Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:47

“Ўзбекистонда ИИВ МХХ кадри қўлига ўтди”


Ўзбек тилидаги ижтимоий тармоқларда Адҳам Аҳмабоевга тегишли, деб берилган сурат.
Ўзбек тилидаги ижтимоий тармоқларда Адҳам Аҳмабоевга тегишли, деб берилган сурат.

Ўзбекистон ички ишлар вазири этиб тайинланган Адҳамжон Аҳмадбоев 14 декабрдан расман хизмат вазифасига киришди. Озодлик ихтиёридаги норасмий маълумотларга кўра, ўта қаттиққўл ва принципиаллиги билан танилган бу амалдор собиқ КГБ мактабидан чиққан. Унинг ИИВ раҳбари этиб тайинлаши Ўзбекистонда ходимлари сони 150 мингдан ортиқ экани айтиладиган ички ишлар вазирлиги устидан назорат тўлиқ Миллий хавфсизлик хизматига ўтганини англатиши ҳақидаги иддаолар бор.



1966 йилда Тошкент шаҳрида туғилган генерал-майор Адҳам Аҳмадбоев Ўзбекистон Ички ишлар вазири сифатида иш бошлади.

Вазирликнинг қабулхонасида бу маълумотни тасдиқлаган ходимнинг айтишича, янги вазир 14 декабрда вазирлик лавозимига тайинланган. Вазирликдан олинган расмий маълумотда янги раҳбар 2011 йилдан буён Ички ишлар вазирининг 1-ўринбосари вазифасини бажариб келаётгани ҳам айтилди.

Аммо, 150 мингдан ортиқ ходими борлиги айтиладиган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига янги раҳбар қилиб тайинланган 47 яшар амалдорнинг фаолияти ва таржимаи ҳолига оид бошқа маълумотлар расмий манбаларда берилмаган.

Норасмий манбалар Адҳам Аҳмадбоевнинг ИИВ вазири этиб тайинланишида мустақиллик йилларидан буён бу вазирлик тарихида кузатилмаган муҳим жиҳатлари бор, деб ҳисобламоқда.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбасининг шахси сир қолиши шарти билан айтишича, янги вазир аввалгиларидан фарқли равишда Миллий хавфсизлик хизмати структурасида етишиб чиққан кадрдир.

“Адҳам Аҳмадбоев КГБнинг кадри. Бу гап ҳеч қаерда айтилмасаям, ҳаммамиз биламиз унинг мелисадан чиқмаганини. Тошкентда ГУВД, УВДларда ишлагани тўғри, кадрдаям ишлаган. Лекин у кишининг асли келиб чиқиши собиқ совет замонидаги КГБ мактаби. Матлюбовнинг (собиқ вазир Баҳодир Матлюбов - Таҳр.) вақтида СНБ мелисани роса эзган эди. Энди бу ёғига расман эзади”, деб иддао қилди шахси сир қолиши шарти билан Озодликка сўзлаган ИИВ таркибидаги идораларидан бири ходими.

Унинг иддаосича, собиқ вазир Баҳодир Матлюбов даврида Миллий хавфсизлик хизматининг Коррупцияга оид жиноятларга қарши кураш бўлими ходимлари биргина кўрсатама асосида ИИВ ходимларини ҳибсга олиш ва ишидан бўшаттириб юбориши ҳоллари кўпайган эди.

Ўзбекистондаги сиёсий вазиятни кузатиб келаётган ва узоқ йиллар давлат идораларида юқори лавозимларда ишлаган, аммо исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган кекса таҳлилчи ҳам айни жиҳатга урғу берди.

“Баҳодир Матлюбов самарқандлик эди ва мелисадан чиққан кадр эди. Унгача 1991 йилдан Ички ишлар вазири бўлган Зокиржон Алматов ҳам мелисанинг ўзидан чиққан эди. Адҳам Аҳмадбоев эса нариги идоранинг одами - у собиқ совет замонида КГБда ишлаган кадр. Ўта қаттиқўл ва приципиал одам, деб эшитганмиз. Бу одамнинг МВДга раҳбар бўлиши бу вазирлик устидан назоратнинг тўлиқ МХХ ихтиёрига ўтишини англатади”, деди кекса таҳлилчи.

Бу таҳлилчи Адҳам Аҳмадбоевнинг 2006 йилдаёқ ишдан олинган собиқ вазир Зокиржон Алматов ўрнига вазир бўлиши кутилгани ҳақида ҳам гапирди.

