққа харидор қидираётганини улар билан қўшни хонада яшаётган аёл билиб қолган.

“Ўзи ҳам бир нечта фарзандни ўстираётган ва Ўзбекистон фуқароси бўлган қўшни аёл ҳамюртларининг бундай ниятларидан ғазабга келиб, Петербургнинг 33-полиция бўлимига хабар берди”, дейди Озодликка исмини ошкор этмаган Петербург полицияси тергов бўлими ходими.

- Бу маълумотни текшириш давомида, 33-полиция бўлими ва шаҳарнинг Москва тумани бўйича жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан 2 кунлик чақалоқни сотаётган аёл қўлга олинди. Ҳодиса 21 феврал куни кечки 7 ларда Орджоникидзе кўчасида содир бўлди. Бола 80 минг рублга “баҳоланди”. Қўлга олинган аёл Ўзбекистон фуқароси экани аниқланди,- деди полициянинг оператив гуруҳи ходими.

Амалиёт тафсилотларини очиқлаган терговчиларга кўра, оператив ходимлар қирғизистонлик бир ўзбекдан “харидор” сифатида чиқишни сўрашган. Бу шахс полиция берган телефон рақами орқали “сотувчи” кампир билан олди-берди масаласини ҳал қилган. Бу шахс “йиллардан бери хотини билан фарзанд кўрмаётгани” тўғрисидаги уйдирма ҳикояни гапириб берган.

Ҳеч нарсадан шубҳаланмаган 50 ёшли аёл қизи билан яшаётган уй ёнида учрашув тайинлаган.

80 минг рубл нақд пулни санаб олган ўзбекистонлик аёл болани олиб келиб, “харидор” эркакка топшираётганда қўлига кишан солингани оператив ходимлар томонидан яширинча видеотасвирга олинди.

Қийин вазиятга тушиб қолганини англаган буви қўлига кишан солиниши биланоқ, юраги ёмон бўлиб қолганини айтиб, “ҳушидан” кетган. Аммо, болани олиб кетишга чақиртирилган врач - педиатр аёлнинг юраги бақувват экани ва соғлиги жойида эканини аниқлаб берган.

Терговчининг нима учун бу ишга қўл ургани тўғрисидаги саволига, исми айтилмаётган 50 ёшли аёл:

- Билмайман, я ничего не знаю... Мен ҳеч нарсани билмайман, дейишдан нарига ўтмади.

Бироз вақтдан кейин полиция ходимлари болани туққан 24 ёшли аёлни ҳам ҳибсга олиб, полиция бўлимига олиб келишган. Полициячилар саволига у болани "шармандаликдан" халос бўлиш учун сотишга қарор қилишганини маълум қилган.

Тергов Қўмитасининг Санкт Петербург бўйича бошқармасида Озодликка ҳозирда бола соппа-соғ экани, маҳаллий шифокорлар назоратида эканини билдиришди. “Болафурушликда” айбланаётган ўзбекистонлик она ва унинг қизи суд қарори билан ҳибсга олинди.

22 феврал куни фарзандини пуллашга уриниб кўрган ўзбекистонлик аёлларга нисбатан РФ Жиноят Кодексининг 127-моддаси "одам савдоси" асосида жиноий иш очилди. Айби судда исботланса, иккала ўзбекистонлик аёлга 10 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Бу Россияда ўз фарзандини пуллашга қўл урган ўзбекистонлик муҳожирлар билан боғлиқ биринчи ҳодиса эмас.

Самарада ўзбек аёли 4 ойлик гўдакни 35 минг рублга пуллаётганда ҳибсга олинган ва 17 ёшли она полициячиларга боласини сотиб, топган пулни Россия паспортини сотиб олишга сарфламоқчи бўлганини айтгани; 2012 йилнинг 7 майида Москва шаҳрида ўз боласини оператив ходимларига 150 минг рублга пуллаётган 27 ёшли қирғизистонлик аёл ва 23 ёшли ўзбекистонлик эркак ҳибсга олингани; 2011 йилнинг 22 мартида соат 11 ларда Красногорск шаҳрида жойлашган “Ашан” гипермаркетидаги озиқ-овқат аравачасида 7 ойлик Амиржон Тўхтаев ташлаб кетилгани; Ленинград вилояти Рошчино қўрғонида ўзбек миллатига мансуб эркак ахлат контейнерига бир ойлик чақалоқни ташлаб кетгани; 2010 йил 17 май куни Митишчи шаҳар криминал милиция ходимларига маҳаллий бозорда ўз боласини 10 минг рубл пулга таклиф қилаётган ўзбекистонлик муҳожир аёл қўлга олингани; 2009 йилда Москва яқинидаги Истра шаҳрида тожикистонлик 26 ёшли йигит унга ташлаб кетилган 1 яшар болани 30 минг АҚШ долларига орган савдогарларига сотмоқчи бўлган вақтда қўлга олингани; 2008 йилда Екатеринбургда ўзбекистонлик 44 ёшли аёл фарзандини 30 минг рублга сотаётган вақтда қўлга олинган ва кейинроқ 6 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида Озодлик ўз вақтида хабар берган эди.
XS
SM
MD
LG