Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:34

Ўзбекистонда Coca-cola ширкатининг икки бошқарувчиси қамоққа олинган


“Coca-Cola Ichimligi - Uzbekistan” ширкатининг салқин ичимликлар бозоридаги ягона монополистга айлангани айтилади.
“Coca-Cola Ichimligi - Uzbekistan” ширкатининг салқин ичимликлар бозоридаги ягона монополистга айлангани айтилади.
Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова назорат қилиши тахмин этиладиган “Coca-Cola Ichimligi - Uzbekistan” ширкатининг икки топ-менежери фирибгарликда айбланиб ҳибсга олинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратурасидаги манбасига таяниб хабар берган Франс-пресс агентлиги қамалганлар шахсини очиқламади.

Маълум бўлишича, “Coca-Cola Ichimligi – Uzbekiston” ширкатининг икки бошқарувчиси ширкат маблағларини ноқонуний ўзлаштириш ва молиявий ҳужжатларни сохталаштириш каби айбловлар билан ўтган йил декабрь ойида ҳисбга олинган.

Қамоққа олинган Coca Cola ширкати топ-менежерлари исми-шарифи ва қайси лавозимларда ишлаганликлари ҳозирча маълум эмас.

Озодлик мухбирининг “Coca-Cola Ichimligi – Uzbekistan” ширкатига бу маълумотни ўрганиш юзасидан қилган қўнғироқлари жавобсиз қолди.

Ўзбекистон Бош прокуратурасидан ҳам бу юзадан расмий маълумот олиш имкони бўлмади.

Франс пресс ахборот агентлиги хабарига кўра, "Coca-Cola Ichimligi - Uzbekiston" ширкатида прокуратура ходимлари ўтказган текширувлар натижасида кўплаб қонунбузарлик ҳолатларини аниқланган.

Жумладан, ҳибсга олинган раҳбар ходимлар ширкатнинг 12 миллион АҚШ долларига тенг маблағни ноқонуний ўзлаштирганликда айбланмоқда.

Шунингдек, улар мамлакатга олиб келинган 4.6 миллион АҚШ долларилик шакар учун сохта декларация тузганлик, молиявий ҳужжатларни сохталаштиришда ҳам айбланмоқда.

Барча қонунбузарликлар 2010-2013 йиллар оралиғига тўғри келмоқда.

Ўзбек Coca-Colaси тарихи

Ўзбекистон бозорида 1993 йилдан бери фаолият олиб бораётган “Coca-Cola Ichimligi – Uzbekistan LTD” қўшма корхонаси турли идишларда беш хил – Coca-Cola, Coca-Cola Zero, Fanta, Sprite, Bonaqua ва Fuse Tea, Ice Tea салқин ичимликларини ишлаб чиқаради.

Ширкат Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг собиқ эри¸ АҚШ фуқароси¸ асли афғонистонлик ўзбеклардан бўлган Мансур Мақсудий оиласи томонидан Тошкентда ташкил қилинган эди.

2001 йилда Ўзбекистон президентининг қизи Мақсудийдан ажрашгач, Гулнора Каримова собиқ эрининг ўша пайтда 60 миллион АҚШ долларига баҳоланган "Coca-Cola Ichimligi - Uzbekistan" корхонасини тортиб олгани айтилади.

2001 йилнинг августида "Coca-Cola Ichimligi - Uzbekistan" компаниясида тафтиш бошланиб, Мақсудийларнинг бир қанча қариндоши қамоққа ташланган эди.

Кейинчалик Гулнора Каримованинг Coca-Cola компанияси устидан тўлиқ назорат ўрнатгани айтилади.

Coca-Cola бошқарувчилари Швейцария прокуратураси нишонида

2012 йилнинг июль ойида "Coca-Cola Icihmligi Uzbekiston, LTD" компаниясининг икки ходими Шоҳруҳ Собиров ва Алишер Эргашевлар Женевада ҳибсга олинган эди.

Швейцария прокуратураси матбуот ходими Озодлик билан ëзишмаларда бу икки шахснинг пул ювишга доир жиноят иши доирасида қўлга олинганини маълум қилган эди.

2012 йилнинг 16 октябрь куни Швейцария Бош прокуратураси Шоҳруҳ Собиров ва Алишер Эргашевни катта гаров пули эвазига қўйиб юборди¸ аммо уларга очилган тергов жараëни тўхтатилмаганини билдирди.

Озодлик манбалари¸ Гулнора Каримовага яқин бўлган бу икки шахснинг¸ Европадаги қатор прокуратуралари томонидан тафтиш қилинаëтган "ўзбеклар иши" деб ном олган пул ювиш ва коррупция доирасида ҳибсга олинганини билдирган.

Ўзбекистонга олиб кетилган бу икки менежернинг кейинги тақдири ва Ўзбекистон прокуратураси томонидан ҳибсга олинган Coca-Cola бошқарувчиларининг айнан Шоҳруҳ Собиров ва Алишер Эргашев бўлиш эҳтимолини аниқлаштиришнинг ҳозирча имкони бўлмади.

Ҳозирда АҚШдаги Coca-Cola ширкати "Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston Ltd" нинг 42.9 фоизлик акциясига эгадир. Озодлик америкалик акциядорларнинг ҳибсларга оид муносабатини ўрганишга уринмоқда.

Қолган 57.1 фоизлик улушни Тошкент вилояти Назарбек посёлкасида жойлашган Muzimpex деб аталувчи ширкат назорат қилиши айтилади.
XS
SM
MD
LG