Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:46

Лола Каримова опаси Гулнора Каримовани судга бермоқчи


Гулнора Каримова синглиси Лола ва куёви Тимур Тиллаевни жиноятларда айблаб келмоқда.
Гулнора Каримова синглиси Лола ва куёви Тимур Тиллаевни жиноятларда айблаб келмоқда.

Ўзбекистон президентининг кенжа қизи, Лола Каримова-Тиллаева опаси Гулнора Каримовани судга бериш билан таҳдид қилди. Лола Каримова-Тиллаева эълон қилган баёнотда айтилишича, опаси тарафидан тарқатилаётган "бўҳтонлар" уни судга тортишдан "ўзга чора қолдирмаган".


Лола Каримова-Тиллаеванинг расмий вэб саҳифасида эълон қилинган баёнотда “Гулнора Каримова мен ва эримга қарши илгари сураётган айбловлар” юзасидан изоҳ бериш тўғрисида матбуотдан сўровлар келмоқда, дейилади.

Лола Каримова-Тиллаева бу айбловлар юзасидан изоҳ беришдан тийилиб келгани, лекин мавжуд вазиятда, яъни Гулнора Каримова томонидан ўзи ва турмуш ўртоғи Тимур Тиллаевга нисбатан "ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида диффамация, бўҳтон ва пўписалар тарқатилаётганлиги, бизга ҳуқуқшуносларимиз билан маслаҳат бошлаб, Гулнора Каримовага қарши судга даъво қилиш каби қонуний чораларни қўллаш имкониятини кўриб чиқишдан ўзга чора қолдирмаяпти” дея баён қилди.

Ўзбекистонда босим остида қолган Гулнора Каримова ўзига қарши кампания синглиси Лола ва куёви Тимур Тиллаев томонидан уюштирилганини иддао қилиб келмоқда.

Twitter ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали Гулнора Каримова синглиси ва куёви Ўзбекистон махсус хизматлари билан тил бириктирган ҳолда жиноятларни амалга ошириб келаётганини ёзмоқда. Ўтган ҳафта Туркиянинг “Ҳуррият” газетасига берган интервьюсида Гулнора Каримова Тимур Тиллаев Тошкентдаги энг йирик “Абу-Сахий” бозорини назорат қилиши ва у ердан ноқонуний тарзда ойига 20 миллион АҚШ доллари миқдорида фойда топишини иддао қилди.

Лола Каримова –Тиллаева опаси Гулнорани қайси мамлакат судига беришини айтмаган.

Сўнгги кунларда Твиттерда яна фаоллашган Гулнора Каримова синглиси Лоланинг баёнотига ҳозирча муносабат билдиргани йўқ.

Гулнора Твиттердаги сўнгги чиқишларидан бирида Тимур Тиллаевнинг отасини қиморбозликда айблаб чиққанди.

Ўзбекистон президентининг 35 ёшли қизи Лола 2008 йилдан буён Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили сифатида Парижда яшаб келади.

2010 йилда у отасини "диктатор" деб ёзган Rue89 нашрига қарши Франция маҳкамасига даъво аризасини киритган. Ўшанда француз маҳкамаси Каримова -Тиллаева даъвосини асоссиз деб топган эди.

Лоланинг турмуш ўртоғи Тимур Тиллаев Ўзбекистонга хориждан келтириладиган истеъмол моллари импортини назорат қилиши айтилади.

Ўтган ой Тиллаева "Билан" журнали эълон қилган Швейцария бойлари рўйҳатида 12-ўринни эгаллаган эди.

“Билан” журнали чоп этган ҳисоботда Каримова-Тиллаеванинг бойлиги 100-200 миллион швейцария франки атрофида экани айтилади.

Бироқ Лоланинг опаси Гулноранинг Твиттер орқали иддао қилишича, мазкур рўйхатга синглисининг барча бойликлари киритилмаган.

"Швейцария рейтингига бутун ер юзидаги унинг барча виллалари, уйлари кирмаган", дея твитлаган эди @GulnaraKarimova.

Сентябр ойида Би-Би-Си Ўзбек ҳизмати саволларига жавоб берган Лола Каримова матбуотда оиласининг бойликлари ҳақида келтирилган рақамларнинг ҳақиқатдан узоқ эканини таъкидлаган эди.

Ўзбекистон президентининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева ўтган йили Лос Анжелеснинг энг ҳашаматли Бел Эйр маҳалласидан ўнлаб миллион долларга баҳоланган хашаматли қаср сотиб олгани хабар қилинган эди.

Эр-хотин тиллаевларнинг Женевада ҳам қимматбаҳо уйлари борлиги айтилади.
XS
SM
MD
LG