Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:43

Ҳукумат қарздор фермерларга ўзини осмасликни тавсия қилди


Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида саксондан зиёд фермер ҳокимият вакилларининг зўравонлигидан безиб, ўз хўжалигини ёпишни сўраб туман ҳокимлигига ариза берган. Ҳокимлик эса, уларга фермерликдан воз кечиш имконсизлигини уқтирган. Расмийлар фермерликдан ўлиб қутилмоқчи бўлганларни ҳам огоҳлантирган.


"Ўлиб ҳам қутилмайсан фермерликдан"


Тўрткўллик 80дан зиёд фермер ўз хўжалигини топшириш ҳақида ариза берди, яна 100дан зиёд фермер ариза ёзиш ҳаракатида.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган тўрткўллик фермерга кўра, ерини топширмоқчи бўлган фермерлар тазийққа учраган.

“Фермерларнинг 5-10 йилдан буён қарзлари бор. Давлат томонидан музлатиб қўйилган қарзлари бор. Ўғитлар. Ёнилғи. Налогдан қарз кўп. Шуларни тўлайсан, агар ерингни топширсанг, деди. Мабодо ўлиб қутиламан десанг, адашасан. Сизларнинг авлодларингиз, ўғил-қизларингиз сизлар ўлсанглар мозорингизни бориб тепкилайди. Сабаби сизлар ўлиб кетсанглар, қарзингизни ўғил-қизларингиз тўлайди. Улар сизларнинг қарзларингизни тўлаши шарт. Улар сизларни лаънатлайди дейишди ҳокимликда бўлган мажлисда”, дейди исмини очиқламаётганимиз тўрткўллик фермер.

Мазкур йиғилишда қатнашган яна икки нафар фермерга кўра, "фермерликдан ўлиб ҳам қутила олмайсан", деган мазмундаги ушбу гапни қишлоқ хўжалик вазирлиги мулозими айтган.

14 январь куни Тўрткўл туман ҳокимлигида бўлиб ўтган ушбу йиғилишда Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги, республика прокуратураси ва ички ишлар вазирлигидан мутасаддилар иштирок этган.

Йиғилишда қатнашган ва исмини очиқламасликни сўраган яна бир фермернинг айтишича, фермерликни топширмоқчи бўлганларларга қамоқ билан ҳам таҳдид қилинган.

"Дўқ-пўписа қилаяпти. Ерингни топширмайсан. Топширсанг қамаласан деди. Аризаларингни қайтариб оласизлар деяпти. Бошқа ҳеч кимдан ариза олинмайди дейишди. Агар ерингни топширсанг қамаласан дейишди", дейди исмини очиқламасликни сўраган тўрткўллик яна бир фермер.

Мутасаддилар фермерликдан ўлиб қутилмоқчи бўлганларни огоҳлантиришига ўтган йили тўрткўллик бир фермернинг ўзини осиб қўйгани сабаб экани айтилаяпти.

18 октябрь куни Тўрткўл туманида яшовчи 38 яшар фермер Сафарбой Каримовнинг жасади ўз пахта даласидаги дарахтга осилган ҳолда топилган эди.

Манбалар фермер пахта режасини бажара олмаётгани учун мутасаддилар томонидан ҳақорат қилинганидан кейин ўз жонига қасд қилганини айтган.


"Фермерлик жонга тегди"


14 йилдан буён фермерлик билан шуғулланаётган суҳбатдошимизга кўра, у ҳам фермер ҳўжалигини ёпиш учун ариза ёзган.

“Фермерлар ишламаймиз, деб ариза ёзаяпти. Мен ҳам ариза ёздим. Аризамни почта орқали регистрация қилдириб, жўнатдим. Квитанциясини олиб қўйдим”, дейди исмини очиқламаётганимиз тўрткўллик фермер.

Унинг айтишича, фермерлар ҳокимият вакилларининг зўравонлигидан безиб, ўз хўжаликларини топширмоқчи.