“Ўшанда бу янги вазир ва ишдан кетган Баҳодир Матюбовнинг номзоди каттанинг столига қўйилган. Охирги моментда "катта" (Президент Ислом Каримов назарда тутилмоқда – Таҳр.) Матлюбовни танлаган. Чунки, Матлюбов Самарқанднинг Сиёбидан, каттанинг ўзи танийдиган кадр бўлгани учун у танланди. Лекин, Аҳмадбоев ҳам қуруқ қўйилмади – вазирга 1-ўринбосар бўлди. Бу ҳам аслида катта гап. Чунки, Алматов даврида ИИВ ва МХХ ўртасида аниқ тортилган чизиқ бор эди ва икки идора ўзаро рақобат қиларди. Ҳозир икки идоранинг ўртасида чизиқ йўқолди. Бундан халққа оғир бўлади”, деган хавотирни илгари сурди ўзбекистонлик кекса таҳлилчи.

Ўзбекистондаги уч йирик куч ишлатар тузилма - Ички ишлар вазирлиги, Прокуратура ва Миллий хавфсизлик хизматининг битта идора назоратига ўтди, деб ҳисоблаган бу таҳлилчи: "Бир вақтлар Лаврентий Берия замонида кучлар шунақа марказлашган ва бундан халққа яхшилик келмаган эди", деб қўшимча қилди.

Аммо ўзбекистонлик таҳлилчилар илгари сураётган бу тахминларни асословчи далиллар мамлкатнинг янги ички ишлар вазирига оид, дея қатор Интернет нашрларида берилган таржимаи ҳолда акс этмайди.

Жумладан, расмий манбалардаги маълумотларга энг яқин кўриладиган Centrasia.ru сайтида берилган маълумотга кўра, ёш бўлишига қарамай вазир лавозимига эришган Адҳам Аҳмадбоев бутун хизмат фаолияти давомида ИИВ структурасида ишлаган.

Бу сайтда ёзилишича, у аввалига ИИВ вазири ўринбосари, кейин 1-ўринбосари лавозимига келгунича - 2004-2006 йиллар оралиғида Ўзбекистон президенти девони, 2000-2004 йиллар оралиғида Тошкент вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари, 1990-2000 йиллар оралиғида эса шу бошқармада терговчи лавозимларида ишлаган.

Шунингдек бу манбада янги вазирнинг асл касби иқтисодчи экани ҳам келтирилган.

Ўзбекистонлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов янги ички ишлар вазири ва бошқа куч ишлатар тузилмалардаги идораларга келаётган аксар кадрларнинг МХХ структурасида ишлагани, одатан таржима ҳолида акс этмаслигини айтади.

"Андижон воқеаларига қадар бу икки идора худди икки қутбдай рақобат қилиб келарди. Аммо, шу воқеалардан кейин ИИВ струтурасидаги идораларга раҳбар лавозимларга, айниқса 1-, 2-, 3-ўринбосарларга МХХ дан одамлар қўйиляпти", деди журналист.

Айни пайтда собиқ вазир Баҳодир Матлюбовнинг ишдан олиниш сабабларига оид расмий маълумот йўқ.

Ички ишлар вазирлигида Озодлик саволига жавоб берган ходимнинг айтишича, собиқ вазирнинг кейинги тақдири - унинг ИИВ структурасида ишини давом эттириш-эттирмаслиги ёки бошқа вазифага тайинланиши номаълум қолмоқда.

Собиқ вазирнинг хизмат фаолияти ва таржимаи ҳолига оид маълумотлар расмий манбаларда учрамайди.

Аммо норасмий манба - Centrasia.ru сайтида берилган маълумотга кўра, 1952 йилда Самарқанд вилоятининг Сиёб туманида туғилган Баҳодир Матлюбов 1973 йилдан Самарқанд вилояти ИИБ тизимида инспектор, бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи муовини лавозимларида ишлаган.

1990-1994 йиллар оралиғида Самарқанд шаҳар ИИБ бошлиғи, 1994-1997 йилларда Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи, 1997 йилдан эса Ўзбекистон ИИВ вазири биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.

2004-2006 йилларда Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитаси раиси бўлиб ишлаган.

2006 йилда эса Ўзбекистон Ички ишлар вазири лавозимини 1991 йилдан буён эгаллаб келган Зокир Алматов ўрнига тайинланган эди.

Зокиржон Алматов мустақил Ўзбекистон даврида ИИВга энг кўп раҳбарлик қилган ва айнан шу вазирликдан етишиб чиққан кадрдир.

Дарвоқе, соғлиги оғирлашгани сабаби билан ишдан олинган собиқ вазир Алматов шу кунларда Тошкентда кун кечираётгани айтилмоқда.

Сўнгги бор, собиқ вазирни унинг марҳум акаси жанозасида кўрганини айтган Озодлик манбаси: "Алматов соғ-саломат, Тошкентнинг Луначарский даҳасидаги уйида иззат-икромда яшаяпти. Ўзбекнинг мана-ман деган олигархлари хизматида", деб қистириб ўтди.

Ҳозир 64 ёшга кирган собиқ Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов 2006 йилда - 2005 йилнинг 13 майида Андижон шаҳрида аҳолининг тинч норозилик чиқишлари куч билан бостирилганидан бир йил ўтиб ишдан олинган эди.
XS
SM
MD
LG