“Зўравонлик кучайиб кетди. Ҳоким калтаклайди, прокурор сўкади. Милиция ҳақорат қилади. Уларнинг дўқ-пўписасидан одам тўйиб кетди. Ҳеч ким фермерликда ишлашни истамаяпти. Ўтган йили жуда азоб беришди. Эккан шолиларимизни тортиб олди. Ерларни бузиб ташлади. Хоҳлаган экинимизни эка олмаяпмиз”, дейди фермер.

Суҳбатдошимизнинг 150 гектар ери бор. Унинг айтишича, 2013 йилда пахта режасини 60 фоиз атрофида бажарган холос. Унга кўра, фермерликдан даромад йўқлиги ҳам фермерларнинг ерини топшириш бўйича ариза ёзишига сабаб бўлаяпти.

“Режани бажара оламаяпмиз. Даромад йўқ. Фермерликдан топганимиз рўзғорни юритишга ҳам етмайди. Бола-чақани боқиш қийнлашиб қолди”, дейди исмини очиқламаётганимиз тўрткўллик фермер.

"Ерини топширмаса, ёрдамлашамиз"


Тўрткўл туман ҳокимлигидаги исмини очиқламаётганимиз мулозим фермерлар орасида ўз хўжалигини ёпиш бўйича ариза топшираётганлар борлигини тасдиқлади.

Мулозимга кўра, ерини топширмоқчи бўлган фермерлар билан тушунтириш иши олиб борилаяпти.

“Ариза ёзганлар бор. Лекин унчалик кўп эмас. Фермерлик ери аҳоли яшайдиган ҳуддуддан ташқирида бўлган 5 та фермер ариза ёзди. Улар билан гаплашдик. Нима сабабдан ташлаши, шароити кўрилаяпти. Энди уларнинг ери оғир участкаларда. Чўл зоналарида жойлашган”, деди мулозим.

Унинг айтишича, фермер хўжалигини топширмоқчи бўлганларга ерини топширмаса, туман ҳокимлиги томонидан кўмак кўрсатиш режалаштирилган.

“Ҳозир биз бу каби фермерларга ёрдам бераяпмиз. Имтиёзли кредит ажратиб, кўмак қилаяпмиз. Фермер хўжаликларини кўп тармоқли қилмоқчимиз. 137 та фермер хўжалигини кўп тармоқли қилиш бўйича режа ишлаб чиқардик. Пахтадан ташқари чорвачилик, боғдорчилик, балиқчилик, асаларичилик билан шуғулланишади”, деди ҳокимлик мулозими.

Тўрткўл туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, 2013 йилда 40 фоизга яқин фермер пахта режасини бажара олмай, қарзга ботиб қолган.

Ўтган пахта мавсумида Тўрткўл туманидадаги фермерлардан ташвишли хабарлар келди.

Фермер Сафарбой Каримов ўзини осганидан бир кун аввал -17 октябрь куни Тўрткўл туманидаги бир неча фермер "ҳокимият зўравонлигидан безиб", мамлакатни тарк этганини Озодлик хабар қилган эди.

Бу ҳақда воқеа жойидаги икки мустақил манба хабар берган ва бу хабарни Тўрткўл тумани ҳокимлиги вакили қисман тасдиқлаган эди.

Аммо, 23 октябр куни номи тилга олинган фермерлардан иккиси - Мухтор Бекимбетов ва Анвар Исмоиловлар бир вақтда Озодлик радиосига боғланиб, ўзларининг далани ташлаб қочгани ҳақидаги маълумотни рад қилди.

Тўрткўллик яна фермер Бахтиëр Ражабов пахта режасини бажарганидан кейин¸ Тошкентга телевидениега чақирилиб мақталганидан 3 кун ўтиб, маҳаллий прокурор ғазабига дучор бўлди. Фермер изнсиз ғўзапоя юлганликда айбланиб, қамаб қўйилди.
XS
SM
MD
LG